Она мавзуси эски мавзу, бу мавзуда ёзмаган шоир-у ёзувчи, ижодкор топилмаса керак. Оналарга қанча таъриф-у тасниф берсак-да оз. Улар бундан-да юксакларга муносиб. Лекин мен ҳозир олқишлар ёғдирмоқчи эмасман, балки қалбимни бир умр тирнаб келаётган оғриқ, ўйлаб ўйимга етолмаётган мулоҳазаларим, жавобсиз саволларим билан ўртоқлашмоқчиман. Онамни тилга олганда, ер қаъридан отилиб чиқишга шайланган вулқон ҳолатидек, юрагим тубидаги ҳислар ҳам қайнайди, ғалаён қила бошлайди.
Онам бундан 22 йил олдин мен таҳсил олаётган университет (Ўзбекистон Миллий университети) нинг мен таҳсил олаётган факултети (Журналистика) ни тамомлаганлар. Лекин соҳалари бўйича бир кун ҳам ишламадилар. Чунки... Мен дунёга келдим. Ўта нимжонлигим, тез касал бўлиб қолишим Улардан қаттиқ парвариш, кучли эътибор ва меҳнат талаб қилган. Табиийки, улар мени танлаганлар. Бу оналар нигоҳи билан қараганда оддий ҳол: оналик бурчи, вазифасини бажарган холос. Аммо яхшигина қаламлари ҳам бор эди. Талабалик йилларида ёзган газета саҳифаларини безаб турган гўзал чеҳра, майин табассумнинг узундан узун, маънодор шеърларини эсим билан бирга таний бошлаганман.
Чамаси беш ёшларда эдим. Бир уйда, қўшни подездда яшайдиган дугонамнинг онаси телевидениеда ишларди. У аёл жуда чиройли кийинар, ўзига яхшигина эътибор берарди. Ўта маъсулиятли вазифада ишларди чоғи, ишга тонг саҳарда кетиб, кун қорайганда қайтарди. Уни ҳам иккита биз тенги қизалоқлари бўлиб, баъзан уйда, баъзан болалар боғчасида қолдирар эди. Дарвоқе, у ҳозирда вилоятда машҳур тележурналист, ўз касбининг жонкуяр яёли. Ёдимда:
Бир куни онамдан:
- Ая, сиз нега Юлдузни аясидек ишламайсиз, - деб сўрадим онамни ҳам шундай бўлишларини хоҳлаб. Шунда онам:
- Мен эрталабдан кечгача ишда бўлсам, синглинг иккингга ким қарайди? – деб саволимга савол билан жавоб қайтарган эдилар.
Юлдуз ва синглиси мен ва синглим билан дугона эди. Онаси билан бизникига келган чоғлари бирга ўйнаганларимиз ғира-шира ёдимда. Бир куни онаси ишда ушланиб, болалар боғчасига вақтида бора олмаганлиги туфайли боласини олишга борган бошқа бир қўшнимиз уларни ҳам бирга олиб қайтаётган вазият эди. Аммо ярим йўлда тўсатдан онасини кўриб қолиб, “аяжон” деб югурган Юлдузни йўлда машина (хотирам панд бермаса, юк машинаси) уриб кетди. Олти ёшли дугонам ўша заҳоти жон берди...
Бу воқеа ота-онамни сергак торттирди. Онам доим ёнимизда бўлган:
Дастлаб, биз борадиган болалар боғчасига тарбиячи бўлиб ишга кирдилар. Ҳам онамиз, ҳам тарбиячимиз бўлиб тун-у кун парваришладилар. Ёшимиз улғайгач эса биз борадиган мактабга (Қайта тайёрлов курсида ўқиб) ўқитувчи бўлиб келдилар. Аввал, бошланғич синф ўқитувчиси сифатида, биз юқори синфга ўтгач, тил ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлиб ишлай бошладилар. Ҳам онамиз, ҳам устозимиз бўлдилар. Мактабга бирга бориб, бирга қайтардик.
Синглим иккимиз Олий билим юртига қабул қилингач, онам қиз бола бегона шаҳарда ёлғиз қийналиб қолмасин деб, ўқитувчиликдан ҳам воз кечдилар. Барча ишларини ташлаб биз билан бирга пойтахтга келдилар. Онажоним ҳатто шу ерда ҳам ёнимиздалар. Аллоҳга шукр.
Она ҳақида чиройли сўзлар айта олмайман. Уни нимага қиёслашни ҳам билмайман очиғи. Қиёслашга арзирли сўзни топмадим ҳали.
Аммо бир жиҳати борки, мен ФАРЗАНД СИФАТИДА оналарнинг бу даражадаги фидоийликларига унча қўшилмайман. Онамнинг фидоийлигисиз, балки мен ҳозир беғам, беташвиш чой ичиб, ушбу постни ёзиб ўтирмаган бўлармидим. Озми-кўпми эришаётган муваффақиятларимга онам сабабчи, мен уларнинг меҳнатлари маҳсулиман. Аммо барибир қўшилмайман. Чунки мен уларни ўз касби билан шуғилланаётган, орзулари рўёбга чиққан аёл сифатида кўришни, бир бора ўзлари учун ҳам яшашларини хоҳлаганман доим. Бу мен учун оғриқли нуқта. Улар эса фарзандларининг ҳаётида фарзанлари бўлиб яшайдилар, фарзандлари бўлиб нафас оладилар ҳатто. Балки шунинг учун ҳам она ўз номи билан онадир... Билмадим...
Энг қизиғи, фарзандлари учун ўзидан ҳам кечган онажоним менга ҳар замон:
- Сен, албатта, зўр журналист бўлгин. Мен эриша олмаган муваффақиятларга эришгин, орзуларимни рўёбга чиқар, - дейдилар.
Аммо яна ўйлаб қоламан: ҳозир фарзанд сифатида мен уларнинг фидоийликларини қоралаяпман, эрта бир кун уларнинг ўрнида мен ўзим бўлганимда, ОНА СИФАТИДА қандай йўл тутардим? Балки излаган имкон топар? Ҳозирча бу саволларга жавобим йўқ.
ПОСТНИ ЁЗИШИМДАН МАҚСАД НИМА? Онам айтганларидек, Юлдузнинг онасига ўхшаган катта журналист бўлишми ёки онам каби бўлишдан бирортасини танлашми? Ёки онамнинг фидоийликларини улуғлашми?
Буни ёзишдан ҳеч бир мақсад кўзланмаган. Ҳаётий, ўзим билан содир бўлган вокеаларни борича тақдим этдим холос. Эътибор берган бўлсангиз, пост аввалида, бу менинг ўйлаб ўйимга етолмаган мулоҳазаларим, жавобини тополмаган саволларим, деб келтириб ўтдим. Ниятим айнан мана шу мураккабликни сизлар билан бўлишиш эди.
Пост бировни қоралаш ёки улуғлаш фикридан йироқ. Зеро, дилбандидан жудо бўлган онанинг ҳолатини, қайғуларини, кечмишларини ҳеч ким, ҳеч биров, айниқса, четдаги инсон ўша онанинг ўзидек ҳис эта олмайди. Қолаверса, воқеани билвосита гувоҳи бўлганимда, беш ёшда эдим. Аммо четдан туриб, ташқи воқеани кўрган инсонларда бу салбий фикр уйғотгани ҳам бор гап. Ота-онам сергак тортганини бунга мисол қилиб келтирдим юқорида. Аммо ОНАЛАРНИНГ ЯХШИ-ЁМОНИ БЎЛМАЙДИ, ФАҚАТ ЯХШИСИ БЎЛАДИ. Ва бунда ҳеч ким айбдор эмас. Барчамиз Яратган ато этган умрдан зиёдини яшай олмаймиз. Шунчаки кимдир ёки қайси бир воқеа ажалнинг БАҲОНАсига айланиб қолади холос.
Лекин шуни аниқ айта оламанки, ҳеч бир аёл, айниқса, Шарқ аёли, ва айниқса, она касбини қанчалик севмасин, уни оиласидан устун қўймайди асло. Оила билан касбни тенг олиб боришга ҳаракат қилиши мумкиндир, аммо бу дегани улар касбни устун қўйганини эмас, балки ҳар жиҳатдан фаол бўлишга, жамиятда ҳам, ўз оиласида ҳам муносиб ўрин эгаллашга интилишларини англатади. Оилага ҳалал берганда, аёл касбидан ҳам кечади. Хоҳлаб эмас, қалбида йиллаб асраган, йиллаб интилган орзуларини жимгина кўмиб кечади. Фарзандлари учун, оиласи учун. Бу осон эмас. Аёл бўлиш осон эмас...
Пост хулосасиз ва мақсадсиз; реал, тугалланмаган воқеалар жамланмасидан иборат. Воқеанинг давоми каминанинг ҳаётига бурилади.