вторник, 6 мая 2014 г.

ЎЗБЕК АЁЛИ ТИМСОЛИ

Оила муқаддас даргоҳ. Уни ҳар ким ҳар хил тушунади, ўз дунёқараши, феълидан келиб чиққан ҳолда қабул қилади. Баъзилар оила юки фақат эркак киши учун, бу унинг вазифаси, деса, баъзилар эса ўзгача фикрда: бу муқаддас даргоҳда эр-хотин қўш ҳўкиз бўлиб, аравани бирга тортишлари, бир-бирларига мададкор бўлиб, машаққатларга чиройли сабр қилишлари лозим, дейди.

Оилада аёл кишининг ўрни ҳақида сўз борганда, дунё ўзбек аёлларининг метин иродасига, сабр-матонати билан йўқдан бор қилишига, ўрни келганда, бир умрлик орзуларидан оғринмасдан кечиб, ўзини оиласи, фарзандларининг камоли учун бағишлашига сўзсиз тан беради, ҳатто ҳайратга тушади, ажабланади.

Ўзбек аёли бахт тушунчасини оиласи, фарзандлари билан боғлайдики, уларнинг бу борадаги фикрлари, дунёқарашлари сув юзида сузиб юрган ёғ томчисидек ўзгача.

Бугунги Ғарб дунёси олимларининг тадқиқотларига қўра, Ғарбнинг инқирозга юз тутиш сабабларидан бири сифатида аёлларнинг асл вазифаларидан чекинган ҳолда ижтимоийлашуви, ижтимоий ҳаётда ўта фаоллашуви деб топилмоқда. Аёлларнинг каръера қилиши, ижтимоий ҳаётга фаол аралашуви уларни оиладаги асл бурч ва вазифаларидан бегоналашувига сабаб бўлмоқда. Бу эса ўз навбатида ғарб оилаларининг парокандалигига, энг ёмони оила парокандалиги жамият инқирозига, аёлнинг оиладаги мавқеининг тушиб боришига сабаб бўлувчи омиллар сирасига киритилмоқда.

Оила масаласига ғарблик аёллар иккинчи даражали қараши, оила қуришни, фарзанд кўришни хоҳламаслиги - бу инқироз сабабларидан БИРИ. Ғарб аҳолиси, асосан, муҳожирлар ҳисобигада ўсади. Германия ва бошқа бир қатор Ғарб давлатларида ТУҒИЛИШ МИНУСГА тушиб кетган. Аҳоли қариб кетмоқда. Болажон Ўзбекистонимиз аҳолисининг аксариятини ёшлар ва ўрта ёшлилар ташкил етади. Узоққа бормай, биргина Россияни олайлик: аёллар фарзанд кўриши учун катта имтиёзлар берилади. Болани давлат уй билан таъминлайди. Лекин бу ҳам у қадар самара бермаётгандек.

Табиатда ҳамма нарсанинг ўз ўрни, БИРИНЧИ ГАЛДАГИ вазифалари бор. Ҳудди шундай вазифалар эркак ва аёлда ҳам мавжуд. Қайси тараф ўз вазифаларини унутса, МУВОЗАНАТ БУЗИЛАДИ.

Жамият илдизи - оила. Оила мустаҳкамлиги эса соғлом зурриёд. Илдизидан емрилган дарахт бир кун келиб қулаши ҳеч гап эмас. 

Юқоридаги фикрлар билан мен аёлларнинг жамиятга аралашувини қораламоқчи эмасман. Шунчаки дунё олимларининг фикрларини сиз билан бўлишишни маъқул топдим. Ғарб олимлари АЁЛЛАРНИНГ ОИЛАПАРВАРЛИГИ ЖАМИЯТГА КЎПРООҚ НАФ КЕЛТИРИШИ, УЛАРНИ ОИЛАГА ҚАЙТАРИШ ЖАМИЯТ РИВОЖИГА САБАБ БЎЛИШИ ҳақида бонг урмоқдалар. 

Аёлларнинг жамиятга аралашуви, фикримча, ижобий ҳолатки, аёл дунёқарашининг, фикрлаш доирасининг кенгайишига имкон яратади, бу ўз навбатида комил фарзандларни камол топтиришда асқотади. Аммо биз яшаётган замона меъёр тушунчасини жуда севади. “Асалнинг ҳам ози ширин” деганларидек, нимага тадбиқ этилишидан қатъи назар, меъёр чизиғидан ўтган ҳар қандай ҳаракат-ҳолат салбий оқибатларга, инқирозларга олиб келади.

Ўтган ойда дунё бўйлаб ўтказилган сўровномага кўра, дунёдаги энг гўзал аёллар деб биринчи ўринда Ўрта Осиё аёллари тан олинлигига барчамиз гувоҳ бўлдик. Бизнинг аёллар нафақат ташқи гўзаллиги, балки ички олами, оиладаги мустаҳкам ўрни, ҳар қандай манфаатларидан кўра оилани устун қўйиши, бир сўз билан айтганда, оилапарварлиги билан ажралиб туради. Биринчи галдаги бурч ва вазифаларини аъло даражада бажарган ҳолда жамиятда ҳам фаоллик кўрсатиб келаётган ўзбек аёлларимиз оз эмас. Ўзбек аёли ё оиласини дейди, ё оила ва касбни бирга олиб боришни танлайди, аммо ҳеч бир ўзбек аёли қанчалик севмасин ўз касбини оиласидан устун қўймайди асло. Буни ўзбек аёлларига хос жиҳат дейиш мумкин.

Яқинда таниқли олим, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Халқаро экология, инсон ва атроф-муҳит хавфсизлиги академияси академиги Давлат Қўлдошев хонадонларида меҳмон бўлдим. Ушбу хонадонга бўлган ташрифим, етмиш ёшни қаршилаётган Кенжахон ая - профессорнинг рафиқалари билан бўлган самимий суҳбатимиз қўлимга қалам ушлашга, ўзбек аёли ҳақида ёзишга ундади.

Хонадонга кириб боришим билан профессорнинг гапларидан рафиқасини ўта қадрлаши, ардоқлаши, унга бўлган меҳри яққол кўриниб турарди. Эркакларнинг ўз аёлига бўлган бундай самимий муносабатларига камдан кам гувоҳ бўлганим сабабми, миямда “нега аёлини бунчалик ардоқлар эканлар? Бу аёлда қандай хислатлар мужассамки, уни бу қадар эъзозлайди, қизиқ...” қабилида саволлар ғужғон айланар, бир тарафдан уларнинг ўрнак бўлгулик оиласига ҳавасим келарди. Сўнг Кенжахон ая билан суҳбатлашганим сари ўз-ўзидан саволларимга жавоб топила бошлади: 

Турмуш қурганларига эллик йил бўлибдики, Кенжахон ая турмуш ўртоғини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб, борига ҳам, йўғига ҳам қаноат қилиб, сабр-бардош билан турмушнинг барча машаққатларини енгиб ўтган ва ҳозирда беш фарзанднинг онаси, ўн беш набиранинг бувиси бўлиб, уларнинг роҳатини кўраётган ҳақиқий ўзбек аёли тимсоли эканликларини англадим.

Ижодкор ва илм кишиларининг рафиқаси бўлиш, очиғини айтганда, бироз мураккаб, ўзига хос қийинчиликлари мавжуд: уларнинг сафарларда узоқ муддат бўлиши, илм қилиш жараёнининг махсус шароитлар талаб қилиши истаймизми, йўқми турмуш юкларини кўпроқ аёл зиммасига тушиб қолишига олиб келади. Бундай ҳолатлар умр бўйи давом этмаса-да, тез-тез содир бўлиб туради. Ижодкорга эркинлик керак, ижод қилиши учун шароит керак ва бу борада уни тушуна оладиган умр йўлдош керак. Кенжажон ая турмуш ўртоғини тушуна олган аёллардан:

“Илмий иш ва у билан боғлиқ сафарларда кўп бўлган пайтлари, баъзан фарзандимиз иситмалаб қолар, отасини соғинарди. Шу вазиятда қўнғироқ қилиб қолган пайтларида ҳам, хаёллари бузилмай илмий ишларини муваффақиятли якунлаб олишлари учун уйдаги аҳволни сездирмай, ҳаммаси жойида эканини айтиб, ҳол-аҳвол сўрардим”, - дейди онахон.

Профессор Давлат Қўлдошев рафиқаси ҳақида сўз борганда, илмий иш ташвишлари билан сафарларда бўлган пайтларида ҳам оиласидан доим кўнгли тинч бўлганини, фикрларини ҳеч қаёққа бўлмай илм билан шуғулланиши учун Кенжахон ая фарзандлари тарбияси билан боғлиқ барча ишларни ўз зиммасига олгани, унга барча шароитларни яратиб қўйгани ва бунинг учун рафиқасидан умр бўйи миннаддор эканини айтади.

Кенжахон ая: “Бир куни овқат қилмоқчи бўлдим, аммо уйда ҳеч нарса йўқ. Ҳатто овқат қилишга ҳам. У чўнтакни қарайман, бу чўнтакларни қарайман. Уйдаги мавжуд кийим-кечакларни ковлаб чиқдим. Ахийри, 10 тийин топдим. Ўшанда 10 тийинга битта буханка нон берарди. Дўконга чиқдимда битта буханка олиб келиб, дастурхонга ўраб ишга кетдим. Турмуш ўртоғим ишдан келганда, оч ўтирмасинлар дедим, нимадир қилишим керак эди-да”.

Давлат ота: “Янги оила қурганимизда, 2 та кўрпа-тўшак, 2 та пиёла, 2 та қошиқдан бошқа деярли ҳеч нарсамиз бўлмаган. Бир куни уйимизга узоқдан меҳмонлар келди. Бир кеча ётайлик, деган меҳмонларга йўқ деб бўлармиди?! Аммо 2 та ёстиқ, 2 та кўрпа-тўшагимиз бор холос. Келган меҳмонларга сир бой бермай, шуларни тўшаб бердик. Уй зах. рафиқамни устига тўнимни ташлаб, ўзим ерда тонг оттирган кунларимиз ҳам бўлган. Аллоҳга шукр, у кунларнинг синовидан ўта олдик, ҳалол меҳнатимиз билан бугун ҳамма нарсага эришдик”.

“Эрни эр қиладиган ҳам хотин, қаро ер қиладиган ҳам хотин” мақоли уларнинг оиласида ўз аксини топган, десам муболаға бўлмайди: Профессор Давлат ота Қўлдошевнинг улкан ютуқларга эришишида, шу даражага чиқишида турмуш ўртоғининг қўллаб қувватлашларию, сабр-бардоши, куюнчаклиги катта рол ўйнайди. Арзирли қийинчиликларга дуч келишса-да, оила мустаҳкамлигини сақлай олган, сабр ила енга олган Давлат ота ва Кенжа аяларнинг турмушларидан ўрнак олса арзийди.

Бугунги кунда турмуш остонасидаги ёшларга ота-оналар томонидан ҳамма нарсалар – уйдан тортиб, мебель, сарпо-сурувгача тап-тайёр қилиб берилади. Барча шароитлар мужассам бўлишига қарамай, минг афсуски, арзимаган важлар оқибатида баъзи оилалар парокандаликка юз тутмоқда. Бунга сабаб, “тўқликка шўхлик” эмасмикан?! Тайёрига айёр бўлмай, “нол”дан бошлаб ўзи меҳнат қилиб, оила тўкислигига ҳаракат қилганда эди, “оила” сўзининг маъно-мазмунини англаган, уни қадрига етиб, босиқлик билан қарорлар қабул қилишган бўлармиди...

P.S. Юқоридаги гапларим кимнидир кўкларга кўтариш, “пахта” қўйиш учун эмас, юракдан ёздим. Ўрнак бўла оладиган ушбу инсонлар ҳаёти ҳақида парча қоралагим келди. Очиғи, Кенжахон аянинг метин иродасига қойил қолдим. Биласизми, бутун ҳаётларини (баъзан кўзларида ёш билан) гапириб бераётганларида мен ўзимни уларнинг ўрнига қўйишга ҳаракат қилиб кўрдим. Қўйиб кўрдиму, бундай синовларга дош беришимга иккиланиб қолдим. Очиғи, қўрқиб кетдим. Бу суҳбат мен учун катта дарс бўлди. Ахир, ҳаёт бир текис эмас. Хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлайлик, бизни ҳали олдинда не-не синовлар кутиб турибди эҳ-ҳее...

Гулрухсор ХУДАЙБЕРДИЕВА

3 комментария:

  1. Хавас қилса арзигулик оила албатта.
    Фикримча, мақолада, ғарб олимлари изланишларига асосланган маълумотлар келтирилганда, тегишли ҳаволалар берилса, илмий қиймати ҳам янада ошган бўлар эди.

    ОтветитьУдалить
  2. Aholi kamayishini "inqiroz" deb atash xato. Aksincha, dunyoda 900 milliondan oshiq odam och -- http://www.fao.org/docrep/012/al390e/al390e00.pdf
    Yana nega odam ko'paytirish kerak? Shu och odamlar kammi? Qashshoqlar kammi? Ularni ko'paytirish kerakmi?

    ОтветитьУдалить
  3. Darvoqe, o'zbekchilik haqida: http://uzbekness.tumblr.com/

    ОтветитьУдалить