суббота, 27 июля 2013 г.

ЮЗ СУМ УЧУН ТОПТАЛГАН КАДР ЁХУД ЛОКАЙД ЗАМОНА



Бу воқеага анча бўлди. Ўзи ёзмоқчи эмасдим, аммо шунга ўхшаш ҳодисаларга яна ва яна учрайвергач, ёзишга қарор қилдим. Бу транспортда булган вокеа холос, аммо шу каби холатлар жамиятнинг  бошка кисмларида хам талайгина.

Иссиқ кунларнинг бирида юмуш билан кўчага чиқдим. Ишларим тугагач, уйга томон йўл солдим. Автобус Олой бозори бекатида тўхтаганида, йўловчилар билан  чамаси 65 ёшлардан ошган бир кекса аёл икки қўли тўла юк билан чиқиб, қаршимдаги бўш ўриндиққа ўтирди. Сўнг  автобус ҳам қўзғалди, чиптачи ҳам: йўловчилардан пул териб, чипта тарқата бошлади. Мендан кейин навбат ҳалиги бувига келганда, у чиптачига 500 сўм узатди.
- Ещё сто сум, – деди чиптачи аёл (Дарвоқе, ўша кезлари йўл ҳаққи 600 сўм еди).
- Бошқа пулим қолмади, қизим. Бозорликка ишлатиб қўйибман, – хижолатомуз жавоб берди буви.
- А мне что, проезд 600 сум. Дайте ещё сто сум, - оёғини тираб олди чиптачи ҳам.
- Бошқа пулим қолмади, деяпман-ку. Йўқ пулни қаердан оламан, - одамлар олдида баттар хижолат бўла бошлади буви.
- Это мне не интересно. Ну-ка,  дайте сто сум...

Вазиятни бироз кузатиб турдим. Бунга атрофдагиларнинг муносабатини билиш мен учун қизиқ эди-да.

Тортишув тинай демас, аксинча, авж нуқта томон йўрғаларди. Чиптачи ҳам 100 сўмдан воз кеча қолмади. Автобус тўла оломон. Ишонасизми, бирортаси  “миқ” этмади. Бирортадан ўша савил қолгур 100 сўм чиқмади. Кекса инсонга нисбатан раҳм-шафқат, ҳурмат деган тушунчалар ёт эди транспорт  ичидаги жамиятга.

Ортиқ чидаб тура олмадим, қўлларим чиптачига 100 сўм узатиб юборди. Пулни олгач, овози ўчган чиптачи  узоқлади. Бироқ... Шунча хўрланган буви хўрланишини томошабин бўлиб кузатаётганларга бир қараб, қўлини очиб мени дуо қила кетди:
- Барака топинг, қизим. Илоҳим бахтли бўлинг. Раҳмат, раҳмат...

Шунчалик самимийлик билан қилаётган дуолари, сўзлари виждонимга туз бўлиб сепиларди. Аммо сўзларига қўшилганим ифодаси ўлароқ жилмайиб қўйишга мажбурладим ўзимни.
Бувининг кўзларида ёш қалқиди. Гадога берсангиз ҳам олмайдиган арзимас 100 сўм,айни вазиятда, бир инсон учун катта ёрдам, муаммонинг ечими бўлиб турганди.

Нега атрофимиздагилар ҳаётига бунчалар лоқайдмиз? Нега тепса ҳам тебранмаймиз? Бўлар-бўлмас нарсаларга, кўнгилхушликларга пулни аямай совурамиз-у, нега энг зарур вақтда – инсон қадр-қиммати қадалган нуқтада – чўнтагимиздан сариқ чақа ҳам топилмайқолади? Ахир, 100 сўм нима деган гап? Наҳот, шу чақа инсон қадр-қимматидан устун кела олди... Мен-чи, мен. Нега оломон билан бирга томошабин бўлиб, воқеани “газак” олдирдим?

Балки гап пулда ҳам эмасдир? Инсонларнинг  бир-бирига, воқеаларга нисбатан тобора лоқайд бўлиб бориш илдизини ишончнинг йўқлигига  тақаган бўлардим. Ишончсизлик нимадан келиб чиқади?  Жамиятда фирибгарларнинг  мавжудлигидан. Тасаввур қилинг,  кўчада  кетяпсиз. Бир кекса киши, икки қўлида юк, сиздан манзилга етиб олгунига қадар ёрдам сўради. Лекин у ҳақиқатда ёрдамга муҳтож қариями ёки ёрдамга муҳтож қария ниқоби остидаги ғараз ниятли инсонми, кейин сиз кўтаришга рози бўлган юклар қандай юклар? ичида нима бор? Худо билади. Бировга яхшилик қиламан, кўмак бераман, деб ўзи билмаган ҳолда кимнингдир қабиҳ ниятларини амалга оширишида туртки бўлган, тухматга қолиб суд олдида жавоб беришгача борган одамлар ҳақидаги гаплар тез-тез қулоққа чалиниб турадиган замонда лоқайд оломонни айблаш балки унчалик ҳам тўғри эмасдир...

Балки чиптачи шу 100 сўмдан кеча қолганида... Аммо чиптачилар ҳам эркин шахслар эмаслигини,  давлатга  тўлов тўлаши, ҳисоб бериши лозимлигини унутмаслик керак. Қолаверса,  улар иш тажрибаси давомида “пулим йўқ” – деган нечта бир фирибгарларни кўравериб, кўзлари қотиб кетган. Бу ерда ҳам гапнинг бир учи бориб ишончнинг тугаб-битганига  тақалади.


Хўш, унда нима қилиш, қандай йўл тутиш даркор? Фирибгарларнинг касрига ҳақиқатда ёрдамга мухтож мўмин инсонлар қолиб юраверадими шунақа? Балки инсонларни фарқлай олиш учун эндиликда психология фанини ўрганишни кучайтирармиз? Лоқайдлик афзалми ёки  таваккалчилик?

Хулоса ҳар бир инсоннинг виждон ҳамда ақл ҳамкорлигидаги қарорига ҳавола. Шу ўринда биз ёхуд опамиз, синглимиз, онамиз бўлиши ҳам мумкин эди-ку. Айтиб бўладими, ахир, буни ҳаёт дебдилар...

Ўртоқ  ўқувчи! Мабодо, шуни ҳам ёздингми, майда-чуйда гаплар демоқчи бўлсангиз,  тўфонларга-да сабаб бўлувчи улкан денгизлар  томчидан бошланганидек, йирик муаммолар ҳам дастлаб майда бўлмайдими?

Бекатга етиб келганимни пайқамабман. Диққатимни жамлаб, очилган автобус эшиги томон юра бошлаганимда, кимдир  қўлимдан ушлаб қолди. Ўгирилиб қарасам, ҳалиги буви. Кўзларимга тикилиб туриб, сўнгги марта миннаддорчилик билдирди.

Уй томон қадам ташларканман, қачонлардир ўқиган сўзларим ("Куръон"да келтирилган) қулоқларим остида жаранглади:

“Эй, бандам, мен сени севаман. Менинг меҳрим билан сен ҳам севгувчи бўл!”

Гулрухсор ХУДОЙБЕРДИЕВА

6 комментариев:

  1. Yaqinda 700 sum bulgan paytda ko'pchilikda 100 sum mayda pul topilmasdi ko'pchilik konduktorlarda, ular hozir qaytimini beraman deydida shu bn qaytib bermaganlarni juda ko'p kuzatdim, o'zimda ham shunaqa bulgan. Nima qilardi usha buvini hijolat qilib. Bir tarafdan o'zlari ham qancha odamni qaytimini berishmagan.

    ОтветитьУдалить
    Ответы
    1. Shunaqa qaytim bermagan holatlarni ham ko'p kuzatganman. Kiritsammi dedim-da, yana... Yozsa gap ko'p bu mavzuda.

      Удалить
  2. Аслида, инсон қадрининг пастлиги ҳали ҳам оммавий транспортларда автомат чиптачи эмас, одам-чиптачилар ишлаётганидан маълум... Автоматлаштириш керак, худди метродагига ўхшаш, автобусга чиқаётиб "жетон" ташлайдиган қилиш керак. Пластик карточкалар орқали тўласа бўладиган қилинча янада зўр бўлади.


    “Эй, бандам, мен сени севаман. Менинг меҳрим билан сен ҳам севгувчи бўл!” --- Қуръоннинг қаерида келтирилган бу гап?

    ОтветитьУдалить
  3. Нима учун масалага бир томонлома баҳо берилиши керак? Нима учун ўзимиз ҳам маъсулиятли бўлишимиз, мажбуриятларимизни тўкис адо этиш лозимлиги тўғрисида жиммиз. Яъни жамоат транспортидан фойдаланиш тартиб қоидаларига бўйсинишни ўзимизга одат қилиш ўрнига бировларнинг меҳр-мурувватидан умид қилиб яшаймиз.

    ОтветитьУдалить
  4. Одамларда саховат деган "нарса" деярли қолмади десам балки нотуғри булмас? Хозирга замонда оз миқдорда булсада учраб турадиган саховатли кишиларнихам туман ёки қишлоқлардан топишимиз мумкин, шахарда эса булар деярли йуқ хисобида! (шахарли биродарим мени маъзур тутинг, уз фикримни айтдим)
    Уз навбатида бир шеър ёдимга тушди:
    "...Ожиз бандалардан умидвор булманг
    Суранг саховати чекланмас зотдан
    Оллох ғазаб қилгай сурамак қуйсак
    Инсонлар дарғазаб илтимос қилсак..."

    ОтветитьУдалить