пятница, 3 мая 2013 г.

“АВТОБУСЛАР ПОЙГАСИ”





Хар тонг ишга, ўқишга отланар эканмиз, йўлларимизда “Тоштрансхизмат”нинг хизматлари поёндоз бўлиб туради. Азим Тошкентга хос бўлган яшил тусли автобуслар бутун пойтахтни қучиб олгани қувонарли ҳол. Табиат рангига ҳамоҳанг бўлган йўловчи ташиш транспортлари нафақат узоғимизни яқин қилади, балки шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб туради.



Яқинда бекатда турна қатор саф тортиб турган транспортлар орасидан ўзимга тегишли автобусга чиқиб олдим. Лекин автобуснинг қўзғалиши мудраётган кўзларни мошдек очиб юборди, ҳушёр тортишга ундади. Тутқичдан маҳкам ушлаб олган бўлишимга қарамай, автобусга қўшилиб ўнгдан чапга, чапдан ўнгга, олдингга, орқага, юқоригасакраб эшилиб-букилиб келяпман. Чипта сотувчи йигитнинг қорасини кўриб, ўйлов босди: қандай қилиб ҳамёнимни олсам экан... Шамолдай елаётган автобус тутқичини бир сонияга ҳам қўйиб юбориш жонингизни гаровга қўйишдек гап. Лекин чиптачи йигит тепангда, худди  шу-у-унча одам ичидан қочиб қолишинг мумкиндек ўқрайиб турса, наилож... Бир амаллаб ҳамёнимдан пул олиб узатишимни биламан, автобус тормоз бериб мен ёнимдагига, ёнимдаги ёнидагисига... урилиб, узрбозлик бошланиб кетди.
- Ҳой болам, ўтин ташиётганинг йўқ-ку!
- Секинроқ ҳайдангов – ўриндиқда ўтирган ёши катталарнинг норозилиги бошланиб кетди.
- Қанақа секин ҳайдай, бу ёқдан қистаб телефон қилишяпти-ку тезроқ ҳайда деб? – шундай деб ҳайдовчи ўз билганидан қолмади.

Шунга амин бўлдимки, йўловчи ташиш транспортлари нафақат узоқни яқин қилиб, пойтахт кўркига кўрк қўшиб турар экан, балки овқат ҳазм қилиш фаолиятига ҳам катта ҳисса қўшар экан.

Ҳазил ўз йўлига, аммо бизга маълумки, амалдаги қонунчилигимизда ҳаракатдаги транспорт воситаси ҳайдовчиси мобил телефондан фойдаланиши тақиқлаб қўйилган. Шунга қарамай, баъзи автобус ҳайдовчилари мобил алоқа воситасидан “наушник” орқали фойдаланишади ва ҳаракат вақтида ҳам бемалол бир-бирига қўнғироқ қилиб, “тезроқ юр”, “секин ҳайда”, “сендан олдин ким кетяпти”, “мен ҳозир фалон жойдаман” деб гап талашиб кетаётганига гувоҳ бўламиз. Уларнинг бу ҳаракатини кузатиб, “ҳайдовчими ёки алоқа операторими?”, дея ўйлаб қоласан, киши. Бу орқали ўзлари билан бир қаторда шунча одамнинг  жонини  ҳам хатарга қўяётганини ўйлашармикин?

Шу аснода ўриндиқда ўтирган ҳомиладор аёлга кўзим тушиб қолди. Бечора ўзини қўлга олиб ўтиришга шунчалик уринардики, юзи докадек оқариб кетганди. Бу ҳолатга “юксиз” йўловчилар зўрға чидаяпти-ку. Бирдан йўловчиларни заррача ўйламай, менсимай автобусни “мингга” қўйиб бораётган “фаросатли” ҳайдовчидан жаҳлим чиқиб кетди. Ахир, у ўтин ташиётгани йўқ, одам ташияпти-ку.

Наҳотки,жамоат транспортларининг жадвал асосидаги ҳаракати шундай нохуш вазиятларни юзага келтирса?! Ахир, инсон ҳаёти ҳамма нарсадан устун эмасми?!

Дарслар тугагач, яна автобусга чиқдим. Аммо энди буниси эрталабки автобусдан ҳар бекатда беш дақиқа туриб қолиши, юрганда ҳам тошбақа юриш қилиши билан тубдан фарқ қилди. Кейин билсак, ҳайдовчининг яна бир ҳамкасби: “Секинроқ юр, сендан олдин кетган автобусга ҳеч қанча вақт бўлмади”, деб телефон қилган экан.

Гулрухсор  Худайбердиева

2 комментария:

  1. :-) o`tin
    man mingan aftobusda ham shu so`z aytilgan edi bir vaqtlar...

    bular odatda imirsilaaab yurib oxirida tezlashadi yoki ortidan unga yaqinlashib qogan avtobuz majburlaydi, chunki bu nafsni deb kutiiiib o`tirgan. mana shunday vaqtda "ishonch" telefoniga telefon qipko`rish kere. odatda ko`tarishmaydiyuuuu lekin ba`zida ishberadi.

    ОтветитьУдалить
  2. автобус тез юришига чидаса булади. яъний туткични махкам ушлаб олиб манзилга етиб оласи. Агарда йуловчилалар чикаверса чикаверса ва яна чикаверса. 18 уриндикликкичик автобусда 58 киши чикиб олса. ана сизга томоша. Уша туткучни ушлашга хожат колмайди. Нафас олиш илинжида Отга тараф интиласиз. Лекин фойда бермайди))) Кун жуда иссик. Эй Худойим манзилимга сог омон етиб олай деб Худодан сурайсиз. Хайдовчи эса йуловчи овлаш бн овора. Ана томоша...
    Жуда ачинарли холат...

    ОтветитьУдалить