понедельник, 14 апреля 2014 г.

ЎЗГАЧА ҚИЁФАДАГИ БОТАНИКА БОҒИ


Боғ яратиш анъанаси бизга қадимдан – Амир Темур бобомиз давриданоқ мерос бўлиб келмоқда. Ўша даврлардан бетакрор боғлар яратилган ва уларга ўзига хос номлар қўйилган: боғи Баланд, боғи Беҳишт, боғи Давлатобод, боғи Дилкушо, боғи Жаҳоннома, боғи Майдон, боғи Нав, боғи Чинор, боғи Шамол. Амир Темур бобомиз Самарқанд атрофида булардан ташқари яна бир нечта боғлар барпо этган: боғи Зоғон, боғи Нақши жаҳон, боғи Амирзода Шоҳрух, боғи Дилафрўз, боғи Шерои, Гулбоғ ва бошқалар бир-биридан қолишмаган. 




Боғлар ичра ботаника боғлари ўз мавқеи жиҳатидан илмий тадқиқот муассасалари ҳисобланиб, бундай боғлар дунё ўсимликларини маълум бир муҳитда иқлимлаштирилишини ўрганади ҳамда ўсимликлар дунёси генофондини сақлаш, ботаника соҳасидаги билимларни шу соҳага тегишли талабаларга амалий машғулотларни ўташ ва маданий-маърифий жиҳатдан аҳолига хизмат қилиш вазифасини бажаради. 

Дунё бўйлаб 150 та мамлакатда 1800 дан ортиқ ботаника боғлари мавжуд бўлиб, шулардан 550 таси Европада (жумладан, 150 таси Россия Федерацияси ҳудудида), 200 таси Шимолий Америка ҳудудида ва қолган асосий қисми Шарқий Осиёда жойлашган. Илк ботаника боғлари милоддан аввалги иккинчи минг йилларга бориб тақалади. Қадимги Миср, Месопотамия, Мексика ва Хитойда илк ботаника боғлари қурилгани ҳақида маълумотлар топилган. Ҳозирги кўринишдаги ботаника боғи XIV асрнинг бошларида Италиянинг Салерно шаҳридаги тиббиёт мактабида Маттео Сильватико томонидан ташкил қилинган. Дунёда энг катта ботаника боғи Лондоннинг жануби-шарқида жойлашган, 1759 йилда ташкил этилган Кью Қироллик ботаника боғи ҳисобланади. Бундан ташқари, дунёга машҳур ботаника боғларидан АҚШдаги Бруклин Ботаника боғи, Жанубий Африкадаги Кирстенбош Миллий ботаника боғи, Германиядаги Ботаника боғи ва Ботаника музейи, Сингапур Ботаника боғларини санаб ўтиш жоиз.



Азим пойтахтимизнинг жануби-шарқий қисмида жойлашган, ташкил этилганига қарийб 71 йил тўлган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти Ботаника боғи ҳам ўз бағрига 4500 дан зиёд ўзга ҳудудларга мансуб ўсимлик турлари, шакллари ва навларини сақлаб  ўстираётгани диққатга сазовор деб биламан. Ботаника боғларига қизиқиб қолишимга ҳам айнан шу боғга қилган илк ташрифим сабаб бўлди. Ишдан, ўқишдан, тирбанд шаҳар шовқинларидан толиққанда кўнгилларга дармон бўлади, десам муболаға бўлмайди. Боғга кираверишдаёқ улкан дарахтлар сизни қарши олиб, то саёҳат якунига қадар ҳамроҳлик қилади. Ботаника боғида кўкаламзорлаштириш учун манзарали кўчатлар етиштириш ҳудудлари, тропик ва субтропик ўсимликлар ўсадиган оранжерея, иссиқхоналар ҳамда ҳудуд атрофида дарахтзорлар жойлашган. Боғ Ўрта Осиё флораси, Европа Қрим Кавказ флораси, Шимолий Америка флораси, Шарқий Осиё  флораси ва Узоқ Шарқ флораси каби бўлимларга бўлинган ва ҳар бир бўлимда мансуб ўсимлик экспозициялари жойлаштирилган. Боғнинг марказий қисмида катта айлана шаклида қуруқ ҳовуз жойлашган ва боғдаги ноёб тўпламни ташкил этувчи 1000 дан ортиқ турдаги гулли-манзарали ўсимликлар, 2000 дан ортиқ  дарахт ва буталар, 300 турдаги доривор ўсимликлар ер шарининг турли минтақаларидан келтирилган. Иссиқхона ва оранжереяларда ҳам 1000 дан ортиқ ноёб тропик ва субтропик ўсимлик турлари, шакллари ва навлари ўстирилмоқда. 

Ҳозирги кунда боғда биологик, систематик, карантин, илмий ишлаб чиқариш тажриба майдонлари, Ўрта Осиёнинг камёб ва эндемик турлар майдонлари ва шунингдек, 3 та илмий - дарахт ва ўт ўсимликлар интродукцияси, молекуляр биология ва биотехнология, ҳамда доривор ўсимликлар интродукцияси - лабораториялар фаолият олиб бормоқда. 



Сўнгги йиллар мобайнида Ботаника боғига бўлган эътибор янада кучайиб, давлатимиз томонидан бир қатор ишларнинг амалга оширилиши боғ кўркига кўрк қўшди: ҳозирги вақтда кўкаламзорлаштиришда кенг фойдаланиладиган игна баргли ўсимликлар ташкил этилди, ўсимликларни тез илдиз олдириб кўпайтириш учун сув парлатиш ускунаси ўрнатилди, «Молекуляр биология ва биотехнология» лабораторияси иш бошлади, лола дарахти ва Қрим қарағайи кўчатларини экиш ва парвариш қилишга, минтақаларнинг тупроқ ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда уларни экишни районлаштириш бўйича  тавсиянома ишлаб чиқилди  ва ўрмон хўжаликларига тарқатилди.  Бундан асосий мақсад, Ўзбекистон шароитида кўча ва хиёбонларни кўкаламзорлаштиришда қўлланиладиган манзарали ўсимликларни кўпайтириш, уларни илдиз олдиришни ўрганиш борасида илмий изланишлар олиб бориш ва келажакда ўсимлик навларини яратишдир. Буларнинг барчаси импорт ўрнини босувчи ўсимликларни етиштириш имконини беради.

Ботаника боғи ҳудудини ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган масканга айлантириш мақсадида қайта таъмирлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 ноябрдаги ПП-1855 сонли қарорига асосан инвестиция дастурига киритилган эди. Дастур асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 28 апрелдаги 97-сонли мажлис баённомасининг 1-банди ижросини таъминлаш мақсадида махсус делегацияси Пекин шаҳридаги Ботаника боғининг ландшафт дизайнини ўрганиш учун сафарда бўлди ва сафар натижалари 2 жилдлик фотоальбом қилинди. 



Янги лойиҳага кўра, Ботаника боғининг ҳозирги замон талабларига жавоб бера оладиган инфраструктураси шаклланиши кўзда тутилган: боғнинг кириш қисми ва боғнинг йўл устида жойлашган объектлари, мавжуд оранжерея ва иссиқхоналар, коммунал-хўжалик ва суғориш тизимлари бўлмиш сув чиқариш каналлари, ариқлар ва кўллар, боғдаги мавжуд экспозициялар қайта таъмирланади. Ботаника боғининг ташриф маркази, Ўзбекистоннинг табиий-маданий меросини ва бойлигини акс эттирувчи кўргазма экспозицияси, флора ва фауна тадқиқотларини ривожлантириш учун гербарий ва зоологик коллекцияларни ҳамда молекуляр биология ва биотехнология лабораториясини ўзида мужассам қилган замонавий илмий мажмуа, илмий-маърифий ва маданий тадбирларни ўтказиш учун “яшил театр” ва боғнинг четки қисмида техника ва механизмларни сақлаш учун “хўжалик ҳовлиси” қурилиши мўлжалланмоқда. Шунингдек, боғ ҳудудидаги экспозицияларда географик келиб чиқишига асосланган ҳолда айвончалар қурилиши ва ландшафт дизайн ишлари, ҳамда 7 км ли маршрут саёҳат йўлларини қайта таъмирлаш амалга оширилади.  Ботаника боғини ривожлантириш ишлари 5 та йўналиш бўйича - инфраструктура ва моддий-техник базани ривожлантириш, илмий-тадқиқот ва селекция фаолиятини ривожлантириш, ўсимлик дунёси генофондини сақлаш ва уни бойитиш, экологик-маданий-маърифий ва таълим фаолиятини ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологияларни қўллашни жорий этиш ва уни кенг тарғиб қилиш - амалга оширилади.



“Ботаника боғини замонавий талаб даражасидаги масканга айлантириш бўйича 2014 йил 12 январдаги 14 бандли протоколга асосан 64 гектар майдон 13 та вазирлик, идораларга бўлиб берилган. 64 гектардан иборат (бинолар билан бирга 68 гектар) боғ майдонида ободонлаштириш ҳамда қайта таъмирлаш ишлари кетмоқда. 2 ой муддат ичида Ботаника боғида ўз экспозицияларига мос, турли хил халқларнинг анъаналарини мужассамлаштирган 200 та ўриндиқ ўрнатилиши режалаштирилган. Масалан, Хитой экспозицияси олдидан Хитой услубидаги ўриндиқлар, Европа экспозицияси олдидан Европа услубидаги ўриндиқлар, бундан ташқари, дарахт шаклидаги ва турли ноанъанавий шакллардаги ўриндиқлар жой олади. Жорий йилнинг 28 февралида ўтказилган тадбирга асосан “Энг яхши ер майдони” “Энг яхши ҳудуд” номинациялари остида танлов эълон қилинганди. Айни пайтда боғда тозалаш ишлари якунланмоқда. 



Қайта таъмирлашга келсак, ўсимликлардан фойдаланган ҳолда “яшил театр” яратилади. Йўллар ҳам ҳар хил дизайн, шаклларда тошдан барпо этилади. Кечкурунлари эса турфа чироқлар билан ёритилади. Архитектура институти фавворадан сувнинг ҳар хил шакллар билан отилиши бўйича ўз лойиҳасини ишлаб чиққан. Қайта таъмирлаш муддати 2014 йилдан 2018 йилгача этиб белгиланган. Аммо таъмирлаш якунига етмаган тақдирда ҳам, жорий йилнинг 1 май санасидан Ботаника боғи қайта ишга тушади. 1 майга қадар боғ фаолиятини тўхтатишимизга асосий сабаб, боғда ободонлаштириш ишлари кетмоқда: шох-шаббалар кесилмоқда, махсус транс машиналари боғ бўйлаб ҳаракатда, шох тушиб кетиш ва ҳар хил фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида боғ фаолияти вақтинча тўхтатиб турилибди,” – дейди биология фанлари номзоди, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Холматов Бахтиёр Рустамович.

Дам олиш ва саёҳат қилиш масканларидан бири бўлган  Ботаника боғидаги қизғин таъмирлаш ишларининг гувоҳи бўлиб, келажакда янада кўркам, жозибали ва баҳри дилни очадиган янги қиёфа касб этишини эшитиб қувондим. 

Комментариев нет:

Отправить комментарий