пятница, 21 марта 2014 г.

УМИД СОҲИЛИ





Дунёда ота-онанинг фарзандга, фарзанднинг ота-онага бўлган муҳаббати муҳаббатларнинг сарбонидир. Вақт ғилдираклари тиним билмай айланади, ёшлик, навқиронлик баҳор сингари келиб кетади, бахт куртак ёзиб, мева беради... Ҳамма нарсаси етарли, ташқи тарафдан қараганда бахтлидек эди гўё. Аслида ҳам шундай бўлган. Аммо... Аммо юрагининг бир четида кемтик бор, кимдирнинг меҳри етишмас, соғинч ғалаён қиларди.  Ҳаётининг хазонли кунлари, изғиринли аёзларида ҳам, бахтда ҳам, кулфатда ҳам, у кемтик тўлмади, ҳеч ким тўлдира олмади. Турмуш ўртоғи, фарзандларию, дўсту биродарларининг ўрни бошқа. Отасининг ўрнида эса бўшлиқ. Бир кам дунё.

- Отажоним, қайлардасиз, қаерлардасиз...

Отаси билан сўнгги маротаба кўришган соҳилдан умрининг сўнгги кунига қадар умид уза олмади. Умиди отаси билан бир қайиқда сузиб кетган болалик чоғларидаёқ. Ўшандаги кун отмас бўлиб ботганини ич-ичидан сезса ҳамки, тан олгиси келмади, умид узмади. Умиднинг мустаҳкам, чайир туйғу эканлигини шу инсонга умр бўйи хизмат қилиб, табиатнинг ҳар қандай инжиқликларига қарамай мени соҳил томон етаклаб борган дамларидаги  узоқ нуқталарга термулган соғинчли кўзларидан англадим. Мен чарчадим соҳилга ҳадеб боришдан, аммо унинг умиди чарчамасди. Қайтиб турмас бўлиб йиқилдим охири. Умид эса мен, метиндан-да мустаҳкам эканлигини исботлади. Ҳатто денгиз ҳам вақт чархпалаги  остида янчилди, қуриди, аммо умид қуримади. 

Қудратли йиллар жажжи қизалоқни кекса қарияга айлантирди. Агар умид сўнганида, у балки бунчалик узоқ умр кўрмасдимиди... Умид уни асради. Бир умр интизор бўлиб қайтишини кутган қайиқ қолдиқларини топганида, худди отасининг бағрида ётгандек қайиқда жон бераётганида, у хотиржам эди. Кўнгли таскин топди, кемтиклар тўлди... У шундай ўлимни хоҳлаган эди... Дунё унга раво кўрмаган отасининг меҳрига ниҳоят ўзга дунёда бўлса-да эришди.

(Юқоридаги фикрлар бир умрнинг бевосита гувоҳи бўлган велосопед тилидан ёзилди)

Комментариев нет:

Отправить комментарий