вторник, 3 июня 2014 г.

ИЛК МАРОТАБА ЎТКАЗИЛГАН «UZNET УММОНИ» КОНФЕРЕНЦИЯСИНИНГ ИЛК СОНИ ҲАҚИДА

Илк маротаба ўтказилган «Uznet уммони» конференциясининг илк сони 31 май, шанба куни Тошкент ахборот технологиялари университети кичик мажлислар залида бўлиб ўтди. Мулоқот сайтлар тармоғи ва ТАТУ томонидан MaxTrack компанияси, Technecy компанияси ҳамда Kun нашри билан ҳамкорликда ташкил этилган анжумандан матнли онлайн Кун нашрида ташкил қилинди. Конференция интернетнинг ўзбек тилида мулоқот қилувчи қисмига йўналтирилган лойиҳаларга бағишланган. Бу ҳақда Kun.uz ва Daryo.uz интернет нашрлари расмий равишда тўлиқ хабар беришди. 

Аввал Уммон давлати бор эди, кейин “Уммон” гуруҳи чиқди. Энди эса – “Uznet уммони” конференцияси??? О.о (с)
 Конференция ибтидосида ташкилотчи Фарҳод Файзуллаев ушбу лойиҳани нима учун “Uznet уммони” дея атаганига изоҳ берар экан: “Уммон сўзини эшитганда, кўз олдимизга фақат қўшиқчилар келиши керак эмас. Очиғини айтганда,  Uznet уммон бўлишига ҳали олдинда босиб ўтишимиз лозим бўлган анча йўл бор” – дея ушбу номни яхши ният ила танлаганини, Uznet уммон даражасига чиқиши лозимлигини айтиб ўтди. 
Шунингдек, конференцияни очиб бераётган Фарҳод Файзуллаев “Конференция монолог шаклида ўтиши керак эмас, ҳатто маърузани бўлиб ҳам савол беришларингиз мумкин, савол-жавоб тарзида эркин мулоқотни ташкил этайлик”, – деб турган ҳам эдики, залдаги тингловчилардан бири Аъзам Маҳмудов ўзларига “ташлаб қолди”:
- Анчадан бери Мулоқот тармоғида ўзгаришлар қилинмаяпти, янгиликлар йўқ. Буни қандай изоҳлайсиз?

Ҳозир маърузачиларни вақтини олмай уларга сўз бериш кераклигини рўкач қилиб, бу саволга кейинроқ жавоб беришини айтган Фарҳод ака ўзини ўзи қутқариб қолишга муваффақ бўлди. :)

Маърузаларга старт берган Kun.uz онлайн нашри раҳбари Муҳрим Аъзамхўжаев ўзбек онлайн журналистикаси аҳволи ҳақида гапирар экан, шундай дейди: “Журналистикагача ҳали йўл узоқ ва у ерга, ҳозирча, ҳеч ким етиб борганича йўқ. Бугун бор-йўғи ўзбек тилидаги онлайн-нашр(лар) ҳақида гаплашамиз”. Шунингдек, Kun тарихига назар ташлар экан: “Агар мен контрактка кирмаганимда бугун Kun нашри ҳам бўлмас эди”, – дея очиқлади Муҳрим Аъзамхўжаев – “Мақсадимиз – Ватан равнақига ҳисса қўшиш ва биринчи уч ойда рекламадан 3 миллион сўм топиш бўлган. Қайда, Kun 2014 йил баҳоридагина ўзининг биринчи миллион сўмини ишлади”. :)

ТАТУ талабалари конференция меҳмони, конференция эса ТАТУ меҳмони бўлди.
Бугунги Kun’да эксклюзив хабарлар камлигини тан олган Kun раҳбари фаолиятининг дастлабки йиллари, копи-паст журналистлар учун паст деб ҳисоблаган, xabar.org мўжизасидан сўнг бу борадаги фикри ўзгариб, эндиликда ўз интернет нашрида, асосан ЎзА, Туркистон-пресс, Халқ сўзи ва бошқа ўзбекча газеталарнинг сайтлари, Daryo.uz (ва онда-сонда шов-шувли ёзадиган ўзбекча сайтлар), вазирлик, идора ва ташкилотларнинг ўзбекча ахборотларидан копи-паст қиладиган бўлган.

P.S. Асосий иш жойи бошқа ерда бўла туриб, қолаверса, битта ўзи сайтни шу даражага кўтара олганини кўриб, тасанно айтмай иложимиз йўқ. Kun раҳбари ҳатто шу ерда ҳам тингани йўқ: конференциядан матнли онлайн транслятция олиб борди.
Kun.uz лойиҳасининг дунёга келиши ҳақида Муҳрим Аъзамхўжаевнинг айтишича, лойиҳага ном танлаш ойларга чўзилган экан, агар лойиҳага ном танланмаса, Стив Жобсдан илҳомланган ҳолда Олма.уз деб номлашни ҳам ўйлаган экан. :) Kun.uz лойиҳасининг илҳом парилари – бу Lenta.ru ва Gazeta.uz.

Муҳрим Аъзамхўжаев фикрларида иккита муаммони (ПУЛ ва цензура, асосан, ички цензура) санаб, назорат ташкилотлари борлиги ишга бироз ҳалал беришини айтди.

“Кадрлар етишмаслиги ҳам энг катта муаммолардан бири, иштиёқмандлар деярли йўқ” – дея мактабни, ҳозирги кунда олий таълим муассасасини тамомлаган бир қизнинг саводини ушбу матнча орқали ифодалади:

“Поздеев воқеасида Прокуратура, Суд – “Жимжитлик” романи муаллифлари бўлишди. Поздеев воқеасини бизда бирорта ҳам сайтлар нашр қилмагани ОАВ га нисбатан ишончни йўқотди”.

Дастлаб лотин алифбосида бошланган Kun лойиҳаси ЎзА 2012 йил кузида кириллча версиясини очгач, Kun ҳам лотин ёзувини ташлаб, кирилл алифбосига ўтган экан. Чунки бунинг яна бир сабаби: Kun’даги мақолаларни тушунадиган савияли аудитория кирилл алифбосида савод чиқарган эди.
Бугунги Kun сайти рақамлари тилга кирганда: Kun’да шу кунгача 6,5 мингта материал эълон қилинган. Ҳамда сайтга 2012 йил январдан бери ташрифчилар сони 3,36 миллиондан ошган, улар томонидан 11 миллиондан ортиқ саҳифа кўрилган экан.

“Kun’нинг эндиликдаги режалари: Хабарлардан алоҳида катта матнлар устида ишлашни бошлаш, колумнистларни жалб қилиш, фотогалереялар ва рейтинглар билан ишлаш, экслюзивлар ва кунлик хабарлар сонини сезиларли оширишдан иборат”, - дейди нутқини якунлаётиб Kun раҳбари Муҳрим Аъзамхўжаев.
Ҳамза Фозилжонов “IT маҳсулотларини ўзбекчалаштириш: муаммо ва таклифлар” мавзусида маъруза қилар экан, Samsung, LG, Nokia, Microsoft, Artel, UZTE ва бошқа мобил қурилмаларда ўзбекча интерфейси борлиги, LG G2 мобил қурилмасининг ўзбекча интерфейсидаги нотўғри таржималар, ўзбек тилидаги таржималарда жуда кўп хатоликлар ўтиб кетаётганлиги ҳақида гапирди.

“Масалан, Account (ҳисоб, қайд ҳисоби, ҳисоб қайднома, аккаунт), App (илова, илова-дастур, дастур), Share (улашиш, бўлишиш, баҳам кўриш), Settings (созламалар, параметрлар, созлашлар) сўзлари таржимонлар томонидан турлича таржима қилинмоқда. Бу масалада Facebook ижтимоий тармоғида “iTarjimon” гуруҳини очиб иш олиб бормоқдамиз”.


“Мicrоsоft таржималарида хорижий атамалар ва копмания номларига ўзбекча қўшимчалар қўшилганда, чизиқча билан ёзишади (Google+ning, “Google”ning, Google-ning, Google ning, Google’ning). Буни Samsung ҳам ўзлаштирмоқда. Бизда маълумки, чизиқча одатда, юкламаларда қўлланади. Лекин биз апостроф билан ажратилган вариантини қўллаяпмиз. Эндиликда, таржимонлик соҳасини ҳам ихтисослаштиришга, IT соҳасида таржимонликни ривожлантиришга муҳтожмиз, – дейди Ҳамза Фозилжонов стандартлаштириш муаммолари ҳақида – IT қурилмаларнинг ўзбекча версияси – йирик технология компанияларининг маркетинг воситасига айланиб қолган, холос. Аслида эса қурилмалар интерфейси ҳафсала билан таржима қилинмайди. Лекин қурилма рекламаси вақтида “ЎЗБЕКЧА МЕНЮ!!!” деб жар солишади”.
“Вилоятликлар айнан “ўзбекча интерфейс” деган жойини динг этиб эшитиб қолишади. Тан олиш керак, вилоятларда рус тили ва инглиз тилини билиш даражаси яхши эмас. Уларга ўзбекча бўлгани яхши”, – дейди Фозилжонов. Йирик технология компаниялари, масалан, Microsoft компанияси ўз дастурларини, уларнинг лицензияли версиялари сотиб олинмасада, ўзбекчага таржима қилишга ҳаракат қилади. Таржима тартиби бюрократик”. 

“Ўзбек тили МДҲ мамлакатларидан бирининг тили, шунинг учун бу буюртма дастурларни таржима қилиш билан шуғулланувчи Чехия компаниясига беради. Чехия компанияси эса Ўрта Осиё мамлакатлари учун таржима билан шуғулланувчи компанияга буюртма беради. У эса Тошкентдан бирор-бир таржимон топади. Бутун таржимани ҳам, энг кам пулни ҳам тошкентлик таржимон олади”.

Маъруза сўнггида Ҳамза Фозилжонов секинлик билан PRга ўтди: “Бизнинг хизматларимиз: мобил иловаларни, веб-сайтлар интерфейсини ва компьютер дастурларини ўзбекчалаштириш, интерфейс ва бошқа турдаги матнларни яратиш, электроника қурилмаларининг фойдаланувчи қўлланмаларини таржима қилиш”.

Мириқиб маъруза тинглаётган турна қатор
Залдан савол берилди: “Марказий Осиё мамлакатлари билан таққослаганда, Ўзбекистонда IT-қурилмалар ва дастурларнинг таржимаси қандай даражада?”. Ҳамза Фозилжонов: “Қозоғистонда биздагидан кучлироқ. Чунки кўплаб IT-компанияларнинг Марказий Осиёдаги ваколатхоналари Қозоғистонда жойлашган, шу сабаб ҳам кўплаб қурилма ва дастурларнинг қозоқчага ўгирилиши тезроқ, яхшироқ, кучлироқ эътиборда”.

Нафақат IT маҳсулотларида, балки чет элдан кириб келаётган бошқа товарларда ҳам таржима ишлари кўнгилдагидек деб бўлмайди, дейди тингловчилардан бири ўз фикрида. Бу фикрни илиб кетган Фозилжонов: “Экспорт қилинаётган маҳсулотлар таржимаси – муаммоли масала. Дейлик, Ўзбекистонга киритилаётган дори воситаларининг йўриқномаси ўзбек тилига таржима қилиниши шарт, лекин одатда унга тушунмайсиз ва русчасини ўқишга мажбур бўласиз. Ҳамзанинг мисол келтиришича, Samsung’нинг бир электрон жиҳози кафолат талонида ҳатто шундай ёзилган: “Агар ўзбекчасига тушунмасангиз, русчасига қаранг”.

Навбатдаги маърузачини эълон қилган Фарҳод Файзуллаев унга Скляревскийнинг ўзбекча версияси дея таъриф берди. Саҳнада пайдо бўлган Хушнудбек Худайбердиев гапни мазаси йўқлигидан ва ваъдасига мувофиқ кино “скачать” қилишдан бошлади. :)

Ўзблоггерлар ўзи кимлар, деган саволга ишёқмас, дангаса, безори гражданлар, дея таъриф берди, бердию эрта бир кун блоггерларга дуч келишини ўйлаб, фикридан қайтди: “Фуқаролиги, миллати, яшаш жойи, дини, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар ўзбек тилида блог юритувчи жисмоний шахслар”. 

Шунингдек, ушбу лойиҳанинг мақсади, ўтказилган мавсумлар, лойиҳа берган натижалар ва кейинги чемпионат борасидаги “свежий” янгиликлар билан ўртоқлашди. Энг қизиғи, навбатдаги чемпионатда соврин жамғармаси ҳар ойда 500 минг – 1 млн. сўмни, йил охиридаги финал учун ЖАМИ 10 МЛН. СЎМни ташкил этилиши ҳақида маълумот бериб, йиғилганларни ҳайратга солди. “Скачать” қилинган кино учун миннатдорчилик билдирган ўртоқ фамилиядош маърузани якунлади.
Камина ҳам ўз маърузам давомида “Кириллми, lotin?” мавзусига тўхталиб ўтдим. Сайтни икки алифбода баробар юритиш масаласи сайт эгалари олдида кўндаланг туради. Бу муаммони ҳозирча www.daryo.uz, www.ziyouz.сom, www.ziyonet.uz, www.championat.asia, www.torg.uz ва бошқа сайтлар уддаламоқда: ушбу сайтларда ҳам лотин, ҳам кирилл алифбосида юритилади, дея билдирган фикримга бир пайти Daryo.uz нашри раҳбари сайтни икки алифбода юритиш мендан қанчага тушаётганини ва бунга қанча вақт сарфлаётганимни биласизми ўзи, деб қолди. :)

Орага Ҳамза Фозилжонов қўшилиб, бўлажак сайт эгаларига имкон қадар лотин ёзувида сайт очишни тавсия қилди. Чунки деярли барча мобил қурилмалар, тизимлар (Windows Phone, Android ва бошқалар) нинг ўзбекча версиялари фақат лотин ёзувида ишлаб чиқилмоқда, дейди Фозилжонов.

ЎзМУ журналистика факультети талабаси Жамшид Холиқуловнинг саволи: “10 миллион интернет-фойдаланувчи борлиги айтилади, лекин бирорта ҳам ўзбек сайтининг аудиторияси 30 мингдан ошмайди. Нега сайтларингизни, масалан, Daryo.Uz’ни вилоятларда тарғиб қилмайсизлар? Вилоятлардаги одамлар Россия сайтларини билади, лекин Daryo.Uz’ни билмайди».
Акмал Пайзиев маърузани аудиторияда кимлар ўтирганини, уларни мавзунинг қай жиҳатлари кўпроқ қизиқтирши борасида социал сўровнома ўтказиш билан бошлади. Қойил!!! 

Ўзбекистонда IT компаниялар аҳволи, муаммолари ва келажагини Newmax мисолида очиб берган Пайзиев ўз фаолиятини 2005 йили Yarmarka.Uz лойиҳаси билан бошлаган. Лойиҳа дизайни ва логотипи ҳатто россиялик машҳур дизайнер Артемий Лебедев эътиборига тушган. Пайзиев ва унинг жамоаси орзуси – Ўзбекистонда GPS тизимини жорий этиш бўлиб, бу мақсадда у NewMax компаниясини ташкил этган. Бутун Ўзбекистон бўйлаб йўллар чизиб чиқилган, кейинчалик бу технологиядан Озарбайжон ва Туркманистондаги хариталарни GPS’га тушириш тизимларида ҳам фойдаланилган. 

“Аввал MaxTrack маҳсулоти, 2009 йилга келиб эса BioTrack маҳсулоти ишлаб чиқилди. Биринчиси ҳаракатни назорат қилса, иккинчиси персоналнинг келиш-кетиш вақтини ҳисобга олади. 

Ҳозирда Акмал Пайзиевнинг жамоаси янги – MyTaxi – такси чақириш мобил дастурини ишлаб чиқмоқда: “Мен бу ҳақда илк бор айнан шу конференцияда маълум қиляпман”, – деди Пайзиев - Бунда чақирилган таксини мобил телефон ёрдамида назорат қилиш мумкин бўлади. Бизнинг жамоа 8 йил давомида 300 дан ортиқ ташкилотларнинг иш унумдорлигини оширишга ёрдам берди, ўтган йили эса 4,5 миллиард сўмини тежаб берди”.

Маъруза сўнггида муаммоларга тўхталиб ўтар экан:  “Ўзбекистондаги IT-компанияларнинг биринчи муаммоси стратегия билан боғлиқ. Лойиҳа бошида унинг келажагини кўра билиш керак, кўра билиш учун эса кўпроқ кузатиш керак. Кенгроқ кузатиш керак. Фақат “қўшнилардан яхшироқман-ку” дейиш ярамайди. Иккинчи муаммо – кадрлар масаласи. Дастурчилар, асосан, компания ичида, 3-5 ой ичида тайёрланмоқда. Бизда, яна, проект-менежерлар ҳам етишмаяпти. Лойиҳа катталашгани сайин, иш ҳам кўпайиб бораверади, ишларни керакли маромда олиб бориш учун эса айнан шундай мутахассислар керак. Шу ишларни қилиши мумкин бўлган ёшлар қаерда юрганига ҳайрон қоламан. Улар иш бошидаёқ 500-1000 доллардан маош олиши мумкин, - дейди Акмал Пайзиев - IT компаниялар учун шундай салоҳиятли бозор борки, улардан миллионлаб даромад олиш мумкин. Булар: электрон тижорат, мобил апплар, В2В хизматлар (юридик шахслар ва компаниялар учунхизмат кўрсатиш) ва халқаро бозорлар учун ишлаш. Мобил илова-дастурларни фақат Ўзбекистон учун эмас, халқаро бозор учун ҳам ишлашни ривожлантириш керак. Бу ерда ўзимизнинг пулимизни айлантириб ўтирганимиздан кўра, чет элликларнинг валютасини бу ерга олиб келганимиз фойдалироқ. АҚШда бир долларга тушаётган меҳнат Ҳиндистонда аллақачон 70 центга чиқиб бўлган – энди Ҳиндистон арзон ишчи кучи сифатида кўрилмаяпти, лекин Ўзбекистонда ҳали ҳам, хусусан, Россиядагидан ҳам арзон”.

“Бизнес моделлар бўйича фикрлар билан келишади, 90 фоиз ишламайдиган фикрлар”.
 Савол-жавоблар мобайнида Акмал Пайзиевдан олинган жавоблар: 

“Бизда 1-2 та лойиҳаларимиз борки, биз мажбуран уларни “ўлдирамиз”. Тарелкага кўп овқат солганда тўкилиб кетадиганга ўхшаш вазият бу. Яхши лойиҳаларимиз жуда кўп, аммо биз эртага кўпроқ маблағ келтирадиган лойиҳаларни танлашга мажбурмиз”.

 “Сиз осон айтяпсиз, чет элдан пул олиб келиш ҳақида – лекин муаммолар бўлса керак, масалан, конвертация муаммоси кўпчиликни мустақил ишдан қайтаради” қабилидаги саволга Акмал Пайзиевнинг жавоби: “Конвертация, солиқлар, лицензиялар – сизнинг қўрқувингиз олдида энг кичкина муаммолар. ҚЎРҚИШ – КАТТА МУАММО. УШЛАБ КЎРМАСДАН ВОЗ КЕЧИШ – ЭНГ КАТТА МУАММО. Уни енгиш ва ишни бошлаш керак. Мустақил бўлиш керак”.

Акмал Пайзиевнинг айтишича, “Тошшаҳартрансхизмат” автобусларни GPS орқали назорат қилиш лойиҳаси таклифи билан унинг компаниясига чиққан (ҳозир бу лойиҳа (Via.uz) бошқа компания томонидан ишлаб чиқилмоқда), бироқ бу лойиҳа Пайзиевнинг компаниясини асосий йўлдан, унинг стратегик режаларидан, янада кўпроқ даромад келтириши мумкин бўлган лойиҳалардан чалғитгани учун воз кечган. Шунингдек, MaxTrack’ни ишга туширгунча 40 минг доллар йўқотиб, унинг мевасини уч йил кутишган экан.

Инвесторларни қаердан топгансиз, деган саволга: “Ғоянингиз зўр бўлса, инвесторлар топилиб келаверади” – дея маърузани тугатди Акмал Пайзиев.
Сўнгги маърузачи Тўлқин Юсупов ўзбекча SMM (ижтимоий медиа орқали маҳсулот ва брендга диққат ёки мижозни жалб қилиш жараёни) ҳақида ўз фикрларини йиғилганлар билан ўртоқлашди. Ижтимоий медиа орқали маҳсулотга ёки брендга нисбатан диққатни ошириш мумкинлиги, Facebook ижтимоий тармоғининг ўзбеклар қисмида расмий саҳифалардан кўра, гуруҳлар оммабоплиги, Daryo нашрининг Facebook’даги саҳифасига обуна бўлганлар сони 11 мингни ташкил этса, Sayyod.com нинг гуруҳига аъзо бўлганлар сони 13 мингдан ошиб кетганлиги, аммо гуруҳлардан кўра, саҳифалар кўпроқ фойда келтириши, чунки гуруҳга аъзо бўлсагина хабарларни ўқий олиш мумкинлиги, аммо саҳифаларни аъзо бўлмай ҳам кузатиш имкони мавжудлиги, саҳифаларда мавжуд “share” қилиш, неча киши кираётгани ва шунга оид статистикаларни билиш имконияти гуруҳларда мавжуд эмаслиги борасида гапириб ўтди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда бирор хабар ёзишда суратлар ила бойитиш кўпроқ диққатларни жалб қилиши, инсонларга рўйхатли мақолалар ва инфографикалар ёқиши, нашр қилиш учун энг самарали кун СЕШАНБА эканлигини қўшимча қилди. 
Фарҳод Файзуллаев: “Русларда гап бор-ку: «Первый блин комом». Бизники ком эмас, блин эмас, ош бўлиб кетди. Конференция қизиқарли ўтганини маърузачиларга берилган саволлар кўрсатиб берди… Бугунги тадбиримиз нафақат ёшларга, маърузачиларга ҳам фойдали бўлди, деб умид қиламан”.

Фарҳод Файзуллаевнинг Daryo’га, Daryo’нинг Kun’га, Kun’нинг менга хабар қилишига кўра, конференциянинг кейинги сони футбол бўйича 2014 йилги жаҳон чемпионатидан сўнг ўтказилиши кутилмоқда.

МАЪРУЗАЧИЛАР ВА ТИНГЛОВЧИЛАР ЎРТАСИДАГИ САВОЛ-ЖАВОБ ОТИШМАСИДАН ЛАВҲАЛАР:





ШУНИНГДЕК:


Конференцияга ҳаммадан кейин келиб, ҳаммадан аввал кетган Хушнудбек “Маданият ва маърифат” телеканалига интервью беришга ҳам улгурибди :)

Конференцияда саноқли қизлар иштирок этди.


Конференция сўнггида ишланган сурат: Муҳрим Аъзамхўжаев, Хушнудбек Худайбердиев ва Тўлқин Юсуповлар учлиги :) 

Аввал Уммон давлати бор эди, кейин “Уммон” гуруҳи чиқди. Энди эса – “Uznet уммони” конференцияси. (с)


 

3 комментария:

  1. qoyil, bizda ham shunaqa tadbirlar o'tkazilib turarkan )

    ОтветитьУдалить
  2. Katta rahmat judayam mazza qilib o'qidim. Boshqalardan ko'ra yaxshi yozibsiz.

    ОтветитьУдалить
  3. Айнан мана шунга ухшаш конференциялар купрок утказиб турилса Узнет Уммонга айланиши мумкин. )))

    ОтветитьУдалить