суббота, 15 ноября 2014 г.

ВАҚТ

Ҳаёт – ғалабалар ва мағлубиятлардан иборат кураш майдони. Шу майдондаги ғолиб ва мағлубларни сараловчи олий ҳакам – Вақт.

“Вақт – олий ҳакам”. Халқ ўртасида кенг тарқалган бу гапни билмайдиганнинг ўзи йўқ. Сув қилиб ичиб юборганмиз. Фақат унинг шаклини...

Ҳар куни тонгда ўқишга бориш-қайтишда қабристон ёнидан ўтаман. Вақтнинг қадрини мана шу қабристонга қараб туриб англаётгандурман балки. Умр ўтгани сари бу туйғунинг тубига чуқурроқ шўнғиб бораверар эканмиз. Ҳар куни икки марта автобусда сукунат ҳукмронлик қиладиган ушбу даргоҳдан ўтаётиб, қабрларга кўзим тушади: вақти соати келиб барчамизнинг борар манзилимиз – шу.

воскресенье, 9 ноября 2014 г.

ТИЛГА ЭЪТИБОР…

“Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз”. Тилга ким эътибор бериши керак? Фикримча, ўша элнинг ўзи. Йўлим тушганда телефон аппаратимга туширган суратлар орқали тилимизга бўлган эътиборимизнинг баъзи қирраларини кўрсатиб ўтгим келди:
1. Қуйидаги илма ўқув қуроллари, жумладан китоблар сотилаётган раста ёнида илинган: “SOVDA” (“SAVDO”)



2. Мана бу Олий ўқув юртларидан бирининг талабалар турар жойида илинган эслатмада 4 та имло хато мавжуд:
“Buyrug’dan”(“Buyruqdan”)
“flyugrafiya” (“flyuorografiya”)
“fayl popka” ☺ (“fayl papka”)
“kanvert” (“konvert”)


среда, 22 октября 2014 г.

ЯРАДОР ИМЛО

3 синф. Она тили фани эди. Устози доскага машқ ёзди. Ҳамма дафтарига ёза бошлади. “bo‘g‘doy” сўзига келганда Ойдин тўхтаб қолди:
- Устоз, битта сўз хато кетибди, “bug‘doy” бўлмайдими? – (аниқ шундайлигини билса ҳам, “шундай бўлмайдими” дейиш устозга қарата “шундай бўладику” дейишдан юмшоқроқ, одоблироқ экани учун).
Синфда шовқин кўтарила бошлади. устоз ёзганига ишонади-да ўқувчилар ҳам: “bo‘g‘doy” бўлади, “bo‘g‘doy” бўлади... Устоз зум ўйланди-да:
- Йўқ, “bo‘g‘doy” деб ёзилади, - деди. 
Шу билан муҳокама тугади: бир овоздан “bo‘g‘doy” сўзи тасдиқланди. Ойдин ҳам исботлай олмаган фикрида қолаверди.

воскресенье, 19 октября 2014 г.

* * *

Бундан анча йил аввал дадам қийналиб қолган бир одамга: “Қўлингдан келса, косиблик қил”, - дея маслаҳат берганларида у бу ишдан ор қилгани ёдимда. Бугун Юнусобод деҳқон бозорига кетаётиб, чорраҳалардан бирида пойафзал тикаётган ўрта ёшлардаги аёл кишини кўриб, шу воқеа эсимга тушиб кетди. (Қолаверса, умримда аёл кишини косибликда кўрмаганим сабабли, бу касб билан фақат эркаклар шуғулланади, деб ўйлар эканман шу вақтга қадар).

Инсон зоти синоат-да: очидан ўлиб қолса ҳам, ғурури туфайли мардикорлик, косиблик қилишдан, писта сотишдан ор қилади ва ё тўрт мучаси соғ, усти бут бўлса ҳам, эртадан кечгача қўлини садақага очиб туришдан тортинмайди ё йўқчиликдан турли эгри йўллар (ўғрилик, фоҳишалик, порахўрлик) га  киришга мажбур бўлади. “Мажбур бўлади”, “мажбур бўлибди” дейиш, менимча, тўғри ҳам эмасдек.

понедельник, 13 октября 2014 г.

ИБРАТ

Ёмғир томчилашни бошлади... Менинг “ёмғир”им ҳам ёғай-ёғай деб турибди қароқларимда. Ўйловлардан бўғзимга аччиқ бир нарса тиқилиб, юрагимда қайнаб ётган вулқон отилиб кетди... 

Дардга чўмиб турган инсоннинг қайғуларини она табиат олади, дейишади: осмоннинг узоқ нуқталарига ёки борлиққа термулиб турсанг, бироз енгиллик ҳис қиласан. Шу мақсад-ла деразадан қараб турганимда, тўсатдан биринчи қаватдаги қўшнимизникида ишлаётган иккита устага кўзим тушди: шу совуқ ҳавода, яна ёмғир остида  футболкачанг, оёқяланг лойга беланиб ишлаяпти. Адашмасам, томорқага тўкилган тупроқни белкурак билан яйратиб, ерни текислашяпти. У тупроқ ҳам ивиб, бир қисми лойга айланиб улгурган. Бир раҳмим келиб, бир ажабланиб кузатиб турдим. Шундай бўлса ҳам юзларида норозилик ёки ҳафалик аломатларини кўринмадим – яна ажабланаман... Биттаси ёмғир сирпанчиқ қилган лойга тойиб, йиқилиб тушди. Усти баттар лой бўлди. Ўрнидан туриб яна ишлашда давом этди…

Биласизми, бу борлиқнинг манга айтмоқчи бўлган гапи, ибратидир балки. Ҳар ҳолда, ман буни шундай қабул қилдим:

вторник, 26 августа 2014 г.

МУНОСАБАТ

Ассалому алайкум, азиз ўқувчи! Анчадан бери блогпост ёзмай қўйдим, боиси мен журналистиканинг бошқа соҳалари (телевидение, радио, босма нашрлар) да ўзимни синаб кўриш билан банд бўлдим. Яқин инсонларимнинг тўйи муносабати билан узоқ муддат она шаҳримга кетишимга ва дадамнинг тавсиялари билан амалиётни ҳам вилоят телевидениесига олишимга тўғри келди. Бундан афсусланмайман. Вақтим зое кетмади: керакли билимларни олдим. Нималардир қўлимдан кела олишига ишондим, зеро ўз-ўзига бўлган ишонч инсон учун энг керакли нарса: орзуларнинг амалга ошиш-ошмаслиги ҳам айнан шу туйғунинг кучига боғлиқ.

Бир ойдан ошиқроқ амалиётим давомида ҳаммаси қизиқ эди: сценарий ёзиш, съёмка, монтаж, кадрларнинг сўзлар билан уйғунлиги… Лекин блогпост ёзишимга булар сабаб бўлгани йўқ.

вторник, 3 июня 2014 г.

ИЛК МАРОТАБА ЎТКАЗИЛГАН «UZNET УММОНИ» КОНФЕРЕНЦИЯСИНИНГ ИЛК СОНИ ҲАҚИДА

Илк маротаба ўтказилган «Uznet уммони» конференциясининг илк сони 31 май, шанба куни Тошкент ахборот технологиялари университети кичик мажлислар залида бўлиб ўтди. Мулоқот сайтлар тармоғи ва ТАТУ томонидан MaxTrack компанияси, Technecy компанияси ҳамда Kun нашри билан ҳамкорликда ташкил этилган анжумандан матнли онлайн Кун нашрида ташкил қилинди. Конференция интернетнинг ўзбек тилида мулоқот қилувчи қисмига йўналтирилган лойиҳаларга бағишланган. Бу ҳақда Kun.uz ва Daryo.uz интернет нашрлари расмий равишда тўлиқ хабар беришди. 

Аввал Уммон давлати бор эди, кейин “Уммон” гуруҳи чиқди. Энди эса – “Uznet уммони” конференцияси??? О.о (с)
 Конференция ибтидосида ташкилотчи Фарҳод Файзуллаев ушбу лойиҳани нима учун “Uznet уммони” дея атаганига изоҳ берар экан: “Уммон сўзини эшитганда, кўз олдимизга фақат қўшиқчилар келиши керак эмас. Очиғини айтганда,  Uznet уммон бўлишига ҳали олдинда босиб ўтишимиз лозим бўлган анча йўл бор” – дея ушбу номни яхши ният ила танлаганини, Uznet уммон даражасига чиқиши лозимлигини айтиб ўтди. 
Шунингдек, конференцияни очиб бераётган Фарҳод Файзуллаев “Конференция монолог шаклида ўтиши керак эмас, ҳатто маърузани бўлиб ҳам савол беришларингиз мумкин, савол-жавоб тарзида эркин мулоқотни ташкил этайлик”, – деб турган ҳам эдики, залдаги тингловчилардан бири Аъзам Маҳмудов ўзларига “ташлаб қолди”: