среда, 22 октября 2014 г.

ЯРАДОР ИМЛО

3 синф. Она тили фани эди. Устози доскага машқ ёзди. Ҳамма дафтарига ёза бошлади. “bo‘g‘doy” сўзига келганда Ойдин тўхтаб қолди:
- Устоз, битта сўз хато кетибди, “bug‘doy” бўлмайдими? – (аниқ шундайлигини билса ҳам, “шундай бўлмайдими” дейиш устозга қарата “шундай бўладику” дейишдан юмшоқроқ, одоблироқ экани учун).
Синфда шовқин кўтарила бошлади. устоз ёзганига ишонади-да ўқувчилар ҳам: “bo‘g‘doy” бўлади, “bo‘g‘doy” бўлади... Устоз зум ўйланди-да:
- Йўқ, “bo‘g‘doy” деб ёзилади, - деди. 
Шу билан муҳокама тугади: бир овоздан “bo‘g‘doy” сўзи тасдиқланди. Ойдин ҳам исботлай олмаган фикрида қолаверди.

воскресенье, 19 октября 2014 г.

* * *

Бундан анча йил аввал дадам қийналиб қолган бир одамга: “Қўлингдан келса, косиблик қил”, - дея маслаҳат берганларида у бу ишдан ор қилгани ёдимда. Бугун Юнусобод деҳқон бозорига кетаётиб, чорраҳалардан бирида пойафзал тикаётган ўрта ёшлардаги аёл кишини кўриб, шу воқеа эсимга тушиб кетди. (Қолаверса, умримда аёл кишини косибликда кўрмаганим сабабли, бу касб билан фақат эркаклар шуғулланади, деб ўйлар эканман шу вақтга қадар).

Инсон зоти синоат-да: очидан ўлиб қолса ҳам, ғурури туфайли мардикорлик, косиблик қилишдан, писта сотишдан ор қилади ва ё тўрт мучаси соғ, усти бут бўлса ҳам, эртадан кечгача қўлини садақага очиб туришдан тортинмайди ё йўқчиликдан турли эгри йўллар (ўғрилик, фоҳишалик, порахўрлик) га  киришга мажбур бўлади. “Мажбур бўлади”, “мажбур бўлибди” дейиш, менимча, тўғри ҳам эмасдек.

понедельник, 13 октября 2014 г.

ИБРАТ

Ёмғир томчилашни бошлади... Менинг “ёмғир”им ҳам ёғай-ёғай деб турибди қароқларимда. Ўйловлардан бўғзимга аччиқ бир нарса тиқилиб, юрагимда қайнаб ётган вулқон отилиб кетди... 

Дардга чўмиб турган инсоннинг қайғуларини она табиат олади, дейишади: осмоннинг узоқ нуқталарига ёки борлиққа термулиб турсанг, бироз енгиллик ҳис қиласан. Шу мақсад-ла деразадан қараб турганимда, тўсатдан биринчи қаватдаги қўшнимизникида ишлаётган иккита устага кўзим тушди: шу совуқ ҳавода, яна ёмғир остида  футболкачанг, оёқяланг лойга беланиб ишлаяпти. Адашмасам, томорқага тўкилган тупроқни белкурак билан яйратиб, ерни текислашяпти. У тупроқ ҳам ивиб, бир қисми лойга айланиб улгурган. Бир раҳмим келиб, бир ажабланиб кузатиб турдим. Шундай бўлса ҳам юзларида норозилик ёки ҳафалик аломатларини кўринмадим – яна ажабланаман... Биттаси ёмғир сирпанчиқ қилган лойга тойиб, йиқилиб тушди. Усти баттар лой бўлди. Ўрнидан туриб яна ишлашда давом этди…

Биласизми, бу борлиқнинг манга айтмоқчи бўлган гапи, ибратидир балки. Ҳар ҳолда, ман буни шундай қабул қилдим:

вторник, 26 августа 2014 г.

МУНОСАБАТ

Ассалому алайкум, азиз ўқувчи! Анчадан бери блогпост ёзмай қўйдим, боиси мен журналистиканинг бошқа соҳалари (телевидение, радио, босма нашрлар) да ўзимни синаб кўриш билан банд бўлдим. Яқин инсонларимнинг тўйи муносабати билан узоқ муддат она шаҳримга кетишимга ва дадамнинг тавсиялари билан амалиётни ҳам вилоят телевидениесига олишимга тўғри келди. Бундан афсусланмайман. Вақтим зое кетмади: керакли билимларни олдим. Нималардир қўлимдан кела олишига ишондим, зеро ўз-ўзига бўлган ишонч инсон учун энг керакли нарса: орзуларнинг амалга ошиш-ошмаслиги ҳам айнан шу туйғунинг кучига боғлиқ.

Бир ойдан ошиқроқ амалиётим давомида ҳаммаси қизиқ эди: сценарий ёзиш, съёмка, монтаж, кадрларнинг сўзлар билан уйғунлиги… Лекин блогпост ёзишимга булар сабаб бўлгани йўқ.

вторник, 3 июня 2014 г.

ИЛК МАРОТАБА ЎТКАЗИЛГАН «UZNET УММОНИ» КОНФЕРЕНЦИЯСИНИНГ ИЛК СОНИ ҲАҚИДА

Илк маротаба ўтказилган «Uznet уммони» конференциясининг илк сони 31 май, шанба куни Тошкент ахборот технологиялари университети кичик мажлислар залида бўлиб ўтди. Мулоқот сайтлар тармоғи ва ТАТУ томонидан MaxTrack компанияси, Technecy компанияси ҳамда Kun нашри билан ҳамкорликда ташкил этилган анжумандан матнли онлайн Кун нашрида ташкил қилинди. Конференция интернетнинг ўзбек тилида мулоқот қилувчи қисмига йўналтирилган лойиҳаларга бағишланган. Бу ҳақда Kun.uz ва Daryo.uz интернет нашрлари расмий равишда тўлиқ хабар беришди. 

Аввал Уммон давлати бор эди, кейин “Уммон” гуруҳи чиқди. Энди эса – “Uznet уммони” конференцияси??? О.о (с)
 Конференция ибтидосида ташкилотчи Фарҳод Файзуллаев ушбу лойиҳани нима учун “Uznet уммони” дея атаганига изоҳ берар экан: “Уммон сўзини эшитганда, кўз олдимизга фақат қўшиқчилар келиши керак эмас. Очиғини айтганда,  Uznet уммон бўлишига ҳали олдинда босиб ўтишимиз лозим бўлган анча йўл бор” – дея ушбу номни яхши ният ила танлаганини, Uznet уммон даражасига чиқиши лозимлигини айтиб ўтди. 
Шунингдек, конференцияни очиб бераётган Фарҳод Файзуллаев “Конференция монолог шаклида ўтиши керак эмас, ҳатто маърузани бўлиб ҳам савол беришларингиз мумкин, савол-жавоб тарзида эркин мулоқотни ташкил этайлик”, – деб турган ҳам эдики, залдаги тингловчилардан бири Аъзам Маҳмудов ўзларига “ташлаб қолди”:

вторник, 6 мая 2014 г.

ЎЗБЕК АЁЛИ ТИМСОЛИ

Оила муқаддас даргоҳ. Уни ҳар ким ҳар хил тушунади, ўз дунёқараши, феълидан келиб чиққан ҳолда қабул қилади. Баъзилар оила юки фақат эркак киши учун, бу унинг вазифаси, деса, баъзилар эса ўзгача фикрда: бу муқаддас даргоҳда эр-хотин қўш ҳўкиз бўлиб, аравани бирга тортишлари, бир-бирларига мададкор бўлиб, машаққатларга чиройли сабр қилишлари лозим, дейди.

Оилада аёл кишининг ўрни ҳақида сўз борганда, дунё ўзбек аёлларининг метин иродасига, сабр-матонати билан йўқдан бор қилишига, ўрни келганда, бир умрлик орзуларидан оғринмасдан кечиб, ўзини оиласи, фарзандларининг камоли учун бағишлашига сўзсиз тан беради, ҳатто ҳайратга тушади, ажабланади.

Ўзбек аёли бахт тушунчасини оиласи, фарзандлари билан боғлайдики, уларнинг бу борадаги фикрлари, дунёқарашлари сув юзида сузиб юрган ёғ томчисидек ўзгача.

вторник, 15 апреля 2014 г.

ЎЗБЛОГГЕРЛАР ЧЕМПИОНАТИ ТАҚДИМОТИ ТАФСИЛОТЛАРИ ВА ФОТОШАРҲЛАР

Хабарингиз бор, 12 апрель куни Тошкент шаҳрида жойлашган “UZINFOCOM” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш марказида ЎзБлоггерлар ўртасида илк маротаба ўтказилган чемпионат ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жамшид Машраповнинг пости, "ДОИМ ОНЛАЙН" сайтидаги "Блоггерлар чемпионати тақдирлов маросими хақида. Ўзимча талқин….." блогпости ва matrix-uz.com сайтидаги "Uzbloggerlar чемпионати ғолиблари тақдирландилар" номли мақоласида  батафсил хабар берилди.

Бир ярим соатдан ортиқ давом этган тақдирлаш маросимида 30 га яқин киши: блоггерлардан Муҳрим Аъзамхўжаев, Диёр Имомхўжаев, Аброр Қодиров, Санжар Рустамов, Жамшид Холиқулов, Муҳаммад Мадраҳимов, Динара Дўлтаева, Соҳиба Ҳайитбоева ва камина Гулрухсор Худайбердиева; ташкилотчи Хушнудбек Худайбердиев; ҳакамлар раиси Тўлқин Юсупов; ҳомийлардан – Muloqot ижтимоий тармоғи ва Daryo интернет-нашрининг раҳбари Фарҳод Файзуллаев, Азизхон Алижонов; “UZINFOCOM” маркази ходимларидан Толиб Мирзақулов, Евгений Скляревский, Диля Ҳасанова, Зумрад Шажалилова; кузатувчилардан  Тўйчи Рўзибоев, Жамшид Машрапов, Бекзод Хўжаназаров ва бошқалар иштирок этишди. 

Иккинчи ўрин совриндори Иноятхон Содиқова хорижда бўлганликлари сабабли, ўринларига волидаи муҳтарамалари ҳамда холалари иштирок этиб, дуолари, ўз фикр-мулоҳазалари ила даврага файз киритиб турдилар.

Тақдирлаш маросимини олиб брган чемпионат ташкилотчиси Хушнудбек Худайбердиевнинг ҳазил-мутойибалари маросимга кўтаринки руҳ, йиғилганларга енгил табассум ҳадя этди.