Илк маротаба ўтказилган «Uznet уммони» конференциясининг илк сони 31 май, шанба куни Тошкент ахборот технологиялари университети кичик мажлислар залида бўлиб ўтди. Мулоқот сайтлар тармоғи ва ТАТУ томонидан MaxTrack компанияси, Technecy компанияси ҳамда Kun нашри билан ҳамкорликда ташкил этилган анжумандан матнли онлайн Кун нашрида ташкил қилинди. Конференция интернетнинг ўзбек тилида мулоқот қилувчи қисмига йўналтирилган лойиҳаларга бағишланган. Бу ҳақда Kun.uz ва Daryo.uz интернет нашрлари расмий равишда тўлиқ хабар беришди.
Аввал Уммон давлати бор эди, кейин “Уммон” гуруҳи чиқди. Энди эса – “Uznet уммони” конференцияси??? О.о (с)
Конференция ибтидосида ташкилотчи Фарҳод Файзуллаев ушбу лойиҳани нима учун “Uznet уммони” дея атаганига изоҳ берар экан: “Уммон сўзини эшитганда, кўз олдимизга фақат қўшиқчилар келиши керак эмас. Очиғини айтганда, Uznet уммон бўлишига ҳали олдинда босиб ўтишимиз лозим бўлган анча йўл бор” – дея ушбу номни яхши ният ила танлаганини, Uznet уммон даражасига чиқиши лозимлигини айтиб ўтди.
Шунингдек, конференцияни очиб бераётган Фарҳод Файзуллаев “Конференция монолог шаклида ўтиши керак эмас, ҳатто маърузани бўлиб ҳам савол беришларингиз мумкин, савол-жавоб тарзида эркин мулоқотни ташкил этайлик”, – деб турган ҳам эдики, залдаги тингловчилардан бири Аъзам Маҳмудов ўзларига “ташлаб қолди”:
Оила муқаддас даргоҳ. Уни ҳар ким ҳар хил тушунади, ўз дунёқараши, феълидан келиб чиққан ҳолда қабул қилади. Баъзилар оила юки фақат эркак киши учун, бу унинг вазифаси, деса, баъзилар эса ўзгача фикрда: бу муқаддас даргоҳда эр-хотин қўш ҳўкиз бўлиб, аравани бирга тортишлари, бир-бирларига мададкор бўлиб, машаққатларга чиройли сабр қилишлари лозим, дейди.
Оилада аёл кишининг ўрни ҳақида сўз борганда, дунё ўзбек аёлларининг метин иродасига, сабр-матонати билан йўқдан бор қилишига, ўрни келганда, бир умрлик орзуларидан оғринмасдан кечиб, ўзини оиласи, фарзандларининг камоли учун бағишлашига сўзсиз тан беради, ҳатто ҳайратга тушади, ажабланади.
Ўзбек аёли бахт тушунчасини оиласи, фарзандлари билан боғлайдики, уларнинг бу борадаги фикрлари, дунёқарашлари сув юзида сузиб юрган ёғ томчисидек ўзгача.
Хабарингиз бор, 12 апрель куни Тошкент шаҳрида жойлашган “UZINFOCOM” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш марказида ЎзБлоггерлар ўртасида илк маротаба ўтказилган чемпионат ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жамшид Машраповнинг пости, "ДОИМ ОНЛАЙН" сайтидаги "Блоггерлар чемпионати тақдирлов маросими хақида. Ўзимча талқин….." блогпости ва matrix-uz.com сайтидаги "Uzbloggerlar чемпионати ғолиблари тақдирландилар" номли мақоласида батафсил хабар берилди.
Бир ярим соатдан ортиқ давом этган тақдирлаш маросимида 30 га яқин киши: блоггерлардан Муҳрим Аъзамхўжаев, Диёр Имомхўжаев, Аброр Қодиров, Санжар Рустамов, Жамшид Холиқулов, Муҳаммад Мадраҳимов, Динара Дўлтаева, Соҳиба Ҳайитбоева ва камина Гулрухсор Худайбердиева; ташкилотчи Хушнудбек Худайбердиев; ҳакамлар раиси Тўлқин Юсупов; ҳомийлардан – Muloqot ижтимоий тармоғи ва Daryo интернет-нашрининг раҳбари Фарҳод Файзуллаев, Азизхон Алижонов; “UZINFOCOM” маркази ходимларидан Толиб Мирзақулов, Евгений Скляревский, Диля Ҳасанова, Зумрад Шажалилова; кузатувчилардан Тўйчи Рўзибоев, Жамшид Машрапов, Бекзод Хўжаназаров ва бошқалар иштирок этишди.
Иккинчи ўрин совриндори Иноятхон Содиқова хорижда бўлганликлари сабабли, ўринларига волидаи муҳтарамалари ҳамда холалари иштирок этиб, дуолари, ўз фикр-мулоҳазалари ила даврага файз киритиб турдилар.
Тақдирлаш маросимини олиб брган чемпионат ташкилотчиси Хушнудбек Худайбердиевнинг ҳазил-мутойибалари маросимга кўтаринки руҳ, йиғилганларга енгил табассум ҳадя этди.
“Ҳечдан кўра кеч” деганларидек, Samsung Galaxy S5 тақдимоти ҳақида ўз фикрларимни ёзишга қарор қилдим. Ўзига хос сабабларим кеч ёзишимга баҳона бўлиб қолди.
Очиқ осмон остида ўтаётгани ҳамда беқарор об-ҳавони ҳисобга олган компания ходимлари кириш эшиги олдида ҳар бир ташриф буюрувчини махсус курткалар билан таъминлади. Қолаверса, ҳар бир ўриндиқ устидан ҳам ташриф буюрувчилар учун гиламча ва яна шундай ёмғирга мўлжалланган целлофан курткалар жой олди. Бу ёғиши аён бўлган ёмғир остида қандай қилиб тақдимотнинг бадиий, интерфаол қисмини кузатишни ўйлаётганлар учун (шахсан мен учун ҳам) айни муддао эди.
Бундан ташқари, ташриф буюрувчиларга компания белгиси туширилган махсус кепка ва футболкалар совға қилинди.
Дунёда ота-онанинг фарзандга, фарзанднинг ота-онага бўлган муҳаббати муҳаббатларнинг сарбонидир. Вақт ғилдираклари тиним билмай айланади, ёшлик, навқиронлик баҳор сингари келиб кетади, бахт куртак ёзиб, мева беради... Ҳамма нарсаси етарли, ташқи тарафдан қараганда бахтлидек эди гўё. Аслида ҳам шундай бўлган. Аммо... Аммо юрагининг бир четида кемтик бор, кимдирнинг меҳри етишмас, соғинч ғалаён қиларди. Ҳаётининг хазонли кунлари, изғиринли аёзларида ҳам, бахтда ҳам, кулфатда ҳам, у кемтик тўлмади, ҳеч ким тўлдира олмади. Турмуш ўртоғи, фарзандларию, дўсту биродарларининг ўрни бошқа. Отасининг ўрнида эса бўшлиқ. Бир кам дунё.
-Отажоним, қайлардасиз, қаерлардасиз...
Отаси билан сўнгги маротаба кўришган соҳилдан умрининг сўнгги кунига қадар умид уза олмади. Умиди отаси билан бир қайиқда сузиб кетган болалик чоғларидаёқ. Ўшандаги кун отмас бўлиб ботганини ич-ичидан сезса ҳамки, тан олгиси келмади, умид узмади. Умиднинг мустаҳкам, чайир туйғу эканлигини шу инсонга умр бўйи хизмат қилиб, табиатнинг ҳар қандай инжиқликларига қарамай мени соҳил томон етаклаб борган дамларидаги узоқ нуқталарга термулган соғинчли кўзларидан англадим. Мен чарчадим соҳилга ҳадеб боришдан, аммо унинг умиди чарчамасди. Қайтиб турмас бўлиб йиқилдим охири. Умид эса мен, метиндан-да мустаҳкам эканлигини исботлади. Ҳатто денгиз ҳам вақт чархпалаги остида янчилди, қуриди, аммо умид қуримади.
Қудратли йиллар жажжи қизалоқни кекса қарияга айлантирди. Агар умид сўнганида, у балки бунчалик узоқ умр кўрмасдимиди... Умид уни асради. Бир умр интизор бўлиб қайтишини кутган қайиқ қолдиқларини топганида, худди отасининг бағрида ётгандек қайиқда жон бераётганида, у хотиржам эди. Кўнгли таскин топди, кемтиклар тўлди... У шундай ўлимни хоҳлаган эди... Дунё унга раво кўрмаган отасининг меҳрига ниҳоят ўзга дунёда бўлса-да эришди.
(Юқоридаги фикрлар бир умрнинг бевосита гувоҳи бўлган велосопед тилидан ёзилди)
Юлдуз Усмонова санъат оламининг ҳақиқий юлдузи, қўшиқларини хушламайдиган кўнгил топилмаса керак. Шу йилги “Ёнингдаман” деб номланган альбом тақдимотини кўриб бунга яна бир бор амин бўлдим. Шахсан ўзим санъаткорнинг ашаддий мухлисасиман. Альбомдан жой олган ҳар бир қўшиқ ўзгача, жозибадор. Аммо альбом тақдимотида бир муаллиф ҳуқуқларининг поймол этилганлиги ачинарли ҳол.
Юлдуз Усмонова “Девоналармиз” деб номлаган қўшиғини Ренис Мешаян ёзган деб эълон қилди. “Арман миллатига мансуб бўлишига қарамай, соф ўзбек тилида шеърлар ёзади”, “ўзбек шоирларига қалпоқ қилиб қўйди” ва ҳоказо гаплар айтилди. Тақдимотни олиб борган бошловчилардан бири, тақдимот ташкилотчиси бўлмиш Sayyod.com сайти муаллифи Сардор Комилов эса қўшимча қилиб: “Энг қизиғи, Ренис бу шеърини 12 ёшида ёзган экан”, дея маълумот берди. Лўттибозлик санъати ҳам Аллоҳ томонидан бир инъом эканлигини ва бу “санъат” ҳар кимга-да насиб этмаслигини Ренис Мешаяннинг сўзлаган “ажойиб” нутқидан англайди киши.
Қани айтингчи, икки инсоннинг шеъри нуқта вергулигача ўхшаши, шаклан бир хил бўлиши мумкинми?! Кўриб, ҳайрон қолдим. Энг қизиғи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси сайтида ҳам, бошқа тўпламларда (“Кафтдаги ниҳол” адабий-бадиий нашрида) ҳам Ренис Мешаяннинг шеърлари орасида бу шеърни умуман учратмадим.
Сўзга масъулиятли журналист қайси манбага асосланиб бу маълумотни берди? Ҳали она сути оғзидан кетмаган 12 ёшли бола бундай маънодор, фалсафий, мушоҳадага бой шеър ёзиши мантиққа тўғри келмайди, биринчидан.
Бу нафақат муаллифлик ҳуқуқининг поймол этилиши, балки очиқдан очиқ халқнинг кўзини бўяш эмасми?!
Юлдуз Усмонова халқчил, меҳнатни қадрлайдиган санъаткор. Буни альбом тақдимотидаги: “Яратилган ҳар бир қўшиқнинг ортида кўплаб инсонларнинг меҳнати бор, бу бир кишининг меҳнат маҳсули эмас. Барчаларининг исмларини баландроқ айтинглар”, - дея журналистларга қилган хитобида ҳам кўриниб турибди. Жуда кўп санъаткорлар шоирлар меҳнатини бу қадар таъкидлаб, уларга урғу бериш у ёқда турсин, ҳатто кўшиқлари остига сатр муаллифининг исм-шарифини-да қистириб ўтишни “унутиб” қўяётган бир пайтда, Усмонованинг бу иши диққатга лойиқ деб биламан. Аммо меҳнатни шу қадар улуғлаётган санъаткорнинг альбом тақдимотида бу хато қандай содир бўлди?
Иккинчидан, Ренис Мешаяннинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси сайтида эълон қилинган шеърлари нинг савияси ўртача даражада. Қолаверса, бутун халқ олдида маданиятли сўзлашни эплай олмаган одамнинг дунёқараши билан ушбу шеър дунёқараши умуман мос келмайди.
Учинчидан, Юлдуз Усмонова янги альбомидан ўрин олган қўшиқлари борасида берган интервьюларини ўрганиб чиқдим: мазкур қўшиқ ҳақида корреспондентнинг сатрлар кимнинг қаламига мансуб дея берган саволига, санъаткор шеър муллифини билмаслигини, студияга кўп инсонлар шеърлар ташлаб кетишини, ҳатто ушбу шеър муаллифи тирик ёки тирик эмаслигидан ҳам бехабар эканлигини, шеър бир неча йиллар муқаддам ёзилган эканлигини айтган. Аммо альбом тақдимотида Ренис Мешаянни муаллиф сифатида эълон қилиб, шеърнинг яратилиш тарихини яратишди. Бу икки хилликни қандай тушуниш мумкин?
Тўртинчидан, ёши элликдан ошган шоир фарзанди тенги болакайнинг интелектуал мулкини ўзлаштириши ақл бовар қилмас, кулгидан бошқа нарса эмас.
Икки инсон ижодини ўрганиб, кўриб чиққан киши шеър муаллифи, аслида, ким эканлигини, ким қай даражада ёзишга қодир эканлигини англайди. Чунки, руҳий олам, характер, дунёқараш сатрларда яққол кўзга ташланади.
Юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш, чора кўриш ҳамда муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган муносабатларни тартибга солиш учун “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни МАВЖУД.
Шеър муаллифлиги бўйича Юлдуз Усмонованинг расмий сайти ҳамда тақдимот ташкилотчисининг сайтига йўллаган мактубимга жавобан китобнинг асл варианти билан студияга келишимни, бу масалани ҳал қилиб беришларини айтишди.
16 март куни белгиланган вақтда Sayyod.com студиясига бордим. Воқеанинг қолган тафсилотларини Sayyod.com сайти ёритди.
Халқ орасида шарманда бўлишдан уялган одам бировнинг шеърини ўзлаштириб, меники деганида уялмаган эканку... Сохта обрў ҳеч қачон ҳеч кимга бахт олиб келмайди. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади.