Ёмғир томчилашни бошлади... Менинг “ёмғир”им ҳам ёғай-ёғай деб турибди қароқларимда. Ўйловлардан бўғзимга аччиқ бир нарса тиқилиб, юрагимда қайнаб ётган вулқон отилиб кетди...
Дардга чўмиб турган инсоннинг қайғуларини она табиат олади, дейишади: осмоннинг узоқ нуқталарига ёки борлиққа термулиб турсанг, бироз енгиллик ҳис қиласан. Шу мақсад-ла деразадан қараб турганимда, тўсатдан биринчи қаватдаги қўшнимизникида ишлаётган иккита устага кўзим тушди: шу совуқ ҳавода, яна ёмғир остида футболкачанг, оёқяланг лойга беланиб ишлаяпти. Адашмасам, томорқага тўкилган тупроқни белкурак билан яйратиб, ерни текислашяпти. У тупроқ ҳам ивиб, бир қисми лойга айланиб улгурган. Бир раҳмим келиб, бир ажабланиб кузатиб турдим. Шундай бўлса ҳам юзларида норозилик ёки ҳафалик аломатларини кўринмадим – яна ажабланаман... Биттаси ёмғир сирпанчиқ қилган лойга тойиб, йиқилиб тушди. Усти баттар лой бўлди. Ўрнидан туриб яна ишлашда давом этди…
Биласизми, бу борлиқнинг манга айтмоқчи бўлган гапи, ибратидир балки. Ҳар ҳолда, ман буни шундай қабул қилдим:
Кимлар учундир бўлган улкан қийинчиликлар яна кимлар учундир арзимас нарса. Кимлардир иссиқ уйгинада ишлаб ўтириб, деразадан ёмғирни томоша қилиб йиғлайди, кимлардир ташқарида ёмғирда лойга беланиб, йиқилиб-туриб, шукр қилиб ишлайди. Чунки, “ҳақиқий изтиробни тотган одам салгина эсган эпкинга ҳам тебранавермайди”.
Нолишлар бахтни ҳис этишга тўсқинлик қилади. Шукрона ила яшай олган инсон – бахтли инсон. Бизнинг бугунимиз ва келажагимиз ўзимизга ва атрофга бўлган МУНОСАБАТИМИЗ асосига барпо этилган ва этилади. Биз инсонларга оқибатимизни танлаш имкони берилган. Акс ҳолда, онг, ақл берилмаган бўларди балки.
Шунга ўхшаш воқеалар ҳаётимизда, теварак-атрофимизда жуда кўплаб – сон мингта учрайди ва яна айнан биз ҳаёт машаққатлари билан рўбарў бўлган дамларда учрайди. Лекин биз ҳар доим ҳам диққатли бўлавермаймиз, борлиқнинг ибратини, айтмоқчи бўлган гапини баъзан англаймиз, баъзида эса йўқ. Кўплаб маротаба шунга амин бўлдимки, барча ечимларни, ҳатто маслаҳатлару тавсияларни табиатдан олиш мумкин. У шунчалик бойки, унда нафақат моддий бойликлар, балки маънавий бойликлар ҳам бисёр ва бу тортиқ неъматини қабул қилишга тайёр барча инсонларга етади.
menga juda ham yoqdi
ОтветитьУдалить