вторник, 15 апреля 2014 г.

ЎЗБЛОГГЕРЛАР ЧЕМПИОНАТИ ТАҚДИМОТИ ТАФСИЛОТЛАРИ ВА ФОТОШАРҲЛАР

Хабарингиз бор, 12 апрель куни Тошкент шаҳрида жойлашган “UZINFOCOM” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш марказида ЎзБлоггерлар ўртасида илк маротаба ўтказилган чемпионат ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жамшид Машраповнинг пости, "ДОИМ ОНЛАЙН" сайтидаги "Блоггерлар чемпионати тақдирлов маросими хақида. Ўзимча талқин….." блогпости ва matrix-uz.com сайтидаги "Uzbloggerlar чемпионати ғолиблари тақдирландилар" номли мақоласида  батафсил хабар берилди.

Бир ярим соатдан ортиқ давом этган тақдирлаш маросимида 30 га яқин киши: блоггерлардан Муҳрим Аъзамхўжаев, Диёр Имомхўжаев, Аброр Қодиров, Санжар Рустамов, Жамшид Холиқулов, Муҳаммад Мадраҳимов, Динара Дўлтаева, Соҳиба Ҳайитбоева ва камина Гулрухсор Худайбердиева; ташкилотчи Хушнудбек Худайбердиев; ҳакамлар раиси Тўлқин Юсупов; ҳомийлардан – Muloqot ижтимоий тармоғи ва Daryo интернет-нашрининг раҳбари Фарҳод Файзуллаев, Азизхон Алижонов; “UZINFOCOM” маркази ходимларидан Толиб Мирзақулов, Евгений Скляревский, Диля Ҳасанова, Зумрад Шажалилова; кузатувчилардан  Тўйчи Рўзибоев, Жамшид Машрапов, Бекзод Хўжаназаров ва бошқалар иштирок этишди. 

Иккинчи ўрин совриндори Иноятхон Содиқова хорижда бўлганликлари сабабли, ўринларига волидаи муҳтарамалари ҳамда холалари иштирок этиб, дуолари, ўз фикр-мулоҳазалари ила даврага файз киритиб турдилар.

Тақдирлаш маросимини олиб брган чемпионат ташкилотчиси Хушнудбек Худайбердиевнинг ҳазил-мутойибалари маросимга кўтаринки руҳ, йиғилганларга енгил табассум ҳадя этди.

Сўзга чиққан “UZINFOCOM” маркази ходимлари - Диля Ҳасанова, Толиб Мирзақулов, Евгений Скляревский; блоггер-журналистлар - Динара Дўлтаева, Соҳиба Ҳайитбоева ва Диёр Имомхўжаев, журналист Тўйчи Рўзибоев, ҳомий Азизхон Алихонов, кузатувчи Жамшид Машраповлар чемпионатда эришилган ютуқлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар борасидаги ўз фикр-мулоҳазаларини йиғилганлар билан баҳам кўришди. Бу ҳақда Жамшид Машрапов батафсил маълумот беради

Жумладан, маросимда иштирок этган ҳакамлар раиси Тўлқин Юсупов ўз нутқида “Facebook”да чемпионатни ташкил этиш ғояси ўртага ташланганида биринчи бўлиб ҳакам бўлиш истагини билдирганлиги, ЎзНетдаги фаолияти давомида “.uz” домени фестивалларида ҳакам бўлиб қатнашгани, ҳар йили 700-800 га яқин сайтларни баҳолаб келаётгани,  шунингдек, ўзбек сайтларини ривожланиши тарафдори экани, бу лойиҳа ўзбек блоггерларини кўпайтириш ва уларнинг ишини ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини ва қўлидан келганча ҳамма ёрдамларни беришини айтди. Бундан ташқари, блогпостларни баҳолаш тизимида қай жиҳатларни ҳисобга олганлиги ҳақида ҳам гапириб ўтди.

Маросимда, шунингдек, йиғилганларни чемпионатнинг келгусидаги режалари билан таништирилди. Чемпионат ташкилотчиси Хушнудбек Худайбердиевнинг сўзларига кўра, “Яқин келажакда Ўзблоггерлар сайтини ишга туширишни режа қилмоқдамиз. Ҳар бир блоггер сайтда оддий саволлар асосида рўйхатдан ўтади ва бу сайт автоматик тарзда ўз-ўзини янгилаб борадики, уни биров бошқаришига муҳтож бўлмайди. Сайт Твиттер ижтимоий тармоғи кўринишида блогпостлар кетма-кет жойлашади. Баҳолаш тизими эса КиноПоиск сайтидаги каби бўлади. Сайтда баҳолаш тизими 3 бўлимдан (ҳакамлар баҳоси, блоггерларнинг бир-бирига қўйган баҳоси, мухлислар баҳоси) иборат бўлади ва сайт автоматик равишда балларни, блоггерлар рейтингини эълон қилиб боради”.

P.S. Ростдан бу фикр амалда ўз исботини топса, ўйлайманки, блоггерлар ва мухлислар ўртасида ҳеч қандай тушунмовчиликлар юзага келмайди, ортиқча саволларга ўрин қолмайди.

Маросим сўнггида 3-ўринни эгаллаган Шермуҳаммад Абдуғофуров (афсуски, маросимда иштирок эта олмадилар) 150 минг сўм ва 16 GB ҳажмли флешка билан, 2-ўриннни олган Иноятхон Содиқова 200 минг сўм, “Sony Reader e-Ink technology” электрон китобларни ўқиш қурилмаси (BookReader) ва 8 GB ҳажмли флешка билан, 1-ўринни эгаллаган Муҳрим Аъзамхўжаев 1 миллион сўм пул мукофоти, бир йилга бепул домен ҳамда 500 mb хостинг билан тақдирландилар. Ҳамда ҳомийлар тарафидан ҳар бир ғолибга "Славянка" савдо белгиси туширилган футболка ва бошқа қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Р.P.S. Тақдирлаш маросими одатий тадбирлардан фарқли ўлароқ сунъийликдан холи, ўта самимий тарзда бўлиб ўтди.

Энг ҳаяжонлиси, йиллар давомида ижоди, фикрлари билан ғойибона танишиб келаётган инсонларинг билан юзма-юз кўришиб туриш эди.

Маросимда баъзи блоггерларнинг имловий хатоларга йўл қўяётгани танқид остига олинди. Бу борада мен ҳам ўз фикрларимни билдирмоқчи эдим:

Блоггерлик фуқаролик журналистикаси ҳисобланиб, бу бизда ҳали “гўдак” соҳа. Мен блоггерларнинг хатоликларга йўл қўйишини оқламайман асло. Лекин бу аста-секин блоггернинг ўзи томонидан тузатилиб боришига ишончим комил. Масалан, ўзим ҳам ёзишни мақоладан эмас, айнан блогпостлардан бошлагандим. Блогимдаги дастлабки блогпостларимдан кулгим келади ҳозир. Уларни блогпост деб бўлса агар. Хатолари кўп: ўта қисқа, кенг қамровли эмас, масалага бир томонлама ёндашилган. Бу камчиликларимни блогпост ёзганим сари англаб етиш борасида, ўз устимда ишлай бошладим: ҳажман кенгайтиришни, масалага холисона ёндашишни, турли ракурслардан қарашни ўргана бошладим. Ҳозирда ҳам камчиликларим устида ишлашга ҳаракат қиламан. Айтмоқчиманки, блог – ўз-ўзимни тарбиялашни ўргатади, камчиликларимга ойна тутади. Бу жараённи барча блоггерлар босиб ўтади ва хатолар аста-секин “даво” топиб боради.

Блоггерлар чемпионатининг тақдирлаш маросимидан фотошарҳлар:


Хушнудбек Худайбердиев: "Ўзблоггерлар чемпионати ғолибларини тақдирлаш маросимини очиқ деб эълон қиламиз".

“Қўлбола саватчалар - бу ўзимизнинг чойхонадаги косалар. Бунга ҳам бир ижодий, ноанъанавий тарзда ёндашдикда”.

“Қуръа ташлаш жараёнларимиздан парча”, - ташкилотчимиз ролга киришиб, берилиб таърифламоқда.


“Муҳримдан бугун бемалол қарз сўрашингиз ёки қарзингиз бўлса, олишингиз мумкин”.


“Биз ҳар бир босқич учун ёзилган блогпостларни муҳокама қилиш учун чойхонага йиғилар эдик”, - Азизхон Алижонов нутқ сўзламоқда.


“Бу жуда ажойиб ташаббус. Аммо ташкил этилган сайтда ўзбек блоггерлари рўйхатини кузата туриб мазкур рўйхатда “проститутка” лар юритадиган блоглар борлигидан очиғи ҳайратга тушдим” – демоқда “UZINFOCOM” маркази ходими Диля Ҳасанова.


“Бундан кейинги мавсумларда “UZINFOCOM” маркази ҳомийлик борасида ҳамкорликни таклиф қилади”, - ZiyoNet ахборот таълим тармоғи раҳбари Толиб Мирзақулов.


“.com домен зонасидаги блогларни .uz миллий доменига кўчириш керак. Қачонгача хориж доменларида туради ўзбекча блоглар?” – дейди Ўзбекистондаги машҳур рус блоггери Евгений Скляревский.

Суратдан чапда Евгений Скляревский. Суратдан ўнгда ҳам Евгений Скляревский, фақат ўзбекча нусхаси.

Муҳрим Аъзамхўжаев Тўйчи Рўзибоевнинг сочидаги оқларини санамоқда (facebookдаги ҳазилдан).
“Блоггерларимиз дунё миқёсига чиқишлари учун хорижий тилларни ҳам билишлари лозим”, - дейди Ўзбекистондаги Германия элчихонасининг матбуот котиби Тўйчи Рўзибоев.

Динара Дўлтаева: "Лойиҳанинг яна бир ижобий тарафи ўзбек тилида ижод қила оладиган блоггерлар ресурс баъзасини бир жойга жамлаб берди".

Иноятхон Содиқованинг оналари Хадичахон ая: "Чемпионат мобайнида барча блогпостларни кузатиб бордим. Фикрларимни ёзма равишда билдира олмасамда, қалбан сизлар билан бирга бўлдим".

Онахоннинг блоггерларига билдираётган илиқ тилаклари

Соҳиба Ҳайитбоева ва Динара Дўлтаеваларнинг табассумлари. Шум боланинг шум қарашлари.

Диққатлар жам. Хушнудбек Худайбердиев адашиб жиддий гап қилган вазият.

Муҳрим Аъзамхўжаев тинмай "тролл" қилинди.


Тақдимот маросимининг энг жажжи меҳмони.


Дипломлар ранги рамзий маънони англатади: олтин, кумуш, бронза.


Хадича ая: "Билими бор одам кўп гапиради". 
Хушнудбек Худайбердиев: "Кўп гапириш билимдонликни англатса, унда янада кўпроқ гапирамиз".

Тўлқин Юсупов: "5000 таликни 500 таликка алмаштириб берсаммикин…"


Муҳрим Аъзамхўжаевнинг оғзи қулоғида. Буни тушунса бўлади, аммо нега Тўлқин Юсуповнинг ҳам оғзи қулоғида? о_О 

Муҳрим Аъзамхўжаевга тегиши керак бўлган кўзлар дипломга тегиб, чил-чил синди.
"Келган бало шунга урсин".

3 комментария:

  1. Borishga xarakat qilgandim, lekin taqdirlash afsuski yakshanba kuni bo`lmadi-da!!

    ОтветитьУдалить
  2. Atay Yakshanbaga qo'yilmagan, hamma bloggerlar kelib olmasligi uchun. :)

    ОтветитьУдалить
  3. Taqdimot marosimi nega aynan shanba kuniga mo‘ljallandi? Sababi, taqdimotga yarasha baddiy qismi ham bo‘lishligi uchun, o‘sha kuni Samsung kompaniyasi o‘zining yangi flagmani Galaxy S5 taqdimoti hamda konsert berilishi munosabati bilan, aynan o‘sha kunga rejalashtirilgan edi.

    ОтветитьУдалить