“Ҳечдан кўра кеч” деганларидек, Samsung Galaxy S5 тақдимоти ҳақида ўз фикрларимни ёзишга қарор қилдим. Ўзига хос сабабларим кеч ёзишимга баҳона бўлиб қолди.
Ўзблоггерлар ғолибларини тақдирлаш маросимини якунлагач, оралиқдаги танаффусдан сўнг Туркистон санъат саройининг ёзги биноси олдида тўплана бошладик. Ҳавонинг авзойига қарамай, бир зумда тумонат одам йиғилди. Буни одамларнинг компанияга бўлган муносабати, дея тушундим.
Очиқ осмон остида ўтаётгани ҳамда беқарор об-ҳавони ҳисобга олган компания ходимлари кириш эшиги олдида ҳар бир ташриф буюрувчини махсус курткалар билан таъминлади. Қолаверса, ҳар бир ўриндиқ устидан ҳам ташриф буюрувчилар учун гиламча ва яна шундай ёмғирга мўлжалланган целлофан курткалар жой олди. Бу ёғиши аён бўлган ёмғир остида қандай қилиб тақдимотнинг бадиий, интерфаол қисмини кузатишни ўйлаётганлар учун (шахсан мен учун ҳам) айни муддао эди.
Бундан ташқари, ташриф буюрувчиларга компания белгиси туширилган махсус кепка ва футболкалар совға қилинди.
Компания раҳбарларининг нутқидан сўнг интерфаол ўйинлар бошланиб кетди:
“Энг яхши рақс” – ҳам якка, ҳам гуруҳ бўйича энг яхши рақслар ҳамда энг яхши гуруҳ аниқланди.
“Энг яхши тўртлик” - “Менинг ҳаётим қуввати” ёки “Энергия моей жизни” сўзлари иштирокида энг яхши шеър муаллифи аниқланди.
Лоторея – ушбу ўйинда иштирок этиш шарти: иштирокчилар ўз билетларини “Samsung Galaxy S5”нинг тўртта асосий имконияти намойиш этилаётган майдончалар (Camera, S-Health, IP67 Protection, Security) дан муҳр урдиришлари шарт эди. Рўйхатдан ўтган барча билетлар лотореяда ўйналиб, ғолиб аниқланди ҳамда “Samsung Galaxy S5” қурилмаси билан тақдирланди. Совринни ғолибга тақдимотнинг энг азиз меҳмони Вера Брежнева топширди.
Барча ғолиблар совғалар билан тақдирландилар: (Леонел Мессининг имзоси чекилган) футбол тўпи, фотоаппарат, “Samsung Galaxy S4” ҳамда “Samsung Galaxy S5”.
Бадиий қисмни Алишер Узоқов ҳамда Арсен олиб борди. Тақдимот давомида видеороликлар намойиш этилди, Муниса Ризаева, Лола, Dj Piligrim, Вера Брежнова ижросидаги куй-қўшиқлар, раққослар ижросидаги рақслар, ҳазил-мутойибалар даврага кўрк бағишлади, вақти-вақти билан ёғаётган оғир ёмғир “айби”ни бироз бўлса-да ёпгандек бўлди. Бундан ташқари, Comedy.uz, доирачилар, скрипкачилар тақдимотда ўз чиқишлари билан иштирок этишди.
Кечки вақт билан 5 ларда бошланган тақдимот маросими бадиий чиқишлар ва концерт остида тахминан 9 га қадар давом этди.
P.S. Мени энг ҳайрон қолдиргани, бу – жала қуйиб берса ҳам, дўл ёғиб берса ҳам, халқ кетмади. Ҳимоя курткаларини кийиб олган бўлишига қарамай, деярли ҳамма жиққа ҳўл, осмон ўз ҳукмини ўтказган вазият. Лекин майдон ва ўриндиқлар одамлар билан лиқ тўла. Ҳатто майдон ташида ҳам анча одам киришга пайт пойларди.
Одамларнинг табиат инжиқлигига нисбатан бу “қайсарлиги” гўё табиат билан ўчакишгандек бадиий таассурот уйғотарди кишида.
Аммо компания ҳаддан ташқари кўп билет тарқатиб юборгани бироз муаммога сабаб бўлди: 3200 кишига мўлжалланган майдон лиқ тўла эди ва ташқарида тумонат одам қўлида билети билан тақдимотга кира олмай турганига гувоҳ бўлдим. Майдон тўлиб бўлганлиги сабабли милиция ходимлари одамларни билети бор бўлишига қарамай тартибни сақлаш мақсадида ушлаб туришга мажбур бўлди. Оғир жала ҳамда қоронғу тушиши сабаб тақдимотни тарк этган одамлар ҳисобига билети билан киролмай ушлаб турилган одамлар қўйиб юборилди.
Компания 3200 ўринли майдонни билиб-билмай ҳисобга олмаган ҳолда тахминан 5500-6000 та билет тарқатган. Мен айнан бу рақамларни айтишимга сабаб, ёнимда ўтирган бир кишининг билет рақами 5433 эди.
Нима бўлганда ҳам Samsung компанияси об-ҳаво тўсиқларига қарамай, тақдимотни муваффақиятли якунлади, ўз аудиториясини сўнгги дақиқаларга қадар ушлаб тура олди. Мен бундан хурсандман.
“Samsung Galaxy S5” нинг техник хусусиятлари:
Орадан бир йил ҳам ўтишга улгурмай, Samsung компанияси навбатдаги мобил қурилмасини – “Galaxy S”ни тақдим этди. Тақдимотда Galaxy S5 мобил аппарати, қадам-ҳисоблагич, пульс датчиги ва секундомер ўрнатилган Gear Fit ҳамда Tizen операцион тизими остида ишлайди ва қуввати 2-3 кунга етадиган Gear 2 «ақлли соатлари», янги ўлчамдаги планшетлар ва бошқа янги ҳамёнбоп телефонлари оммага намойиш этилди.
Кўргазмалар бўлими тўрт қисмдан иборат бўлиб, ҳар бир бўлимда “Galaxy S5” нинг асосий имкониятлари нафақат намойиш этилди, балки тажрибада синаб ҳам кўрилди:
Тақдим этилган қурилмадаги энг эътиборга молик янгиликлар - бармоқ изи сканери, пульс датчиги ва камера дейиш мумкин. Galaxy S5 ўз “аждодлари”дан фарқли равишда чанг ва сувга “бардошли” қилиб ишланган. Қурилманинг бу хусусияти тақдимотга ташриф буюрганлар томонидан синовдан ўтказилди.
Galaxy S5 бармоқ изи сканери орқали ўз хотирасида фақат учта бармоқ изини сақлай олади ва бу функция смартфонни блокдан чиқариш, интернет-дўконларда харидларни амалга ошириш, смартфоннинг бегона кўзлардан сақлаш лозим бўлган файл ва дастурларини ушлаб турувчи шахсий ҳудуди (private Mode) га кириш имконини беради.
Орқа панелда, камера объективи остида жойлашган пульс датчиги функцияси эса бармоқ учидан кўрсаткичларни қабул қилади ва «пульсни ҳисоблаш» жараёнига ўн секунд ҳам кетмайди. Қурилмадаги 4K ўлчамида видеога олиш имконини берувчи камера 16 мегапикселга эга..
Смартфон 2,5 Ггцга тенг бўлган тўрт ядроли процессор билан қуролланган, 1920х1080 пикселли экрани 5,1 дюйм ўлчамли бўлиб, унинг операцион тизими Android 4.4.2 базасида ишлайди. Оғирлиги 145 грамм, қалинлиги 8.1 миллиметр, бўйи 14,2 сантиметр, эни 7,25 сантиметр бўлган ушбу қурилма ҳозирда юртимиз савдо дўконларида сотувга чиқарилган.
Гулрухсор ХУДАЙБЕРДИЕВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий