понедельник, 17 февраля 2014 г.

ОГОҲ БЎЛИНГ, ДОМЛАЖОН!!!


***
Курсдошлар бир-биримиз учун жудаа ғамхўрмиз, тиш-тирноғимиз билан ҳимоя қиламиз биримиз иккинчимизни, ҳатто эплай олмасак-да, ЯХШИЛИК ЙЎЛИДА  қиттак-қиттак ёлғон гапириб ҳам турамиз:

Қайси бир куни ёмон домла (изоҳ: ёмон домла – бу сиқиб сувимизни томчисигача ичадиган, ўта талабчан домла) нинг дарси эди. талабаларни давомат қила бошлади:
- Фалончи Фалончиева?
- Мен.
- Писмадончи Писмадончиев?
- Шу ерда...

Домла ҳар бир “мен” деган овоз эгасига обдон разм солиб, текшириб олди. Бундай вазиятда, келмаган курсдошларимизнинг ўрнига “мен”  дейиш, ўта хавфли. Домлалар ҳам пишиб кетганее, ҳийлаю найрангларимизни беш бармоғидан ҳам яхши билишади, “новинка”ларидан топиш керак, мана шундай пайтларда бир-биримизнинг кунимизга ярамасак, ахир, қачон яраймиз?! Домла давоматда давом этди:
- Фалончиева Фалончи?
- Устоз, уни мазаси йўқ, боя телефон қилиб айтди, ўрнидан туролмай ётган экан, – деди курсимизнинг меҳрибон  онабошиси (изоҳ: стариста). Шундай деб домлани ишонтирган эди ҳамки, “Саломалейкум, киришга мумкинми” деб ҳалиги мазаси бўлмай, ўрнидан тура олмай ётган курсдошимиз эшик қаршисида пайдо бўлса денг... Хонада кулги кўтарилди. Ҳалиги курсдошимиз эса ҳеч нимадан бехабар: - Ҳа, нима бўлди, нега кулвослар, – дерди ажабланиб))


***
Бир куни ўқишга кечикиб бордим. Ўқишимиз биноси қўриқчилар томонидан ёпиб қўйилганди. Аксига олиб муҳрли формам ҳам йўқ.  Таваккалига қўриқчининг олдига бордим:
- Қаерга?
- Дарсга.
- Форма қани?
- Форма кабинетимда. Кириб алмаштириб оламан,  - домла сифатида гапиравердим. Телпакни бостириб олганим, ўша ердаги бир курсдошимнинг огоҳлантиришимга биноан “ассалому алайкум, домла” дейиши билан муаммойим  ҳал бўлди-қолди)))


***
Бир дўстим иккинчи курслигида уйланди. Аммо тўйи куни имтихони бор эди. “Дўстинг учун қон ют” деб ўрнига имтиҳонга киришга рози бўлдим. Кирдим. Текширувда ҳам ҳеч ким сезмади. Мисолларни ишлаб чиқдим ва тўйга равона бўлдим. Хуллас, ўша куни оғайним ҳам имтиҳондан ўтди, ҳам уйланди)))


***
Биз талабаларда баъзи пайтлар  ошиқлик дардига мубтало бўлган кишиникидака аломатлар кузатилиб туради: юрагимиз тез-тез урадимиее, ҳаяжонланамиз, асабийлашамиз ҳам. Бу қанақа пайтлар дейсизми? Сессия пайтларида.

Шу йил қишки сессияда социология домламиз кўпчилигимизни “олиб бориб, олиб келди”. Кимлардир ишини, кимлардир мажлисини қолдирган, кеч соат 17:00 гача факультетда “социология”ни ўқиганмиз, баъзилар тушлик ҳам қилмаган, ошхонаю, буфетлар аллақачон ёпилган, оч-наҳор ўтиришга тўғри келган пайт. Биттама битта домланинг “тегирмони”га тушиб чиқа бошладик:

- Неччига “ёпяпсиз”?
- “5” га, домла!

Отилган 7-8 та савол ўқларидан сўнг:
- “5” га тортмаяпти. Баҳонгиз “4”.
- Имкон беринг?
- Тайёрланиб туринг, қайта топширасиз!

Навбат менга:
- Неччига даъвогарлик қиляпсиз?
- “4” га, устоз!

Савол ўқларини  6-7 марта отган домламиз:
- “4” га етмайди билимингиз, “3” қўяман.
- Йўқ, устоооз, манда  ҳаммаси “4”-“5”, битта сизнинг фанингиздан “3” тушмасин, имкон беринг, - ёлвора бошладим ҳали ҳеч қайси фандан баҳо қўйилмаган зачоткамни қучоқлаб.
- Тайёрланиб туринг унда, – деди кўнгли бўшаган домламиз навбатдаги “ўлжа”ни чорлаётиб.

- Неччига “ёпяпсиз”?
- “3” га!
- Ман сизга умуман баҳо қўя олмайман, мана шундан бошқа балл тўпламагансиз, – деди ҳукм ўқилаётган курсдошимизга  журнални кўрсатиб.
- Домла…

Хуллас, домламизнинг тактикаси “5” чиларни  “4” га,  “4”чиларни “3” га, “3”ларни хвастичкага тушириб ташлаяпти. Буни тушуниб етган бир курсдошимиз:

- Қараб туринглар, ман ҳозир “4” имни муаммосиз олиб кетаман, психологик усул қўллаймиз, – дедию мардонавор домланинг пешонасига келиб жойлашиб олди.
- Конспект?
- Мана.
- Неччига ёпяпсиз? – одатий саволни берди домла конспектдан кўзини узмай.
- “5” га!

Савол-жавобдан сўнг:
- “5” қўёлмайман, “4” қўяман.
- Устоз, ман “5” га ҳаракат қилётгандим-да.
- Йўқ, йўқ, баҳонгиз “4”.
- Майли, розиман. Раҳмат, устоз)))


***
Бир йили Турин шаҳрида ўқиш учун университетимизга грантлар келди. Грантга топширмоқчи бўлдик. Жуда шўх гуруҳ бўлганимиз учунми, домлалар: “Булар барибир ўтолмайди, майли, топшириб кўришсин, сазаси ўлмасин” – дейишди. Шу гап роса алам қилиб кетиб, бутун гуруҳимиз билан грантга ҳаракат қилдик. Ҳамма ҳужжатлар тахт бўлган, имтиҳондан 2 кун олдин шунақа қаттиқ ўқидик. Курсдошларимиз билан имтиҳон куни тонггача астойидил китоб титкилаганмиз. Кўзимни очсам, курсдошим ухлаб ётибди.

- Тур, имтиҳонга кеч қоламиз, - турткиладим.
- Боравер, мен бормайман, - жавоб берди уйқу зўрлик  қилиб.

Бир амаллаб уйғотиб олдим. Кўчага чиқсак, обед бўлиб кетган денг  О.О  Ётоқхонага бордик, у ерда ҳам ҳамма ухлаб ётибди. Имтиҳон топширадиган жойга борсак, ҳеч ким йўқ: бизни кутиб-кутиб кетишган экан. Хуллас, шу куни имтиҳонга бирортамиз  қатнаша олмаганмиз)))


***
Математика фани семинарларида ҳаммамиз ўрнимизга фанни энг яхши биладиган бир курсдошимизни тургизиб қўярдик. Ҳафтасига 4 марта дарс бўлса, тўрт марта ҳам шу курсдошимизнинг тили билан баҳо олардик. Чунки, домламизнинг кўриш қобилияти жуда паст бўлиб, доскага ёзаётгандагина кўзойнак тақардилар, ўтирганда, семинар сўраётганда ечиб қўярдилар. Домламизнинг кўзойнаксиз одам танимасликлари биз талабаларга роса қўл келган.


***
Биринчи пара маъруза. Домламиз жон куйдириб алланималарни тушунтиряпти. Хона сув қуйгандек жим-жит. Ёппасига конспект ёзяпмиз. Домламиз мени тинглашяпти, ҳатто маърузамни ёзиб олишяпти, деб ўйлаб биз талабаларидан жудаа мамнун. Аслида, бутун диққатимиз иккинчи пара бўладиган семинарда)))

Дарвоқе, конспект ҳақида: навбат билан бир киши ёзган конспектни навбат билан барчамиз кўчирамиз. Уйда китоб варақлаб, тер тўкииб конспект ёзиш қайдаю, тайёрга айёрлик қайда. 90 % бир хил конспект. Қарабсизки, ТО КОНСПЕКТДАГИ ГАПЛАР ТУГАГУНЧА, семинарда  ҳаммамиз қўл кўтарган, ҳаммамиз фаол, жон-жаҳдимиз билан биринчи бўлиб гапиришга уринамиз)))


***
Сессиядан кейинги дарслардан бирида  эдик. Шу пайт хонага “ёпган” баҳоларимизни эълон қилгани домла кириб келди:
- Фалончи Фалончиева “4”, Фалончи Писмадончиева “5”...

Мен барча фанлардан аълога топширганим туфайли кўнглим аанча хотиржам, тўқ эди.

- Фалончи Фалончиева “3” – кутилмаганда айтилган кутилмаган натижадан ҳамма эсанкираб қолди:
- Йўғееее?
- Олааааа.
- Балки янглиш ўқигандирсиз?
- Бу курсдошимиз доим аъло баҳоларга ўқийди, - хонани эътирозли овозлар қуршаб олди.
- Йўқ, янглишганим йўқ, амалиёти “3” экан, – деди кўзларига ишонмай қоғозга қайта синчиклаб қараган домла ҳам.

Гап декангача етиб борди. Масалага алоқадор домлалар декан хонасида йиғилишди. Билсак, бу ўтган йили ўтаган  амалиётимизнинг баҳоси бўлиб, шу семестрга таъсири бор экан. Атайин қўйган бўлса-да, бошқа сирлари фош бўлиб қолишидан чўчиган домла:
- Бу қиз аълочи, амалиётларни зўр ўтаган. 87 балл чиқаргандим, қандай қилиб 70 балл бўлиб қолди...

- Мен бунақа мужмал баҳо қўймайман, - деди баҳоларни қўйган домла ҳам эътироз билдириб.

Хуллас, операция “Ы” бошланди: деканнинг столи операция учун тайёрланди. “Бемор” ведомость ётқизилиб, декан бошчилигидаги операцияга старт берилди:
- Лезва... Ўчирғич... Қалам... Ручка...


***
Ёзган жорий, оралиқ, баъзан якунийларимиз чиқмай қолиши бу “нормал” ҳолатга айланиб боряпти. Билмайман нима бўлади-қўяди, бошқа ҳужжатларга қоришиб кетадими ё бошқа жойини топиб оладими... Хуллас, баъзан шунақаси ҳам бўлиб туради. “Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор” деганларидек, баъзан жорийми, оралиқми, рефератми – бирортасини умуман ёзмаган бўлсак ҳам, домлаларнинг шу хатосини дастак қилиб оламиз:

- Фалончиева, учинчи жорийни топширмабсиз?
- Домла, ман топширганманкуу, – кўзларини лўқ қилиб жавоб берди курсдошларимдан бири.
- Қачон топширгандингиз? –сўради гапига ишониб, ўзидан шубҳалана бошлаган домламиз.
- Ҳаммасини ўз ўрнида, ўз вақтида топширгандим, нега чиқмайди? – деди ўз ёлғонига ўзи ҳам ишонаёзиб.

Айбни ўзидан кўрган домла етмаган баллни лом-лим демай қўшиб берди.



ИЗОҲ: Барча  ҳикоячалар  турли университет ҳамда институт талабалари ҳаётида бўлиб ўтган воқеалар асосида ёзилди.

Бизнинг қитмирликларимиз замирида курсдошимиз, дўстимизни ҳимоя қилиш, жонига оро кириш; қандай қилиб бўлмасин мақсадимизга эришиш, ҳаракат ётади. Олға интилиш яхши, албатта. ФАҚАТ ўз мақсадларимизга эришиш йўлида ҳеч нарсадан тап тортмаслигимиз, эгри йўлларни-да қўллашимиз баъзан бошқаларга қимматга тушиши, зиёни тегиши мумкинлиги ҳақида ҳам унутмайлик.

суббота, 1 февраля 2014 г.

ЎЗ УЙИДА ЎЗИ ИЧКУЁВ ёхуд МУРОЖААТНОМА

Ҳар бир халқ, миллат ўз урф-одатлари, анъаналарини асраши, ўзлигини сақлаши керак...

Юқоридагига ўхшаш гапларга кўзимиз кўп тушади, йўқ  деганда ҳам икки-уч марта дуч келганмиз. Шу каби гаплар ҳатто аллақачон шиоримизга-да айланиб улгурган. Бир жиҳатдан бу мулоҳаза қилишга ундайди.

Урф-одат ва анъаналар халқ кўзгуси, миллат юзи. Уларни асраб-авайлаб ўзимиздан кейинги авлод қўлига эсон-омон, бус-бутун топширишимиз ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Лекин барча урф-одатларимизга нисбатан шундай деб айта оламизми? Сизни билмадиму, азиз ўқувчи, мен бундай деб ҳисобламайман. Урф-одатлар дарахт бўлганида, мен улардан БАЪЗИларини таг томири билан суғуриб улоқтирардим. Шулардан бири тўйларимиздаги айрим бидъат урф-одатлар: гарчи бир неча йиллардан буён оммавий ахборот воситалари – телевидение, радио, матбуот орқали тинмай қораланиб, бонг урилаётган бўлса-да, Тошкент шаҳри, Тошкент вилоятидан тортиб, жанубий вилоятлар (Қашқадарё ва Сурхондарёнинг бир нечта туманлари) га қадар қулоч ёзиб бораётган мебелбозлик, “уй тўлдириш” удуми. Шунча курашишларга қарамай, бу “касаллик” бошқа вилоятларга ҳам “юқиб” бораётгани ачинарли.

Сақичдек чайналавериб сийқаси чиқиб кетган бу мавзуни навбатдаги қора пиарга айлантириш фикридан йироқман. Шунчаки бу борадаги аччиқ қарашларим оз бўлса-да мулоҳаза қилишга сабаб бўлса, мақсадимга эришган бўлардим.

Бўйи етган қиз бўлганим учунми, жамиятдаги турмушга боғлиқ икир-чикирлар билан ҳам бевосита, ҳам билвосита тўқнаша бошладим. Мен улғайган муҳитда ҳаммаси оддий, содда бўлиб, пойтахт удумлари ҳақида узунқулоқ гаплар бўлГАН холос.

Яқинда бир дугонамиз тўйи ёзилган видеотасмани кўриб тенгдош қизлар йиғилиб қолдик. Гап айланиб мебеллар мавзусига уланиб кетди: сифати яхши, арзонроқ мебеллар қайси дўконларда сотилаётганлигию, ҳозирда мебеллар нарх-навоси қанчадан қанчалигигача. Қизларнинг бунақа суҳбатида илк бор қатнашаётганим учунми менга анча ғалати туюлди. Бир вақтлар тоғаларимнинг никоҳ тўйлари арафасида бобомнинг бу борадаги  ҳаракатлари хаёлимдан ўтиб, рўпарамдаги ҳолатни ҳеч “ҳазм” қила олмадим. Қизларнинг уй тўлдириш масалалари билан шуғулланиши, қайғуриши кўзимга хунук кўриниб кетди.

Тўй борасида икки тараф зиммасига катта ҳаражат тушиши табиий ҳолат. Аммо шундоқ ҳам катта ҳаражатдан негадир ҳеееч қониқмаймиз-да, яна-да улкан ҳаражатга нима етсин-а. Майли, эртага кунимиз қоқ нонга қолса ҳам, пул кетса кетсин, обрў кетмасин, обрў. “Душманларимиз аламидан куйиб ўлсин” деймизда)))

Қолаверса, ёш келин-куёв ўз ҳаётининг молиявий пойдеворини қуриш учун ота-она кўмагига мухтож бўлади. Бу ҳам табиий ҳолат. Аммо ота-онамиз кўзимизга Оловуддиннинг сеҳрли чироғи бўлиб кўринадими билмайман, муҳайё қилар экан деб бира тўла ўн йилга етарли нарса-буюмларни ғамлаб оламиз. Гўё бу давр оралиғида ишламай ётиб ейдиган одамлардек. Бунақа пайт ҳаётимизда биир мартагина бўлса, фойдаланиб қолайлик, деймизда)))

Келиннинг мебели ёқмаганлиги туфайли қанчадан қанча ёшларнинг фотиҳаси тўйига оз фурсат қолганда бузилаётганини, оилалар ўртасига совуқчилик тушаётганини, мебелининг “бир чақага қимматлиги” учун қизлар тушган хонадонида беҳурмат қилиниши ҳақида тез-тез эшитаман, баъзан ўзим гувоҳи бўламан. Наҳот, биз учун шу матоҳлар  инсоний фазилатлардан устун бўлса? Минг марта айтилган гапни бир минг биринчи бўлиб такрорласам ҳам, ДУНЁНИ ЗАБТ ЭТГАН ИСКАНДАР ҲАМ НАРИГИ ДУНЁГА ОЧИҚ ҚЎЛ БИЛАН КЕТГАН. Бундан ибрат олиш, чуқурроқ ҳис этиш учун биз ҳам ўлим бўсағасига боришимиз шартми?!

Энг ачинарлиси - оила устунларининг бу борада ЛОҚАЙДЛИГИ. Ҳа, буни лоқайдлик деб атадим. Чунки, эр кишига қараганда аёллар табиати буюмларга ўчроқ бўлади. Шу каби удумларимиз аёллар томонидан яратилган бўлса ажабмас.

Оталаримиз янги хонадонида қизим тили қисиқ бўлмасин, қийналмасин, деб бунга кўз юмадилар. Уларни тушунса бўлади. Лекин ўзингизга бир савол бериб кўринг: ҳали никоҳингизга олмасданоқ, БИЛИБ-БИЛМАЙ бўлажак  аёлингизнинг нозик елкаларига ўз бурчингизни юклаяпсиз. Аксинча, унга паноҳ, суянч бўлингиз керакмасми? Бўлажак аёлингиз ўзига тўқ хонадондандир, ҳаммасига қурби етар, у бундан нолимас ҳам, АММО бу Сизнинг бурчингиз!!! Уники эмас.

Шарт эмас қимматбаҳо буюмлар олишингиз, энг кераклисини харид қилинг. Қурбингиз етганича қилинг. Олмасангиз ҳам, майли. Аёлингизга  сизнинг соғлиғингиз, меҳрингиз керак. Эр кишининг боши омон бўлса, қолгани шунинг орқасидан келаверади. Аммо бизга юкламанг, илтимос!

Аввало, аёлларнинг оиладаги вазифаси нима? Оила тўкислигини таъминлаш, кам-кўстини ямаш, уйни жиҳозлашми ёки фарзанд дунёга келтириб, уни тарбиялаш, оиланинг иссиқ-совуғидан бохабар бўлиб, рўзғор ишлари билан шуғулланишми?  Ўрни келганда оила бошлиғи ким эканлигини минг марта бўлсин такрорлаб чарчамайдиган  ҳурматли эркакларимиз, бу оҳори тўкилган мавзуда яна бир бора ўйлаб кўринг.

Удум шунақа дейсизми? Мантиқсиз, маза-матрасиз удумларни рўкач қилмайлик. Биз инсонларга онг яхшини ёмондан, тўғрини эгридан ажратиб олиш учун берилмаганми?! Эрлик ғурурингиз, орингиз телба-тескари бир удум томонидан ер билан битта қилинмаяптимикан... Таъкидлаганингиздек, сиз оила қўрғонисиз, биз аёллар тизгини ҳам сизнинг қўлингизда ва бунга фақатгина Сиз нуқта қўя оласиз. Айнан Сизга мурожаат қилишимнинг боиси ҳам шунда.

Ушбу гапларим билан ғурурингизни қитиқлаш ниятим йўқ эди, мен фақат ҳамма ўз вазифасида, ўз бурчида қолишини шу жамиятнинг куюнчак аъзоси сифатида чин дилдан хоҳлайман.

Пост сўнгида айтмоқчи бўлган фикрларимни тўлалигича етказиб бера оладиган қулоққа чалинган бир диалогни келтиришни маъқул топдим:

- Кечирасиз, куёв бола!
- Лаббай?
- Бу пардаларни ўзларинг қилдингларми?
- Йўқ, келин тараф.
- Мебел?
- Уни ҳам.
- Ие, демак жиҳозларнинг ҳаммасини келин бола қилибди-да?
- Ҳа.
- Курткангиз чиройли экан, қаердан олдингиз?
- Қайнонам совға қилган.
- Ие, кийимларни ҳам-а?
- Ҳа.
- Ич кийимларни ҳамми? O_O
- Ҳа, буларни ҳам.
- Шошманг, сиз ўз уйингизда ичкуёвга айланиб қолибсизку, куёв бола (меҳмон қаҳ-қаҳ отиб кулади)

Гулрухсор ХУДАЙБЕРДИЕВА
01.02.2014

четверг, 2 января 2014 г.

ОИЛА ЁКИ КАСБ?

Она мавзуси эски мавзу, бу мавзуда ёзмаган шоир-у ёзувчи, ижодкор топилмаса керак. Оналарга қанча таъриф-у тасниф берсак-да оз. Улар бундан-да юксакларга муносиб. Лекин мен ҳозир олқишлар ёғдирмоқчи эмасман, балки қалбимни бир умр тирнаб келаётган оғриқ, ўйлаб ўйимга етолмаётган мулоҳазаларим, жавобсиз саволларим билан ўртоқлашмоқчиман. Онамни тилга олганда, ер қаъридан отилиб чиқишга шайланган вулқон ҳолатидек, юрагим тубидаги ҳислар ҳам қайнайди, ғалаён қила бошлайди.

Онам бундан 22 йил олдин мен таҳсил олаётган университет (Ўзбекистон Миллий университети) нинг мен таҳсил олаётган факултети (Журналистика) ни тамомлаганлар. Лекин соҳалари бўйича бир кун ҳам  ишламадилар. Чунки... Мен дунёга келдим. Ўта нимжонлигим, тез касал бўлиб қолишим Улардан қаттиқ парвариш, кучли эътибор ва меҳнат талаб қилган. Табиийки, улар мени танлаганлар. Бу оналар нигоҳи билан қараганда оддий ҳол: оналик бурчи, вазифасини бажарган холос. Аммо яхшигина қаламлари ҳам бор эди. Талабалик йилларида ёзган газета саҳифаларини безаб турган гўзал чеҳра, майин табассумнинг узундан узун, маънодор шеърларини эсим билан бирга таний бошлаганман.

Чамаси беш ёшларда эдим. Бир уйда, қўшни подездда яшайдиган дугонамнинг онаси телевидениеда ишларди. У аёл жуда чиройли кийинар, ўзига яхшигина эътибор берарди. Ўта маъсулиятли вазифада ишларди чоғи,  ишга тонг саҳарда кетиб, кун  қорайганда қайтарди. Уни ҳам иккита биз тенги қизалоқлари бўлиб, баъзан уйда, баъзан болалар боғчасида қолдирар эди. Дарвоқе, у ҳозирда вилоятда машҳур тележурналист, ўз касбининг жонкуяр яёли. Ёдимда:
Бир куни онамдан:
- Ая, сиз нега Юлдузни аясидек ишламайсиз, - деб сўрадим онамни ҳам шундай бўлишларини хоҳлаб. Шунда онам:
- Мен эрталабдан кечгача ишда бўлсам, синглинг иккингга ким қарайди? – деб саволимга савол билан жавоб қайтарган эдилар. 

Юлдуз ва синглиси мен ва синглим билан дугона эди. Онаси билан бизникига келган чоғлари бирга ўйнаганларимиз ғира-шира ёдимда. Бир куни онаси ишда ушланиб, болалар боғчасига вақтида бора олмаганлиги туфайли боласини олишга борган бошқа бир қўшнимиз уларни ҳам бирга олиб қайтаётган вазият эди. Аммо ярим йўлда тўсатдан онасини кўриб қолиб,  “аяжон” деб югурган Юлдузни йўлда машина (хотирам панд бермаса, юк машинаси) уриб кетди. Олти ёшли дугонам ўша заҳоти жон берди... 

Бу воқеа ота-онамни сергак торттирди. Онам доим ёнимизда бўлган:
Дастлаб, биз борадиган болалар боғчасига тарбиячи бўлиб ишга кирдилар. Ҳам онамиз, ҳам тарбиячимиз бўлиб тун-у кун парваришладилар. Ёшимиз улғайгач эса биз борадиган мактабга (Қайта тайёрлов курсида ўқиб) ўқитувчи бўлиб келдилар. Аввал, бошланғич синф ўқитувчиси сифатида, биз юқори синфга ўтгач, тил ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлиб ишлай бошладилар. Ҳам онамиз, ҳам устозимиз бўлдилар. Мактабга бирга бориб, бирга қайтардик.
Синглим иккимиз Олий билим юртига қабул қилингач, онам қиз бола бегона шаҳарда ёлғиз қийналиб қолмасин деб, ўқитувчиликдан ҳам воз кечдилар. Барча ишларини ташлаб биз билан бирга пойтахтга келдилар. Онажоним ҳатто шу ерда ҳам ёнимиздалар. Аллоҳга шукр.
Она ҳақида чиройли сўзлар айта олмайман. Уни нимага қиёслашни ҳам билмайман очиғи. Қиёслашга арзирли сўзни топмадим ҳали.

Аммо бир жиҳати борки, мен ФАРЗАНД СИФАТИДА оналарнинг бу даражадаги фидоийликларига унча қўшилмайман. Онамнинг фидоийлигисиз, балки мен ҳозир беғам, беташвиш чой ичиб, ушбу постни ёзиб ўтирмаган бўлармидим. Озми-кўпми эришаётган муваффақиятларимга онам сабабчи, мен уларнинг меҳнатлари маҳсулиман. Аммо барибир қўшилмайман. Чунки мен уларни ўз касби билан шуғилланаётган, орзулари рўёбга чиққан аёл сифатида кўришни, бир бора ўзлари учун ҳам яшашларини  хоҳлаганман доим. Бу мен учун оғриқли нуқта. Улар эса фарзандларининг ҳаётида фарзанлари бўлиб яшайдилар, фарзандлари бўлиб нафас оладилар ҳатто. Балки шунинг учун ҳам она ўз номи билан онадир... Билмадим...

Энг қизиғи, фарзандлари учун ўзидан ҳам кечган онажоним менга ҳар замон:
- Сен, албатта, зўр журналист бўлгин.  Мен эриша олмаган муваффақиятларга эришгин, орзуларимни рўёбга чиқар, - дейдилар.

Аммо яна ўйлаб қоламан: ҳозир фарзанд сифатида мен уларнинг фидоийликларини қоралаяпман, эрта бир кун уларнинг ўрнида мен ўзим бўлганимда, ОНА СИФАТИДА  қандай йўл тутардим? Балки излаган имкон топар? Ҳозирча бу саволларга жавобим йўқ.

ПОСТНИ ЁЗИШИМДАН МАҚСАД НИМА? Онам айтганларидек,  Юлдузнинг онасига ўхшаган катта журналист бўлишми ёки онам каби бўлишдан бирортасини танлашми? Ёки онамнинг фидоийликларини улуғлашми? 

Буни ёзишдан ҳеч бир мақсад кўзланмаган. Ҳаётий, ўзим билан содир бўлган вокеаларни борича тақдим этдим холос. Эътибор берган бўлсангиз, пост аввалида, бу менинг ўйлаб ўйимга етолмаган мулоҳазаларим, жавобини тополмаган саволларим, деб келтириб ўтдим. Ниятим айнан мана шу мураккабликни сизлар  билан бўлишиш эди.

Пост бировни қоралаш ёки улуғлаш фикридан йироқ. Зеро, дилбандидан жудо бўлган онанинг ҳолатини, қайғуларини, кечмишларини  ҳеч ким, ҳеч биров, айниқса, четдаги инсон ўша онанинг ўзидек ҳис эта олмайди. Қолаверса, воқеани билвосита гувоҳи бўлганимда, беш ёшда эдим. Аммо четдан туриб, ташқи воқеани кўрган инсонларда бу салбий фикр уйғотгани ҳам бор гап. Ота-онам сергак тортганини бунга мисол қилиб келтирдим юқорида. Аммо ОНАЛАРНИНГ ЯХШИ-ЁМОНИ БЎЛМАЙДИ, ФАҚАТ ЯХШИСИ БЎЛАДИ. Ва бунда ҳеч ким айбдор эмас. Барчамиз Яратган ато этган умрдан зиёдини яшай олмаймиз. Шунчаки кимдир ёки қайси бир воқеа ажалнинг БАҲОНАсига айланиб қолади холос.

Лекин шуни аниқ айта оламанки, ҳеч бир аёл, айниқса, Шарқ аёли, ва айниқса, она касбини қанчалик севмасин, уни оиласидан устун қўймайди асло. Оила билан касбни тенг олиб боришга ҳаракат қилиши мумкиндир, аммо бу дегани улар касбни устун қўйганини эмас, балки  ҳар жиҳатдан фаол бўлишга, жамиятда ҳам, ўз оиласида ҳам муносиб ўрин эгаллашга интилишларини англатади. Оилага ҳалал берганда, аёл касбидан ҳам кечади. Хоҳлаб эмас, қалбида йиллаб асраган, йиллаб интилган орзуларини жимгина кўмиб  кечади. Фарзандлари учун, оиласи учун. Бу осон эмас. Аёл бўлиш осон эмас...

Пост хулосасиз ва мақсадсиз; реал, тугалланмаган  воқеалар жамланмасидан иборат. Воқеанинг давоми каминанинг ҳаётига бурилади.

понедельник, 25 ноября 2013 г.

АЙТСАМ ТИЛИМ, АЙТМАСАМ ДИЛИМ

Гапни нимадан бошлашга ҳам иккиланиб қолдим. Хуллас, қадрдон блогим, сенга таълим тизими ҳақида дард-хасратларимни дастурхон қилмасам, портлаб кетаман.

Вилоятдаги таълим тизимига билвосита гувоҳ бўлганим учун ҳам, талабаларни дарсларга қатнашмай, ишлаб юришларини кўриб, “борсак ҳам, бормасак ҳам барибир ёппасига беришимизга тўғри келади, “4”лик фалон сўм, “5”лик писмадон сўм” ва шу қабилдаги гапларни талабаларнинг ўз оғзиларидан эшитганим учун ҳам доим пойтахтда таълим олишга интилганман.

Лицейни тамомлаб, бир йил ўқишга киролмадим. Ҳозир Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетида таҳсил олиш бахтига муяссар бўлганимга ҳам 3 йил бўлибди. Оллоҳга шукр. Шу 3 йил мобайнида қинғирликларга деярли гувоҳ бўлмадим. Илм олиш пайида бўлган талабаларга барча имкониятлар мужассам.Аммо:

Иккинчи даражали фанларга йўналиш фанлардан кўра кўпроқ диққат қаратилиши бироз тушунарсиз. Биринчи курсда илк семестр мобайнида икки пара қўйилган “Олий математика” кейинги йил биринчи курс талабалари учун иккинчи семестрга ҳам узайтирилди. Фан мутахассиси фанини қанчалик яхши ўтмасин, Олий математикани жуда оз сонли журналист талабалар яхши тушунади, асосан, пойдевори бўлган 10 фоиз талабалар ўзлаштиради. Қолган 90 фоиз талаба давомат учун ўтириб беради холос. Мутахассислиги бўлмаган фанларни чуқурлаштириб юбориш, талабаларнинг миясини “ачитиш”дан бошқа нарса эмас.

Бу борада мурожаат қилинганда, “Бу Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўрнатилган жадвал, биз ўзгартира олмаймиз” – деган жавоб олинган.

Энг қизиғи: иккинчи курс бошида жадвалда география фанини кўриб, ҳайрон қолдик: “Устоз, географияни биринчи курсда ўтган эдик-ку, бу бир семестрлик фан эмасмиди?” - деганимизда, устознинг “Тўғри, бир семестрлик фан. Аммо ўтган йили жадвалга адашиб қўйиб юборилган экан, аслида энди ўтилиши керак экан” -  деган жавобидан яна-да ҳайрон қолганмиз. Шундай   қилиб,   биринчи  курсда  жадвалда  адашиб  қолган  географияни кейинги  йили  икки  парадан қилиб ўтдик. Иш жараёнида қайсидир фаннинг бир
семестрлик таълими  ва ойлик маошининг хатолик туфайли бошқа бир ўқитувчига ўтиб кетиши, сарфланган вақт учун ким жавобгар?

Ундан ҳам қизиғи: мана шу йил жадвалга бизнинг наздимизда бир хил бўлиб қолган
(аслида эса иккита умуман бошқа-бошқа) фанлар - “Социология” ва “ОАВ социологияси” – қўйилгани бўлди. “Социология”дан эшитган гапларимизни кейинги пара “ОАВ социологияси”дан ҳам эшитамиз ёки шуни ҳам эшитмаймиз. "ОАВ социологияси" фанидан мутахассиснинг йўқлиги ва фан доирасида адабиётларнинг етишмаслиги, борларининг жахон стандартларига жавоб бермаслигини кўриш мумкин. Ўтилаётган маданиятшунослик фанининг мавзулари ҳам ўтган йилги "маънавият асослари”нинг мавзуларидан фарқ қилмайди. Ўша-ўша гаплар.

Тўғри, журналистлар ҳамма соҳалардан хабардор бўлиши лозим. Кўп фанларни ўзлаштириш билим доирасининг кенгайишига хизмат қилади. Аммо биринчи навбатда ўз соҳасини чуқурроқ ўрганиши керак эмасми?!

Йўналиш фанлар учун ҳафтасига бир пара ажратилиб ёки уларнинг баъзи ўқитувчилар томонидан бўш тартибда ўтилиши ҳолатида, баъзи иккинчи даражали фанларнинг эса ҳафтасига икки пара қўйилиши ёки қаттиқ тартибда ўтилишини ёки юқорида келтирганим кулгили–ачинарли ҳолатларни қандай тушуниш мумкин?!

Дарс жадвалларини белгилайдиган Таълим вазирлиги бу борада яна-да чуқурроқ ўйлаб
кўрса, мақсадга мувофиқ бўлармиди. Ахир, йўналиш фанларни бўғиб туриб, қандай қилиб
етук кадрлар етиштириш мумкин?! Таълим соҳасидаги муҳим билан ўта муҳимни фарқлай олмаслик яхши оқибатларга олиб келмаслиги аниқ.


воскресенье, 6 октября 2013 г.

KAMALAKKINAM


Kamalakni yaxshi ko’raman.Uning rang-barangligi hayotimga o’zgacha mazmun kasb etgan doim. Mening kuchim. Ilhom manbaim. Sevgim mujassam hilqat. Hayotdagi qora ranglardan holi, beg’uborim. Naqadar beg’uborlik… Ishongim kelmaydi. Shunaqasi ham bo’lar ekan-da?! Huddiki, botqoqlikda o’sadigan nilufar kabi. Ba’zi nihollar-u  gullarga qancha yaxshi sharoit yaratib bersang-da unib keta olmagan sharoitda, Kamalak shunday kuchli e’tiqodga egaki, chirkin muhitda ham asl o’zligini saqlagan holda namoyon bo’la oladi.

Shunchalar jozibadorki, qani endi tuta olsam, doim yonimda bo’lsa, istagan paytimda ko’ra olsam, to’ya olsam… Shu kabi xom-xayollarga berilib ketib, uning g’oyib bo’lganini sezmay qoladi kishi. Hafsalang pir bo’lib intilganim shu edimi deysan-u, o’sha xom-xayollar qalbingning tubiga cho’kadi.Va bu cho’kindi vaqti-vaqti bilan loyqalanib, hayotni xira pardaga o’rab oladi.

Ammo Kamalak ham uni doim aro yo’lda qoldirib ketadigan shu yomg’ir bilan, shu quyosh bilan kamalak. Garchi bevafo bo’lsa-da, ularsiz kamalak ham mavjud emas. Insonlarda ham shunday: “Odam odam bilan tirik” bo’lib, “Kuch birlikda”. Suv yuzasida qalqib turgan moy tomchisini ham o’sha ”jamiyat”dan yaxlitligicha ajratib bo’lmaydi. Suv bilan qo’shilib keta olmasa ham, u shu muhit a’zosi. Etni tirnoqdan ajratib bo’lmagani kabi hammasi bir-biriga chambarchas bog’liq.Va tabiatga hammasi birdek muhim: suv ham, moy ham, yomg’irsifat insonlar ham, kamalaklar ham, quyoshlar ham.

Kamalaksiz hayot faqat oq-qora ranglardangina iborat bo’lib qolardi. Tasavvur qilaylik, tabiatning rang-barangligi so’rib olinsa, qanday fojea… Oq-qora televizorni birpas ko’rsak, yuragimiz siqilib ketadiku, butun boshli tabiatni esa tasavvur etishga qo’rqadi kishi. Qalb ham shu kabi: hayotning go’zalligini har bir rangda his etib yashash qaydayu, aksi qayda. Hammasi bizning MUNOSABATimiz mahsuli. Inson o’z munosabatining mevasi. Yaratganning yaratuvchisi.

Yomg’ir yog’yapti... Juda uzoq yog’vordi o’zi ham. Ammo bu uzoq yomg’irdan so’ng yana kamalak chiqishiga ishonaman. Faqat o’shanga qadar Buyuk Yo’l sari shoshayotgan Vaqt aravasining oyoqlari ostida yanchilib ketmasam bo'ldi…

суббота, 27 июля 2013 г.

ЮЗ СУМ УЧУН ТОПТАЛГАН КАДР ЁХУД ЛОКАЙД ЗАМОНА



Бу воқеага анча бўлди. Ўзи ёзмоқчи эмасдим, аммо шунга ўхшаш ҳодисаларга яна ва яна учрайвергач, ёзишга қарор қилдим. Бу транспортда булган вокеа холос, аммо шу каби холатлар жамиятнинг  бошка кисмларида хам талайгина.

Иссиқ кунларнинг бирида юмуш билан кўчага чиқдим. Ишларим тугагач, уйга томон йўл солдим. Автобус Олой бозори бекатида тўхтаганида, йўловчилар билан  чамаси 65 ёшлардан ошган бир кекса аёл икки қўли тўла юк билан чиқиб, қаршимдаги бўш ўриндиққа ўтирди. Сўнг  автобус ҳам қўзғалди, чиптачи ҳам: йўловчилардан пул териб, чипта тарқата бошлади. Мендан кейин навбат ҳалиги бувига келганда, у чиптачига 500 сўм узатди.
- Ещё сто сум, – деди чиптачи аёл (Дарвоқе, ўша кезлари йўл ҳаққи 600 сўм еди).
- Бошқа пулим қолмади, қизим. Бозорликка ишлатиб қўйибман, – хижолатомуз жавоб берди буви.
- А мне что, проезд 600 сум. Дайте ещё сто сум, - оёғини тираб олди чиптачи ҳам.
- Бошқа пулим қолмади, деяпман-ку. Йўқ пулни қаердан оламан, - одамлар олдида баттар хижолат бўла бошлади буви.
- Это мне не интересно. Ну-ка,  дайте сто сум...

Вазиятни бироз кузатиб турдим. Бунга атрофдагиларнинг муносабатини билиш мен учун қизиқ эди-да.

Тортишув тинай демас, аксинча, авж нуқта томон йўрғаларди. Чиптачи ҳам 100 сўмдан воз кеча қолмади. Автобус тўла оломон. Ишонасизми, бирортаси  “миқ” этмади. Бирортадан ўша савил қолгур 100 сўм чиқмади. Кекса инсонга нисбатан раҳм-шафқат, ҳурмат деган тушунчалар ёт эди транспорт  ичидаги жамиятга.

Ортиқ чидаб тура олмадим, қўлларим чиптачига 100 сўм узатиб юборди. Пулни олгач, овози ўчган чиптачи  узоқлади. Бироқ... Шунча хўрланган буви хўрланишини томошабин бўлиб кузатаётганларга бир қараб, қўлини очиб мени дуо қила кетди:
- Барака топинг, қизим. Илоҳим бахтли бўлинг. Раҳмат, раҳмат...

Шунчалик самимийлик билан қилаётган дуолари, сўзлари виждонимга туз бўлиб сепиларди. Аммо сўзларига қўшилганим ифодаси ўлароқ жилмайиб қўйишга мажбурладим ўзимни.
Бувининг кўзларида ёш қалқиди. Гадога берсангиз ҳам олмайдиган арзимас 100 сўм,айни вазиятда, бир инсон учун катта ёрдам, муаммонинг ечими бўлиб турганди.

Нега атрофимиздагилар ҳаётига бунчалар лоқайдмиз? Нега тепса ҳам тебранмаймиз? Бўлар-бўлмас нарсаларга, кўнгилхушликларга пулни аямай совурамиз-у, нега энг зарур вақтда – инсон қадр-қиммати қадалган нуқтада – чўнтагимиздан сариқ чақа ҳам топилмайқолади? Ахир, 100 сўм нима деган гап? Наҳот, шу чақа инсон қадр-қимматидан устун кела олди... Мен-чи, мен. Нега оломон билан бирга томошабин бўлиб, воқеани “газак” олдирдим?

Балки гап пулда ҳам эмасдир? Инсонларнинг  бир-бирига, воқеаларга нисбатан тобора лоқайд бўлиб бориш илдизини ишончнинг йўқлигига  тақаган бўлардим. Ишончсизлик нимадан келиб чиқади?  Жамиятда фирибгарларнинг  мавжудлигидан. Тасаввур қилинг,  кўчада  кетяпсиз. Бир кекса киши, икки қўлида юк, сиздан манзилга етиб олгунига қадар ёрдам сўради. Лекин у ҳақиқатда ёрдамга муҳтож қариями ёки ёрдамга муҳтож қария ниқоби остидаги ғараз ниятли инсонми, кейин сиз кўтаришга рози бўлган юклар қандай юклар? ичида нима бор? Худо билади. Бировга яхшилик қиламан, кўмак бераман, деб ўзи билмаган ҳолда кимнингдир қабиҳ ниятларини амалга оширишида туртки бўлган, тухматга қолиб суд олдида жавоб беришгача борган одамлар ҳақидаги гаплар тез-тез қулоққа чалиниб турадиган замонда лоқайд оломонни айблаш балки унчалик ҳам тўғри эмасдир...

Балки чиптачи шу 100 сўмдан кеча қолганида... Аммо чиптачилар ҳам эркин шахслар эмаслигини,  давлатга  тўлов тўлаши, ҳисоб бериши лозимлигини унутмаслик керак. Қолаверса,  улар иш тажрибаси давомида “пулим йўқ” – деган нечта бир фирибгарларни кўравериб, кўзлари қотиб кетган. Бу ерда ҳам гапнинг бир учи бориб ишончнинг тугаб-битганига  тақалади.


Хўш, унда нима қилиш, қандай йўл тутиш даркор? Фирибгарларнинг касрига ҳақиқатда ёрдамга мухтож мўмин инсонлар қолиб юраверадими шунақа? Балки инсонларни фарқлай олиш учун эндиликда психология фанини ўрганишни кучайтирармиз? Лоқайдлик афзалми ёки  таваккалчилик?

Хулоса ҳар бир инсоннинг виждон ҳамда ақл ҳамкорлигидаги қарорига ҳавола. Шу ўринда биз ёхуд опамиз, синглимиз, онамиз бўлиши ҳам мумкин эди-ку. Айтиб бўладими, ахир, буни ҳаёт дебдилар...

Ўртоқ  ўқувчи! Мабодо, шуни ҳам ёздингми, майда-чуйда гаплар демоқчи бўлсангиз,  тўфонларга-да сабаб бўлувчи улкан денгизлар  томчидан бошланганидек, йирик муаммолар ҳам дастлаб майда бўлмайдими?

Бекатга етиб келганимни пайқамабман. Диққатимни жамлаб, очилган автобус эшиги томон юра бошлаганимда, кимдир  қўлимдан ушлаб қолди. Ўгирилиб қарасам, ҳалиги буви. Кўзларимга тикилиб туриб, сўнгги марта миннаддорчилик билдирди.

Уй томон қадам ташларканман, қачонлардир ўқиган сўзларим ("Куръон"да келтирилган) қулоқларим остида жаранглади:

“Эй, бандам, мен сени севаман. Менинг меҳрим билан сен ҳам севгувчи бўл!”

Гулрухсор ХУДОЙБЕРДИЕВА

четверг, 18 июля 2013 г.

“ТОШ”СИЗ БАҚА

Туғилибон  очиб  кўзини,
Тошкосада  кўрди  ўзини.
“Бу  не  кулфат, бу  не бахтсизлик,
Наҳот, дунё тўла  ҳақсизлик?”

Косаси  билан йилдан йилга,
Ўсар  унинг қайғуси бирга.
Орзулари дилида қистар:
“Юк”дан фориғ бўлмоқни истар.

Парвозни  у  хоҳларди яна,
Мақсадига етди-ку ана:
“Ошиқ” бўлди унга сор бургут,
Тошбақахўр ёр-беор бургут.
Кўтарибон осмон-фалакка,
Ва етказди азал тилакка.

Бургут учун орзулари бир чақа
Бахтдан масрур, кар, кўр,  бечора бақа,
Қайдан билсин ерга қулаётганин,
Ажалга рўбарў келаётганин?!

Ниятларин рўёби-ла тошбақа
Бой берди косасин,
Энди у  “тош”сиз бақа.
На бақа ва на тошбақа.

Ва оқибат сор бургутга ем,
Борлиқ соқов,  тили кесик,  жим.

Инсон  ҳам  шунақа,  жасади  жарда,
Ўзлигидан  кечса  агарда.
Ҳеч ким эмасдир у, ҳеч замон,  ҳеч  он,
На одам эрур ва на ҳайвон.
Орзуларни тўғри танлаш ҳам санъат,
Хом  хаёллик  бошга келтирар кулфат.

18.07.2013