“Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз”. Тилга ким эътибор бериши керак? Фикримча, ўша элнинг ўзи. Йўлим тушганда телефон аппаратимга туширган суратлар орқали тилимизга бўлган эътиборимизнинг баъзи қирраларини кўрсатиб ўтгим келди:
1. Қуйидаги илма ўқув қуроллари, жумладан китоблар сотилаётган раста ёнида илинган: “SOVDA” (“SAVDO”)
2. Мана бу Олий ўқув юртларидан бирининг талабалар турар жойида илинган эслатмада 4 та имло хато мавжуд:
“Buyrug’dan”(“Buyruqdan”)
“flyugrafiya” (“flyuorografiya”)
“fayl popka” ☺ (“fayl papka”)
“kanvert” (“konvert”)
3. Қандай этиб ўзбек тилида ёзилган реклама баннерларимизда ҳам баъзан имло хатолар учраб туради. Шундай ҳайбатли баннердаги хато кўзга чиққан чипқондек чиройни бўғиб тураркан:
“an’analariga hos” (“an’analariga xos”)
4. Энг даҳшатлиси: ЎҚИШГА ТАКЛИФ ҚИЛАЁТГАН ЎҚУВ МАРКАЗЛАРИМИЗ ЭЪЛОНУ РЕКЛАМАЛАРИДА имло хатолар учрашини қандай оқлаш мумкин?!
“INGILIZ TILI” (“INGLIZ TILI”)
5. Йўловчи ташиш транспортларидан бирида олинган қуйидаги ўқув маркази эълонидаги 8 та хатони кўриб, бечора имло, дегинг келади. Русча имлода ёзибди, деб оқлай десанг, “қ”, “ў” ҳарфлари бор... Хуллас, икки (русча ва кирилл) имлони каша-маша қилиб ишлатиш жамиятимизда оддий ҳолга айланган:
“холатта” (“ҳолатда”)
“мутахасислар” (“мутахассислар”)
“хохловчиларга” (“хоҳловчиларга”)
“ХАМШИРАСИ” (“ҲАМШИРАСИ”)
“ОЛИЙГОХЛАРГА” (“ОЛИЙГОҲЛАРГА”)
“хафтада” (“ҳафтада”)
“Чор-су” (“Чорсу”)
“гум” (“ГУМ”)
6. Юнусобод деҳқон бозорига кираверишда илинган баннер. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги мурожаатнома. Ўзи биттагина имло хато. Яна “х” билан “ҳ” ҳарфларида. Бир тарафдан гапиришга арзимайдигандек. Бу суратни чиқармоқчи ҳам эмасдим дастлаб. Лекин бошқа тарафи борки, бу овлоқ, кимсасиз жойда эмас, балки одам гавжум жой – бозорда илинган. Сон минглаб кўзлар бор жойларда учрайдиган битта хато ҳам кўп, деб ўйлайман:
“xokim” – “hokim”
Балки реклама-эълон баннерларини ёзувчилар учун имло қоидалари бўйича алоҳида курслар ташкил этиб, уларда ўқишни мажбурий қилиш керакмикан... аммо фақатгина маълум соҳа вакиллари эмас, аслида, ҳар биримиз тилимизнинг имло қоидаларини яхши билишимиз – бурчимиз. Тил, имло – ўзлигимизнинг ажралмас қисми, бизнинг бир бўлагимиз. Имлога беэътибор қараш билан фақатгина ўз илдизимизга болта уряпмиз, холос.
Комментариев нет:
Отправить комментарий