понедельник, 17 марта 2014 г.

БИР ҚЎШИҚ ТАРИХИ

Юлдуз Усмонова санъат оламининг ҳақиқий юлдузи, қўшиқларини хушламайдиган кўнгил топилмаса керак. Шу йилги “Ёнингдаман” деб номланган альбом тақдимотини кўриб бунга яна бир бор амин бўлдим. Шахсан ўзим санъаткорнинг ашаддий мухлисасиман. Альбомдан жой олган ҳар бир қўшиқ ўзгача, жозибадор. Аммо альбом тақдимотида бир муаллиф ҳуқуқларининг поймол этилганлиги ачинарли ҳол.


Юлдуз Усмонова “Девоналармиз” деб номлаган қўшиғини Ренис Мешаян ёзган деб эълон қилди. “Арман миллатига мансуб бўлишига қарамай, соф ўзбек тилида шеърлар ёзади”, “ўзбек шоирларига қалпоқ қилиб қўйди” ва ҳоказо гаплар айтилди. Тақдимотни олиб борган бошловчилардан бири, тақдимот ташкилотчиси бўлмиш Sayyod.com сайти муаллифи Сардор Комилов эса қўшимча қилиб: “Энг қизиғи, Ренис бу шеърини 12 ёшида ёзган экан”, дея маълумот берди. Лўттибозлик санъати ҳам Аллоҳ томонидан бир инъом эканлигини ва  бу “санъат” ҳар кимга-да насиб этмаслигини Ренис Мешаяннинг сўзлаган “ажойиб” нутқидан англайди киши.

АСЛИДА, “Девоналармиз” дея куйланган қўшиқ сатрларини ўзбек шоири Амир Худойбердиев ёзган. Ушбу сарлавҳасиз шеъри шоирнинг 2008 йил Тошкент “Ниҳол” нашриётида 1000 нусхада  чоп этилган “Ойдин лаҳзалар” номли шеърий тўпламига киритилган (китобнинг 20-бетида).




Қани айтингчи, икки инсоннинг шеъри нуқта вергулигача ўхшаши, шаклан бир хил бўлиши мумкинми?! Кўриб, ҳайрон қолдим. Энг қизиғи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси сайтида ҳам, бошқа тўпламларда (“Кафтдаги ниҳол” адабий-бадиий нашрида) ҳам Ренис Мешаяннинг шеърлари орасида бу шеърни умуман учратмадим.

Сўзга масъулиятли журналист қайси манбага асосланиб бу маълумотни берди? Ҳали она сути оғзидан кетмаган 12 ёшли бола бундай маънодор, фалсафий, мушоҳадага бой шеър ёзиши мантиққа тўғри келмайди, биринчидан.

Бу нафақат муаллифлик ҳуқуқининг поймол этилиши, балки очиқдан очиқ халқнинг кўзини бўяш эмасми?!

Юлдуз Усмонова халқчил, меҳнатни қадрлайдиган санъаткор. Буни альбом тақдимотидаги: “Яратилган ҳар бир қўшиқнинг ортида кўплаб инсонларнинг меҳнати бор, бу бир кишининг меҳнат маҳсули эмас. Барчаларининг исмларини баландроқ айтинглар”, - дея журналистларга қилган хитобида ҳам кўриниб турибди. Жуда кўп санъаткорлар шоирлар меҳнатини бу қадар таъкидлаб, уларга урғу бериш у ёқда турсин, ҳатто кўшиқлари остига сатр муаллифининг исм-шарифини-да қистириб ўтишни “унутиб” қўяётган бир пайтда, Усмонованинг бу иши диққатга лойиқ деб биламан. Аммо меҳнатни шу қадар улуғлаётган санъаткорнинг альбом тақдимотида бу хато қандай содир бўлди?

Иккинчидан, Ренис Мешаяннинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси сайтида эълон қилинган шеърлари нинг савияси ўртача даражада. Қолаверса, бутун халқ олдида маданиятли сўзлашни эплай олмаган одамнинг дунёқараши билан ушбу шеър дунёқараши умуман мос келмайди.

Учинчидан, Юлдуз Усмонова янги альбомидан ўрин олган қўшиқлари борасида берган интервьюларини ўрганиб чиқдим: мазкур қўшиқ ҳақида корреспондентнинг сатрлар кимнинг қаламига мансуб дея берган саволига, санъаткор шеър муллифини билмаслигини, студияга кўп инсонлар шеърлар ташлаб кетишини, ҳатто ушбу шеър муаллифи тирик ёки тирик эмаслигидан ҳам бехабар эканлигини, шеър бир неча йиллар муқаддам ёзилган эканлигини айтган. Аммо альбом тақдимотида Ренис Мешаянни муаллиф сифатида эълон қилиб, шеърнинг яратилиш тарихини яратишди. Бу икки хилликни қандай тушуниш мумкин?

Тўртинчидан, ёши элликдан ошган шоир фарзанди тенги болакайнинг интелектуал мулкини ўзлаштириши ақл бовар қилмас, кулгидан бошқа нарса эмас.

Икки инсон ижодини ўрганиб, кўриб чиққан киши шеър муаллифи, аслида, ким эканлигини, ким қай даражада ёзишга қодир эканлигини англайди. Чунки, руҳий олам, характер, дунёқараш сатрларда яққол кўзга ташланади.

Юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш, чора кўриш ҳамда муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган муносабатларни тартибга солиш учун “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни МАВЖУД.

Шеър муаллифлиги бўйича Юлдуз Усмонованинг расмий сайти ҳамда тақдимот ташкилотчисининг сайтига йўллаган мактубимга жавобан китобнинг асл варианти билан студияга келишимни, бу масалани ҳал қилиб беришларини айтишди.

16 март куни белгиланган вақтда Sayyod.com студиясига бордим. Воқеанинг қолган тафсилотларини  Sayyod.com сайти ёритди

Халқ орасида шарманда бўлишдан уялган одам бировнинг шеърини ўзлаштириб, меники деганида уялмаган эканку... Сохта обрў ҳеч қачон ҳеч кимга бахт олиб келмайди. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади.
                                                                           Гулрухсор ХУДОЙБЕРДИЕВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий