четверг, 2 января 2014 г.

ОИЛА ЁКИ КАСБ?

Она мавзуси эски мавзу, бу мавзуда ёзмаган шоир-у ёзувчи, ижодкор топилмаса керак. Оналарга қанча таъриф-у тасниф берсак-да оз. Улар бундан-да юксакларга муносиб. Лекин мен ҳозир олқишлар ёғдирмоқчи эмасман, балки қалбимни бир умр тирнаб келаётган оғриқ, ўйлаб ўйимга етолмаётган мулоҳазаларим, жавобсиз саволларим билан ўртоқлашмоқчиман. Онамни тилга олганда, ер қаъридан отилиб чиқишга шайланган вулқон ҳолатидек, юрагим тубидаги ҳислар ҳам қайнайди, ғалаён қила бошлайди.

Онам бундан 22 йил олдин мен таҳсил олаётган университет (Ўзбекистон Миллий университети) нинг мен таҳсил олаётган факултети (Журналистика) ни тамомлаганлар. Лекин соҳалари бўйича бир кун ҳам  ишламадилар. Чунки... Мен дунёга келдим. Ўта нимжонлигим, тез касал бўлиб қолишим Улардан қаттиқ парвариш, кучли эътибор ва меҳнат талаб қилган. Табиийки, улар мени танлаганлар. Бу оналар нигоҳи билан қараганда оддий ҳол: оналик бурчи, вазифасини бажарган холос. Аммо яхшигина қаламлари ҳам бор эди. Талабалик йилларида ёзган газета саҳифаларини безаб турган гўзал чеҳра, майин табассумнинг узундан узун, маънодор шеърларини эсим билан бирга таний бошлаганман.

Чамаси беш ёшларда эдим. Бир уйда, қўшни подездда яшайдиган дугонамнинг онаси телевидениеда ишларди. У аёл жуда чиройли кийинар, ўзига яхшигина эътибор берарди. Ўта маъсулиятли вазифада ишларди чоғи,  ишга тонг саҳарда кетиб, кун  қорайганда қайтарди. Уни ҳам иккита биз тенги қизалоқлари бўлиб, баъзан уйда, баъзан болалар боғчасида қолдирар эди. Дарвоқе, у ҳозирда вилоятда машҳур тележурналист, ўз касбининг жонкуяр яёли. Ёдимда:
Бир куни онамдан:
- Ая, сиз нега Юлдузни аясидек ишламайсиз, - деб сўрадим онамни ҳам шундай бўлишларини хоҳлаб. Шунда онам:
- Мен эрталабдан кечгача ишда бўлсам, синглинг иккингга ким қарайди? – деб саволимга савол билан жавоб қайтарган эдилар. 

Юлдуз ва синглиси мен ва синглим билан дугона эди. Онаси билан бизникига келган чоғлари бирга ўйнаганларимиз ғира-шира ёдимда. Бир куни онаси ишда ушланиб, болалар боғчасига вақтида бора олмаганлиги туфайли боласини олишга борган бошқа бир қўшнимиз уларни ҳам бирга олиб қайтаётган вазият эди. Аммо ярим йўлда тўсатдан онасини кўриб қолиб,  “аяжон” деб югурган Юлдузни йўлда машина (хотирам панд бермаса, юк машинаси) уриб кетди. Олти ёшли дугонам ўша заҳоти жон берди... 

Бу воқеа ота-онамни сергак торттирди. Онам доим ёнимизда бўлган:
Дастлаб, биз борадиган болалар боғчасига тарбиячи бўлиб ишга кирдилар. Ҳам онамиз, ҳам тарбиячимиз бўлиб тун-у кун парваришладилар. Ёшимиз улғайгач эса биз борадиган мактабга (Қайта тайёрлов курсида ўқиб) ўқитувчи бўлиб келдилар. Аввал, бошланғич синф ўқитувчиси сифатида, биз юқори синфга ўтгач, тил ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлиб ишлай бошладилар. Ҳам онамиз, ҳам устозимиз бўлдилар. Мактабга бирга бориб, бирга қайтардик.
Синглим иккимиз Олий билим юртига қабул қилингач, онам қиз бола бегона шаҳарда ёлғиз қийналиб қолмасин деб, ўқитувчиликдан ҳам воз кечдилар. Барча ишларини ташлаб биз билан бирга пойтахтга келдилар. Онажоним ҳатто шу ерда ҳам ёнимиздалар. Аллоҳга шукр.
Она ҳақида чиройли сўзлар айта олмайман. Уни нимага қиёслашни ҳам билмайман очиғи. Қиёслашга арзирли сўзни топмадим ҳали.

Аммо бир жиҳати борки, мен ФАРЗАНД СИФАТИДА оналарнинг бу даражадаги фидоийликларига унча қўшилмайман. Онамнинг фидоийлигисиз, балки мен ҳозир беғам, беташвиш чой ичиб, ушбу постни ёзиб ўтирмаган бўлармидим. Озми-кўпми эришаётган муваффақиятларимга онам сабабчи, мен уларнинг меҳнатлари маҳсулиман. Аммо барибир қўшилмайман. Чунки мен уларни ўз касби билан шуғилланаётган, орзулари рўёбга чиққан аёл сифатида кўришни, бир бора ўзлари учун ҳам яшашларини  хоҳлаганман доим. Бу мен учун оғриқли нуқта. Улар эса фарзандларининг ҳаётида фарзанлари бўлиб яшайдилар, фарзандлари бўлиб нафас оладилар ҳатто. Балки шунинг учун ҳам она ўз номи билан онадир... Билмадим...

Энг қизиғи, фарзандлари учун ўзидан ҳам кечган онажоним менга ҳар замон:
- Сен, албатта, зўр журналист бўлгин.  Мен эриша олмаган муваффақиятларга эришгин, орзуларимни рўёбга чиқар, - дейдилар.

Аммо яна ўйлаб қоламан: ҳозир фарзанд сифатида мен уларнинг фидоийликларини қоралаяпман, эрта бир кун уларнинг ўрнида мен ўзим бўлганимда, ОНА СИФАТИДА  қандай йўл тутардим? Балки излаган имкон топар? Ҳозирча бу саволларга жавобим йўқ.

ПОСТНИ ЁЗИШИМДАН МАҚСАД НИМА? Онам айтганларидек,  Юлдузнинг онасига ўхшаган катта журналист бўлишми ёки онам каби бўлишдан бирортасини танлашми? Ёки онамнинг фидоийликларини улуғлашми? 

Буни ёзишдан ҳеч бир мақсад кўзланмаган. Ҳаётий, ўзим билан содир бўлган вокеаларни борича тақдим этдим холос. Эътибор берган бўлсангиз, пост аввалида, бу менинг ўйлаб ўйимга етолмаган мулоҳазаларим, жавобини тополмаган саволларим, деб келтириб ўтдим. Ниятим айнан мана шу мураккабликни сизлар  билан бўлишиш эди.

Пост бировни қоралаш ёки улуғлаш фикридан йироқ. Зеро, дилбандидан жудо бўлган онанинг ҳолатини, қайғуларини, кечмишларини  ҳеч ким, ҳеч биров, айниқса, четдаги инсон ўша онанинг ўзидек ҳис эта олмайди. Қолаверса, воқеани билвосита гувоҳи бўлганимда, беш ёшда эдим. Аммо четдан туриб, ташқи воқеани кўрган инсонларда бу салбий фикр уйғотгани ҳам бор гап. Ота-онам сергак тортганини бунга мисол қилиб келтирдим юқорида. Аммо ОНАЛАРНИНГ ЯХШИ-ЁМОНИ БЎЛМАЙДИ, ФАҚАТ ЯХШИСИ БЎЛАДИ. Ва бунда ҳеч ким айбдор эмас. Барчамиз Яратган ато этган умрдан зиёдини яшай олмаймиз. Шунчаки кимдир ёки қайси бир воқеа ажалнинг БАҲОНАсига айланиб қолади холос.

Лекин шуни аниқ айта оламанки, ҳеч бир аёл, айниқса, Шарқ аёли, ва айниқса, она касбини қанчалик севмасин, уни оиласидан устун қўймайди асло. Оила билан касбни тенг олиб боришга ҳаракат қилиши мумкиндир, аммо бу дегани улар касбни устун қўйганини эмас, балки  ҳар жиҳатдан фаол бўлишга, жамиятда ҳам, ўз оиласида ҳам муносиб ўрин эгаллашга интилишларини англатади. Оилага ҳалал берганда, аёл касбидан ҳам кечади. Хоҳлаб эмас, қалбида йиллаб асраган, йиллаб интилган орзуларини жимгина кўмиб  кечади. Фарзандлари учун, оиласи учун. Бу осон эмас. Аёл бўлиш осон эмас...

Пост хулосасиз ва мақсадсиз; реал, тугалланмаган  воқеалар жамланмасидан иборат. Воқеанинг давоми каминанинг ҳаётига бурилади.

понедельник, 25 ноября 2013 г.

АЙТСАМ ТИЛИМ, АЙТМАСАМ ДИЛИМ

Гапни нимадан бошлашга ҳам иккиланиб қолдим. Хуллас, қадрдон блогим, сенга таълим тизими ҳақида дард-хасратларимни дастурхон қилмасам, портлаб кетаман.

Вилоятдаги таълим тизимига билвосита гувоҳ бўлганим учун ҳам, талабаларни дарсларга қатнашмай, ишлаб юришларини кўриб, “борсак ҳам, бормасак ҳам барибир ёппасига беришимизга тўғри келади, “4”лик фалон сўм, “5”лик писмадон сўм” ва шу қабилдаги гапларни талабаларнинг ўз оғзиларидан эшитганим учун ҳам доим пойтахтда таълим олишга интилганман.

Лицейни тамомлаб, бир йил ўқишга киролмадим. Ҳозир Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетида таҳсил олиш бахтига муяссар бўлганимга ҳам 3 йил бўлибди. Оллоҳга шукр. Шу 3 йил мобайнида қинғирликларга деярли гувоҳ бўлмадим. Илм олиш пайида бўлган талабаларга барча имкониятлар мужассам.Аммо:

Иккинчи даражали фанларга йўналиш фанлардан кўра кўпроқ диққат қаратилиши бироз тушунарсиз. Биринчи курсда илк семестр мобайнида икки пара қўйилган “Олий математика” кейинги йил биринчи курс талабалари учун иккинчи семестрга ҳам узайтирилди. Фан мутахассиси фанини қанчалик яхши ўтмасин, Олий математикани жуда оз сонли журналист талабалар яхши тушунади, асосан, пойдевори бўлган 10 фоиз талабалар ўзлаштиради. Қолган 90 фоиз талаба давомат учун ўтириб беради холос. Мутахассислиги бўлмаган фанларни чуқурлаштириб юбориш, талабаларнинг миясини “ачитиш”дан бошқа нарса эмас.

Бу борада мурожаат қилинганда, “Бу Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўрнатилган жадвал, биз ўзгартира олмаймиз” – деган жавоб олинган.

Энг қизиғи: иккинчи курс бошида жадвалда география фанини кўриб, ҳайрон қолдик: “Устоз, географияни биринчи курсда ўтган эдик-ку, бу бир семестрлик фан эмасмиди?” - деганимизда, устознинг “Тўғри, бир семестрлик фан. Аммо ўтган йили жадвалга адашиб қўйиб юборилган экан, аслида энди ўтилиши керак экан” -  деган жавобидан яна-да ҳайрон қолганмиз. Шундай   қилиб,   биринчи  курсда  жадвалда  адашиб  қолган  географияни кейинги  йили  икки  парадан қилиб ўтдик. Иш жараёнида қайсидир фаннинг бир
семестрлик таълими  ва ойлик маошининг хатолик туфайли бошқа бир ўқитувчига ўтиб кетиши, сарфланган вақт учун ким жавобгар?

Ундан ҳам қизиғи: мана шу йил жадвалга бизнинг наздимизда бир хил бўлиб қолган
(аслида эса иккита умуман бошқа-бошқа) фанлар - “Социология” ва “ОАВ социологияси” – қўйилгани бўлди. “Социология”дан эшитган гапларимизни кейинги пара “ОАВ социологияси”дан ҳам эшитамиз ёки шуни ҳам эшитмаймиз. "ОАВ социологияси" фанидан мутахассиснинг йўқлиги ва фан доирасида адабиётларнинг етишмаслиги, борларининг жахон стандартларига жавоб бермаслигини кўриш мумкин. Ўтилаётган маданиятшунослик фанининг мавзулари ҳам ўтган йилги "маънавият асослари”нинг мавзуларидан фарқ қилмайди. Ўша-ўша гаплар.

Тўғри, журналистлар ҳамма соҳалардан хабардор бўлиши лозим. Кўп фанларни ўзлаштириш билим доирасининг кенгайишига хизмат қилади. Аммо биринчи навбатда ўз соҳасини чуқурроқ ўрганиши керак эмасми?!

Йўналиш фанлар учун ҳафтасига бир пара ажратилиб ёки уларнинг баъзи ўқитувчилар томонидан бўш тартибда ўтилиши ҳолатида, баъзи иккинчи даражали фанларнинг эса ҳафтасига икки пара қўйилиши ёки қаттиқ тартибда ўтилишини ёки юқорида келтирганим кулгили–ачинарли ҳолатларни қандай тушуниш мумкин?!

Дарс жадвалларини белгилайдиган Таълим вазирлиги бу борада яна-да чуқурроқ ўйлаб
кўрса, мақсадга мувофиқ бўлармиди. Ахир, йўналиш фанларни бўғиб туриб, қандай қилиб
етук кадрлар етиштириш мумкин?! Таълим соҳасидаги муҳим билан ўта муҳимни фарқлай олмаслик яхши оқибатларга олиб келмаслиги аниқ.


воскресенье, 6 октября 2013 г.

KAMALAKKINAM


Kamalakni yaxshi ko’raman.Uning rang-barangligi hayotimga o’zgacha mazmun kasb etgan doim. Mening kuchim. Ilhom manbaim. Sevgim mujassam hilqat. Hayotdagi qora ranglardan holi, beg’uborim. Naqadar beg’uborlik… Ishongim kelmaydi. Shunaqasi ham bo’lar ekan-da?! Huddiki, botqoqlikda o’sadigan nilufar kabi. Ba’zi nihollar-u  gullarga qancha yaxshi sharoit yaratib bersang-da unib keta olmagan sharoitda, Kamalak shunday kuchli e’tiqodga egaki, chirkin muhitda ham asl o’zligini saqlagan holda namoyon bo’la oladi.

Shunchalar jozibadorki, qani endi tuta olsam, doim yonimda bo’lsa, istagan paytimda ko’ra olsam, to’ya olsam… Shu kabi xom-xayollarga berilib ketib, uning g’oyib bo’lganini sezmay qoladi kishi. Hafsalang pir bo’lib intilganim shu edimi deysan-u, o’sha xom-xayollar qalbingning tubiga cho’kadi.Va bu cho’kindi vaqti-vaqti bilan loyqalanib, hayotni xira pardaga o’rab oladi.

Ammo Kamalak ham uni doim aro yo’lda qoldirib ketadigan shu yomg’ir bilan, shu quyosh bilan kamalak. Garchi bevafo bo’lsa-da, ularsiz kamalak ham mavjud emas. Insonlarda ham shunday: “Odam odam bilan tirik” bo’lib, “Kuch birlikda”. Suv yuzasida qalqib turgan moy tomchisini ham o’sha ”jamiyat”dan yaxlitligicha ajratib bo’lmaydi. Suv bilan qo’shilib keta olmasa ham, u shu muhit a’zosi. Etni tirnoqdan ajratib bo’lmagani kabi hammasi bir-biriga chambarchas bog’liq.Va tabiatga hammasi birdek muhim: suv ham, moy ham, yomg’irsifat insonlar ham, kamalaklar ham, quyoshlar ham.

Kamalaksiz hayot faqat oq-qora ranglardangina iborat bo’lib qolardi. Tasavvur qilaylik, tabiatning rang-barangligi so’rib olinsa, qanday fojea… Oq-qora televizorni birpas ko’rsak, yuragimiz siqilib ketadiku, butun boshli tabiatni esa tasavvur etishga qo’rqadi kishi. Qalb ham shu kabi: hayotning go’zalligini har bir rangda his etib yashash qaydayu, aksi qayda. Hammasi bizning MUNOSABATimiz mahsuli. Inson o’z munosabatining mevasi. Yaratganning yaratuvchisi.

Yomg’ir yog’yapti... Juda uzoq yog’vordi o’zi ham. Ammo bu uzoq yomg’irdan so’ng yana kamalak chiqishiga ishonaman. Faqat o’shanga qadar Buyuk Yo’l sari shoshayotgan Vaqt aravasining oyoqlari ostida yanchilib ketmasam bo'ldi…

суббота, 27 июля 2013 г.

ЮЗ СУМ УЧУН ТОПТАЛГАН КАДР ЁХУД ЛОКАЙД ЗАМОНА



Бу воқеага анча бўлди. Ўзи ёзмоқчи эмасдим, аммо шунга ўхшаш ҳодисаларга яна ва яна учрайвергач, ёзишга қарор қилдим. Бу транспортда булган вокеа холос, аммо шу каби холатлар жамиятнинг  бошка кисмларида хам талайгина.

Иссиқ кунларнинг бирида юмуш билан кўчага чиқдим. Ишларим тугагач, уйга томон йўл солдим. Автобус Олой бозори бекатида тўхтаганида, йўловчилар билан  чамаси 65 ёшлардан ошган бир кекса аёл икки қўли тўла юк билан чиқиб, қаршимдаги бўш ўриндиққа ўтирди. Сўнг  автобус ҳам қўзғалди, чиптачи ҳам: йўловчилардан пул териб, чипта тарқата бошлади. Мендан кейин навбат ҳалиги бувига келганда, у чиптачига 500 сўм узатди.
- Ещё сто сум, – деди чиптачи аёл (Дарвоқе, ўша кезлари йўл ҳаққи 600 сўм еди).
- Бошқа пулим қолмади, қизим. Бозорликка ишлатиб қўйибман, – хижолатомуз жавоб берди буви.
- А мне что, проезд 600 сум. Дайте ещё сто сум, - оёғини тираб олди чиптачи ҳам.
- Бошқа пулим қолмади, деяпман-ку. Йўқ пулни қаердан оламан, - одамлар олдида баттар хижолат бўла бошлади буви.
- Это мне не интересно. Ну-ка,  дайте сто сум...

Вазиятни бироз кузатиб турдим. Бунга атрофдагиларнинг муносабатини билиш мен учун қизиқ эди-да.

Тортишув тинай демас, аксинча, авж нуқта томон йўрғаларди. Чиптачи ҳам 100 сўмдан воз кеча қолмади. Автобус тўла оломон. Ишонасизми, бирортаси  “миқ” этмади. Бирортадан ўша савил қолгур 100 сўм чиқмади. Кекса инсонга нисбатан раҳм-шафқат, ҳурмат деган тушунчалар ёт эди транспорт  ичидаги жамиятга.

Ортиқ чидаб тура олмадим, қўлларим чиптачига 100 сўм узатиб юборди. Пулни олгач, овози ўчган чиптачи  узоқлади. Бироқ... Шунча хўрланган буви хўрланишини томошабин бўлиб кузатаётганларга бир қараб, қўлини очиб мени дуо қила кетди:
- Барака топинг, қизим. Илоҳим бахтли бўлинг. Раҳмат, раҳмат...

Шунчалик самимийлик билан қилаётган дуолари, сўзлари виждонимга туз бўлиб сепиларди. Аммо сўзларига қўшилганим ифодаси ўлароқ жилмайиб қўйишга мажбурладим ўзимни.
Бувининг кўзларида ёш қалқиди. Гадога берсангиз ҳам олмайдиган арзимас 100 сўм,айни вазиятда, бир инсон учун катта ёрдам, муаммонинг ечими бўлиб турганди.

Нега атрофимиздагилар ҳаётига бунчалар лоқайдмиз? Нега тепса ҳам тебранмаймиз? Бўлар-бўлмас нарсаларга, кўнгилхушликларга пулни аямай совурамиз-у, нега энг зарур вақтда – инсон қадр-қиммати қадалган нуқтада – чўнтагимиздан сариқ чақа ҳам топилмайқолади? Ахир, 100 сўм нима деган гап? Наҳот, шу чақа инсон қадр-қимматидан устун кела олди... Мен-чи, мен. Нега оломон билан бирга томошабин бўлиб, воқеани “газак” олдирдим?

Балки гап пулда ҳам эмасдир? Инсонларнинг  бир-бирига, воқеаларга нисбатан тобора лоқайд бўлиб бориш илдизини ишончнинг йўқлигига  тақаган бўлардим. Ишончсизлик нимадан келиб чиқади?  Жамиятда фирибгарларнинг  мавжудлигидан. Тасаввур қилинг,  кўчада  кетяпсиз. Бир кекса киши, икки қўлида юк, сиздан манзилга етиб олгунига қадар ёрдам сўради. Лекин у ҳақиқатда ёрдамга муҳтож қариями ёки ёрдамга муҳтож қария ниқоби остидаги ғараз ниятли инсонми, кейин сиз кўтаришга рози бўлган юклар қандай юклар? ичида нима бор? Худо билади. Бировга яхшилик қиламан, кўмак бераман, деб ўзи билмаган ҳолда кимнингдир қабиҳ ниятларини амалга оширишида туртки бўлган, тухматга қолиб суд олдида жавоб беришгача борган одамлар ҳақидаги гаплар тез-тез қулоққа чалиниб турадиган замонда лоқайд оломонни айблаш балки унчалик ҳам тўғри эмасдир...

Балки чиптачи шу 100 сўмдан кеча қолганида... Аммо чиптачилар ҳам эркин шахслар эмаслигини,  давлатга  тўлов тўлаши, ҳисоб бериши лозимлигини унутмаслик керак. Қолаверса,  улар иш тажрибаси давомида “пулим йўқ” – деган нечта бир фирибгарларни кўравериб, кўзлари қотиб кетган. Бу ерда ҳам гапнинг бир учи бориб ишончнинг тугаб-битганига  тақалади.


Хўш, унда нима қилиш, қандай йўл тутиш даркор? Фирибгарларнинг касрига ҳақиқатда ёрдамга мухтож мўмин инсонлар қолиб юраверадими шунақа? Балки инсонларни фарқлай олиш учун эндиликда психология фанини ўрганишни кучайтирармиз? Лоқайдлик афзалми ёки  таваккалчилик?

Хулоса ҳар бир инсоннинг виждон ҳамда ақл ҳамкорлигидаги қарорига ҳавола. Шу ўринда биз ёхуд опамиз, синглимиз, онамиз бўлиши ҳам мумкин эди-ку. Айтиб бўладими, ахир, буни ҳаёт дебдилар...

Ўртоқ  ўқувчи! Мабодо, шуни ҳам ёздингми, майда-чуйда гаплар демоқчи бўлсангиз,  тўфонларга-да сабаб бўлувчи улкан денгизлар  томчидан бошланганидек, йирик муаммолар ҳам дастлаб майда бўлмайдими?

Бекатга етиб келганимни пайқамабман. Диққатимни жамлаб, очилган автобус эшиги томон юра бошлаганимда, кимдир  қўлимдан ушлаб қолди. Ўгирилиб қарасам, ҳалиги буви. Кўзларимга тикилиб туриб, сўнгги марта миннаддорчилик билдирди.

Уй томон қадам ташларканман, қачонлардир ўқиган сўзларим ("Куръон"да келтирилган) қулоқларим остида жаранглади:

“Эй, бандам, мен сени севаман. Менинг меҳрим билан сен ҳам севгувчи бўл!”

Гулрухсор ХУДОЙБЕРДИЕВА

четверг, 18 июля 2013 г.

“ТОШ”СИЗ БАҚА

Туғилибон  очиб  кўзини,
Тошкосада  кўрди  ўзини.
“Бу  не  кулфат, бу  не бахтсизлик,
Наҳот, дунё тўла  ҳақсизлик?”

Косаси  билан йилдан йилга,
Ўсар  унинг қайғуси бирга.
Орзулари дилида қистар:
“Юк”дан фориғ бўлмоқни истар.

Парвозни  у  хоҳларди яна,
Мақсадига етди-ку ана:
“Ошиқ” бўлди унга сор бургут,
Тошбақахўр ёр-беор бургут.
Кўтарибон осмон-фалакка,
Ва етказди азал тилакка.

Бургут учун орзулари бир чақа
Бахтдан масрур, кар, кўр,  бечора бақа,
Қайдан билсин ерга қулаётганин,
Ажалга рўбарў келаётганин?!

Ниятларин рўёби-ла тошбақа
Бой берди косасин,
Энди у  “тош”сиз бақа.
На бақа ва на тошбақа.

Ва оқибат сор бургутга ем,
Борлиқ соқов,  тили кесик,  жим.

Инсон  ҳам  шунақа,  жасади  жарда,
Ўзлигидан  кечса  агарда.
Ҳеч ким эмасдир у, ҳеч замон,  ҳеч  он,
На одам эрур ва на ҳайвон.
Орзуларни тўғри танлаш ҳам санъат,
Хом  хаёллик  бошга келтирар кулфат.

18.07.2013

понедельник, 20 мая 2013 г.

КУРАШ– МЕЗБОНЛАР ВА МЕҲМОНЛАР НИГОҲИДА

Алимардон полвон Валиев ва Қўлдош полвон Худойқулов

Президент соврини учун Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган халқаро турнир юқори савияда ўтди. Анъанага кўра, мазкур турнир кураш бўйича фаҳрий мураббий Алимардон полвон Валиев, фаҳрийлар ўртасида жаҳон чемпиони Қўлдош полвон Худойқуловлар ҳамда кураш мактабида таълим олаётган бўлажак полвонларнинг кўргазмали чиқиши билан бошланди. Беллашув дуранг натижа билан якунланди. Мусобақани бошлаб берган фаҳрий ва ёш полвонлар Сурхондарё вилоят ҳокими Нормўмин Чориев томонидан тақдирланди. Фурсатдан фойдаланиб, Қўлдош полвон Худойқуловни суҳбатга тортдик:

- Билишимизча, фахрийлар ўртасида жаҳон чемпиони экансиз. Курашда эришган ютуқларингиз билан ўртоқлашсангиз?
- Ўтган йилларда бир қатор мусобақаларда иштирок этдим. 2003 йил Тошкентда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлдим. 2005 йил Термизда бўлиб ўтган мусобақада 3 ўринни эгалладим.

- Курашга меҳр қўйишингизга ким сабаб бўлган?
- Кураш билан 1955 йилдан шуғулланаман. Кураш тушиш авлоддан авлодга мерос бўлиб келаётир. Спортнинг бу турини танлашимда отамнинг хизматлари катта. У киши ўз даврининг машҳур полвонларидан бири эди. Тўй ва сайлларда қизиқарли кураш намойиш этиб, биз ёшларнинг ҳавасини ўйғотарди.

- Сизнингча, полвонларда қанақа яхши хислатлар мужассам бўлиши керак?
- Полвонлар иноснийлик, мардлик, жасурлик, ҳалоллик каби юксак фазилатларга эга бўлади. Полвоннинг хислатлари халқимиз қалбида минг йиллардан буён чечак очиб келаётган “Алпомиш” достонида жуда яхши тасвирлаб берилган.

- Кураш келажагини қандай тасаввур эта оласиз?
- Мустақиллигимизга 22 йил тўлган бўлса, шу давр мобайнида юртбошимиз ташаббуси билан ўзбек кураши дунёга танилди. Келажакдаги натижалар янада юксак бўлишига, Олимпия ўйинларига киришига ишончим катта.

Суҳбатни фахрий мураббий Алимардон полвон Валиев билан давом этдирди:

- Айни пайтда спортни, хусусан, курашни ривиожланатириш бўйича юртимизда олиб борилаётган ишлар ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?
- Болалик давримизда спортни оммавийлаштиришга бундай эътибор қаратилмаган. Ўтган йилларда жаҳоннинг қатор давлатларида ўтказилган спорт мусобақаларида қатнашдим. Элим обрўси учун гиламга тушиб, совринли ўринларни қўлга киритдим. Президентимиз ёшларга, жумладан, ёш полвонларга катта ишонч билдириб, миллий курашимизни янада юксалтириш юзасидан алоҳида ғамхўрлик кўрсатаётир. Энг олис ва чекка қишлоқларда ҳам замонавий усулда жиҳозланган болалар спорти иншоотлари барпо этилиб, барча шарт-шароит яратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишлар биз кекса авлод вакиллари зиммасига ёш полвонларни миллий қадриятларимизга хос тарбиялаб, уларнинг маҳоратини янада оширишдан иборатдир.

- Мустақилликнинг дастлабки йилларидан Сурхон воҳасида ҳар икки йилда Президент соврини учун Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган халқаро турнир ўтказилмоқда. Чет эллик меҳмонлар миллий ўйинларимизга қаратилаётган бу даражадаги эътиборни кўриб, ўз ҳайратларини яшира олмаяптилар. Сизнингча, кураш нима?
- Кураш - халқимиз ҳаётида минг йиллардан буён яшаб келаётган ажойиб спорт тури. Лекин унинг ҳозирги мавқеи бўлакча. Спортнинг бу тури дунёнинг кўплаб давлатларида йилдан йилга оммавийлашиб бораётгани жуда қувонарлидир. Қайси халқ бўлишидан қатъий назар, кураш деса, ҳамма бирдек тушинади. Бу ўз навбатида ўзбек халқининг маданияти ва санъати, хусусан, тилининг ҳам кенг ёйилишига сабаб бўлмоқда. Кураш - келажаги бор, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлайдиган спорт тури. Шунинг учун ҳам у дунё халқларини мафтун этмоқда.

Ҳиндистонлик курашчи Маниш Кумар

Қизиқарли ва муросасиз ўтаётган баҳслар жараёнида хориждан ташриф буюрган полвонларнинг ҳам фикрлари билан қизиқдик. Дастлаб ҳиндистонлик курашчи Маниш Кумарни суҳбатга тортдик:

- Ўзбекистон, мусобақага мезбонлик қилаётган Сурхондарё ҳақида фикрларингиз?
- Бу Ўзбекистонга, айнан, Термизга иккинчи марта келиб, кураш мусобақасида иштирок этишим. Халқингиз жуда меҳмондўст, самимий. Термиз шаҳри йилдан йилга ривожланиб, кўркам гўшага айланаётганига гувоҳ бўлдим.

- Бу ерда сизни биринчи бўлиб диққатингизни тортган нарса?
- Бу ерда диққатимни тортган нарса – бу маданиятингиз, бозорларингиз.

- Кураш спорти билан неча йилдан бери шуғилланмоқдасиз?
- Кураш билан 7 йилдан бери шуғулланаман. Бу мусобақага тажриба орттириш мақсадида келдим ва ўзбек курашчиларидан кўп нарса ўрганмоқдаман.

- Юртингизда бу спорт турига бўлган муносабат қай даражада?
- Бизнинг халқимиз ҳам кураш спортига жуда иштиёқманд, ўн минглаб одамлар кураш мусобақаларини томоша қилади. Ўзбек кураши жаҳонга машҳур, жумладан, Ҳиндистонда ҳам. Кураш билан шуғулланувчи инсонлар юртимда жуда кўп ва йилдан йилга ортиб бормоқда.

- Кураш спортига қизиқишингизга ким ёки нима сабабчи бўлган?
- Дастлаб мен дзюдо билан шуғилланганман, кейинроқ курашга бўлган қизиқишим ортиб, бу спорт турини танладим ва шу кунга қадар курашда яхши натижаларга эришиб келмоқдаман.

- Ҳинд аёлларининг курашга бўлган муносабати ва иштироки қандай?
- Ҳинд аёлларининг ҳам курашга бўлган қизиқиши катта. 2011 йил Сурхондарёда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида аёл курашчимиз бронза медални қўлга киритган. Бу спорт турини янада оммалаштиришимиз, халқларни янада кўпроқ жалб қилишимиз лозим. Ўзбек Кураш ассоциацияси бу борада кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда ва бунга катта эътибор қаратмоқда.

 Конго-Браззалик полвон Патана- Гаудард 

Бугун кураш спортнинг энг яхши турларидан бири сифатида дунёнинг беш қитъасини қамраб олмоқда. Навбатдаги суҳбатдошимиз Африка қитъаси Конго-Браззалик полвон Патана- Гаудард бўлди:

- Юртимиз ҳақида фикрларингиз?
- Мен, аввало, юртингизга келганимдан жуда ҳам хурсандман. Халқингизнинг яхши кутиб олганидан миннаддорман. Дарвоқе, бу Ўзбекистонга илк ташрифим бўлади.

- Кураш билан қачондан бери шуғилланиб келмоқдасиз ва бу спорт турига қандай қизиқиб қолгансиз?
- Икки йилдан бери шуғулланаман. Кўриб турибмизки, кураш йилдан йилга ривожланиб боряпти. Ва шу сабаб ҳам мен курашни танладим. Менинг фикримча, бир кун келиб кураш спорти ҳам Олимпия ўйинлари сирасига киритилади, деб ишонаман.





суббота, 18 мая 2013 г.

ТУРНИР ОЛДИДАН МАТБУОТ АНЖУМАНЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

Термиз шаҳридаги муҳташам “Сурхон” спорт мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган XI халқаро турнир бошланиши олдидан 17-18 май кунлари хорижий ва маҳаллий ОАВ ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманининг биринчи кунида Жанубий Корея Кураш федерацияси президенти Ким Эл Жун ҳамда турнир бош ҳаками Муҳаммадреза Нассири Нежад ва турнирнинг ташкилий қўмита вакиллари иштирок этишди. Анжуманда, асосан, ташкилий масалалар ва журналистларни қизиқтирган саволлар юзасидан фикр алмашилди. Ким Эл Жун жаноблари кураш ҳақида гапирар экан ўз шахсий ҳаётида курашнинг тутган ўрни беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди: “Мен курашни жуда севаман, бу қизиқишим туфайли ўзбек тилини ҳам ўргандим. Аниқ айта оламан мен ҳаётимни курашсиз тасаввур эта олмайман. Шуни айтмоқчиманки, мен курашнинг янада ривожланиши учун астойдил ҳаракат қиламан”. Анжуман якунида меҳмонлар журналистларнинг бир қатор саволларига жавоб беришди.

Матбуот анжуманининг иккинчи кунида, Инчеон (Жанубий Корея) да бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари ташкилий қўмитаси аъзоси жаноб Чо Ҳеунг Кеун, Кураш Халқаро ассоциациясининг Франциядаги аъзоси, Франция Кураш федерацияси президенти жаноб Кабос Дуҳамел Бернард иштирок этди.

“Жанубий Кореяда ҳам миллий ўйинлар мавжуд, аммо кураш каби кенг миқёсда нишонланмайди. Юртингизда кураш мусобақаларининг байрам сифатида нишонланишидан, бевосита халқингизнинг кенг кўламли иштирокидан, очиғи, ҳайратдаман” – дейди жаноб Чо Ҳеунг Кеун берилган саволларга жавобан. Шунингдек, Инчеонда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига кураш спорт тури сифатида киритилгани ва айни пайтда мазкур мусобақаларга тайёргарлик жараёни хусусида атрофлича фикр юритди: “2 июльдан 6 июльгача давом этадиган мазкур мусобақада саккиз тоифа бўйича аёллар ҳамда эркаклар ўзаро куч синашадилар ”

Жаноб Кабос Дуҳамел Бернард жорий йилда Францияда кураш бўйича ўтказиладиган IX жаҳон чемпионатига кўрилаётган ҳозирлик тўғрисида маълумот берди. Шу билан бирга, Термиз шаҳри мезбонлик қилаётган халқаро турнирга ҳамда  аёллар курашига ўз муносабатини билдириб ўтди: "Аввало, мен кураш деганда кўз олдимга Амир Темур гавдаланади. Кураш Амир Темур даврданоқ ривожланиб келган, деб ўйлайман. Бу турнирнинг аҳамияти ва нуфузи эса жуда юқоридир. Кураш, асосан, эркаклар спорти, аммо бугунги кунда Францияда аёллар ва болалар ҳам бу спорт турига катта қизиқиш билдирмоқдалар. Шу ўринда, Франция Кураш федерациясини янада кенгайтириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда".

Якунда эса курашнинг оммабоп спорт тури сифатида дунё бўйлаб кенг қулоч ёзгани ҳақида фикр алмашилди.

Гулрухсор ХУДАЙБЕРДИЕВА