вторник, 15 апреля 2014 г.

ЎЗБЛОГГЕРЛАР ЧЕМПИОНАТИ ТАҚДИМОТИ ТАФСИЛОТЛАРИ ВА ФОТОШАРҲЛАР

Хабарингиз бор, 12 апрель куни Тошкент шаҳрида жойлашган “UZINFOCOM” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш марказида ЎзБлоггерлар ўртасида илк маротаба ўтказилган чемпионат ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жамшид Машраповнинг пости, "ДОИМ ОНЛАЙН" сайтидаги "Блоггерлар чемпионати тақдирлов маросими хақида. Ўзимча талқин….." блогпости ва matrix-uz.com сайтидаги "Uzbloggerlar чемпионати ғолиблари тақдирландилар" номли мақоласида  батафсил хабар берилди.

Бир ярим соатдан ортиқ давом этган тақдирлаш маросимида 30 га яқин киши: блоггерлардан Муҳрим Аъзамхўжаев, Диёр Имомхўжаев, Аброр Қодиров, Санжар Рустамов, Жамшид Холиқулов, Муҳаммад Мадраҳимов, Динара Дўлтаева, Соҳиба Ҳайитбоева ва камина Гулрухсор Худайбердиева; ташкилотчи Хушнудбек Худайбердиев; ҳакамлар раиси Тўлқин Юсупов; ҳомийлардан – Muloqot ижтимоий тармоғи ва Daryo интернет-нашрининг раҳбари Фарҳод Файзуллаев, Азизхон Алижонов; “UZINFOCOM” маркази ходимларидан Толиб Мирзақулов, Евгений Скляревский, Диля Ҳасанова, Зумрад Шажалилова; кузатувчилардан  Тўйчи Рўзибоев, Жамшид Машрапов, Бекзод Хўжаназаров ва бошқалар иштирок этишди. 

Иккинчи ўрин совриндори Иноятхон Содиқова хорижда бўлганликлари сабабли, ўринларига волидаи муҳтарамалари ҳамда холалари иштирок этиб, дуолари, ўз фикр-мулоҳазалари ила даврага файз киритиб турдилар.

Тақдирлаш маросимини олиб брган чемпионат ташкилотчиси Хушнудбек Худайбердиевнинг ҳазил-мутойибалари маросимга кўтаринки руҳ, йиғилганларга енгил табассум ҳадя этди.

понедельник, 14 апреля 2014 г.

SAMSUNG ТАҚДИМОТИ ҲАҚИДА: ВОҚЕАЛАР ВА ФИКР-МУЛОҲАЗАЛАР




“Ҳечдан кўра кеч” деганларидек, Samsung Galaxy S5 тақдимоти ҳақида ўз фикрларимни ёзишга қарор қилдим. Ўзига хос сабабларим кеч ёзишимга баҳона бўлиб қолди. 

Ўзблоггерлар ғолибларини тақдирлаш маросимини якунлагач, оралиқдаги танаффусдан сўнг Туркистон санъат саройининг ёзги биноси олдида тўплана бошладик. Ҳавонинг авзойига қарамай, бир зумда тумонат одам йиғилди. Буни одамларнинг компанияга бўлган муносабати, дея тушундим.

Очиқ осмон остида ўтаётгани ҳамда беқарор об-ҳавони ҳисобга олган компания ходимлари кириш эшиги олдида ҳар бир ташриф буюрувчини махсус курткалар билан таъминлади. Қолаверса, ҳар бир ўриндиқ устидан ҳам ташриф буюрувчилар учун гиламча ва яна шундай ёмғирга мўлжалланган целлофан курткалар жой олди. Бу ёғиши аён бўлган ёмғир остида қандай қилиб тақдимотнинг бадиий, интерфаол қисмини кузатишни ўйлаётганлар учун (шахсан мен учун ҳам) айни муддао эди.



Бундан ташқари, ташриф буюрувчиларга компания белгиси туширилган махсус кепка ва футболкалар совға қилинди.

ТАҚДИМОТНИНГ БАДИИЙ ҚИСМИ ҲАҚИДА

ЎЗГАЧА ҚИЁФАДАГИ БОТАНИКА БОҒИ


Боғ яратиш анъанаси бизга қадимдан – Амир Темур бобомиз давриданоқ мерос бўлиб келмоқда. Ўша даврлардан бетакрор боғлар яратилган ва уларга ўзига хос номлар қўйилган: боғи Баланд, боғи Беҳишт, боғи Давлатобод, боғи Дилкушо, боғи Жаҳоннома, боғи Майдон, боғи Нав, боғи Чинор, боғи Шамол. Амир Темур бобомиз Самарқанд атрофида булардан ташқари яна бир нечта боғлар барпо этган: боғи Зоғон, боғи Нақши жаҳон, боғи Амирзода Шоҳрух, боғи Дилафрўз, боғи Шерои, Гулбоғ ва бошқалар бир-биридан қолишмаган.